Ўзбекистон | 10:09 / 24.10.2019
94834
4 дақиқада ўқилади

Аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот берилди

Фото: KUN.UZ

2019 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2,2 млн сўмни ташкил этди.

Давстатқўм хабарига кўра, бу кўрсаткич иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи ва касаба уюшмасига тўловларни қамраб олган бўлиб, рақам 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 31,2 %га ўсди.

Таълим соҳасида 23 298 та муассасада 1,01 млн ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 15,9 трлн сўмни ташкил этган. Соҳада ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1,7 млн сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 36,7 %га ошган. 

Таълим соҳаси бўйича қатор ҳудудларда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг юқори кўрсаткичлари кузатилди. Республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақига нисбатан сезиларли юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри - 29,9 %, Тошкент вилояти 3,2 %, Жиззах вилояти - 1,9 % ва Наманган вилояти - 1,2 % ҳиссасига тўғри келган. Республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан сезиларли паст кўрсаткичлар Сурхондарё - 5,6 %, Хоразм - 4,5 %, Фарғона - 2,1 % ҳамда Қашқадарё - 0,2 % вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Саноат соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткичлар Навоий вилояти - 22,7 %, Тошкент шаҳри - 15,4 %, Қорақалпоғистон Республикаси - 12,6 % ва Тошкент вилояти - 5,5 % ҳиссасига тўғри келган. Иш ҳақининг нисбатан паст кўрсаткичлари Сурхондарё, Наманган - 3,3 % Жиззах - 2,9 %, Сирдарё - 2,8 % вилоятлари ҳиссасига тўғри келди. 

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри 18,6 %, Бухоро вилояти 11,9 %, Қорақалпоғистон Республикаси 11,0 % ва Сирдарё вилояти 9,0 % ҳиссасига тўғри келган. Иш ҳақининг нисбатан паст кўрсаткичлари Навоий - 5,7 %, Фарғона - 4,5 %, Тошкент - 3,4% ҳамда Қашқадарё - 0,9 % вилоятларида кузатилди. 

Ташиш ва сақлаш соҳасидаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрилса, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида - 21,2 % кузатилди, шунингдек, республика даражасидан юқори кўрсаткичлар Бухоро вилоятида кузатилди. Республика кўрсаткичидан сезиларли даражада паст ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичи Сирдарё - 3,1 %, Жиззах - 1,6 %, Самарқанд ҳамда Андижон - 0,3 % вилоятларида кузатилди 

Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятидаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичи республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан кўриб чиқилганда энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида 31,0 % кузатилди. Иш ҳақининг сезиларли паст кўрсаткичлари Тошкент 6,9 %, Сирдарё 6,5 %, Қашқадарё 5,0 ва Сурхондарё 4,6 % вилоятлари ҳиссасига тўғри келди. 

Республика бўйича 2019 йил январь-сентябрь ойларида 2018 йилнинг мос даврига нисбатан иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг юқори ўсиш суръати яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда, таълимда, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида, ахборот ва алоқада, қурилишда ва саноатда эканлиги кузатилди. 
 

Мавзуга оид