Иқтисодиёт | 17:05
824
5 дақиқада ўқилади

Касблар кесимида ойликлар қандай ўзгаряпти?

Ўзбекистонда ўртача расмий ойлик сўнгги 4 йилда икки баробарга ошди. Албатта, бу катта ютуқ. Аммо иш билан банд аҳолининг учдан икки қисмида иш ҳақининг ўсиши ўртача кўрсаткичдан орқада қоляпти. Масалан, қайта суғурталаш соҳасидаги ўртача ойликлар мактабгача таълим соҳасига нисбатан 9,8 баробарга баланд. Тўрт йил олдин бу фарқ 5,9 баробар эди.

Ўзбекистон иқтисодиёти йилдан йилга катталашиб боряпти. Буни статистик рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Масалан, 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 825 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 фоизга ошди.

Хўш, бу ўсиш алоҳида соҳалар кесимида қандай кўриниш олмоқда?

Кимларнинг ойлиги тез ўсяпти?

Охирги 4 йиллик даврни оладиган бўлсак, Ўзбекистондаги ўртача ойликлар 2 баробарга кўпайиб, 3 млн 417 минг сўмдан 6 млн 826 минг сўмга етди.

Аммо, бу ердаги рақамлар меҳнат бозоридаги реалликни аниқ ва тўлиқ акс эттирмайди. Чунки 6,8 млнлик ўртача рақамга кичик фирмалар ва қишлоқ хўжалиги корхоналаридаги маошлар қўшилмайди. Охирги маълумотларга кўра, умумий Ўзбекистондаги банд аҳоли – 14 млн 934 минг киши. Шундан 21 фоизи ёки 3 млн 132 минг киши қишлоқ хўжалиги секторида ишлайди. Ушбу тармоқда ўртача ойликлар эса анча кам – 3 млн 506 минг сўм. Агар барча банд аҳоли даромадлари ҳисобга олинса, мамлакатдаги ўртача маошлар сезиларли камроқ бўлиши мумкин.

Статистика қўмитаси 19 та гуруҳга бўлган ҳолда, иқтисодий фаолият турлари бўйича ҳам ўртача ойликларни ҳар чоракда янгилаб боради. Хусусан, 2022-2026 йилларнинг биринчи чораги якунлари бўйича маоши энг юқори ўсган соҳа вакиллари – кўчмас мулк билан операциялар қилувчилар. Уларнинг ўртача даромади 2,8 баробарга ошган. Шунингдек, давлат бошқаруви ва мудофаа соҳасидаги ходимларнинг ойликлари 2,6 баробарга, ахборот ва алоқа секторида эса 2,5 баробарга кўпайган.

Аксинча, қурилиш (+54 фоиз), тоғ-кон саноати (+64 фоиз) ва қишлоқ хўжалиги соҳасида (+64 фоиз) даромадлар ўсиши анча паст бўлган. Ишлаб чиқариш (+76 фоиз), соғлиқни сақлаш (+77 фоиз), таълим (+83 фоиз), санъат (+89 фоиз) ҳамда улгуржи ва чакана савдо (+99,4) соҳаларида ҳам ўртача ойликлар мамлакат миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан камроқ ўсган. Мазкур хатбошида санаб ўтилган тармоқларда жами 10 млн 11,2 минг киши меҳнат қилади. Яъни умумий банд аҳолининг 67 фоизида ёки учдан икки қисмида ойликнинг ошиши республикадаги ўртача кўрсаткичдан турли миқдорларда кам бўлган.

Бу нега ёмон?

Инфляциянинг юқори даражаси ёки унинг тез суръатлар билан ўсиши – даромади пастроқ аҳоли қатламларига нисбатан оғирроқ зарба беради. Яъни нархларнинг ошишидан камбағаллар кўпроқ азият чекади. Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатларда паст даромадли аҳоли топаётган пулининг асосий қисмини бирламчи истеъмол маҳсулотлари – озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал тўловлар ва транспорт харажатларига сарфлайди.

Масалан, юқорида ойликлар ҳисобланган даврни оладиган бўлсак, умумий инфляция 42 фоизни ташкил қилган. Тўғри, бу исталган соҳадаги даромадлар ўсишига нисбатан паст кўрсаткич. Аммо бу даврда гўшт, тухум, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи нархларининг ошиши умумий инфляциядан каррасига юқори бўлди. Узоқ йиллардан бери озиқ-овқат нархларининг ошиши баланд бўлиб қоляпти. Шу жиҳатдан даромадининг 60 фоиз қисмини озиқ-овқатга сарфлайдиган паст даромадли инсон, даромадининг 20 фоиз қисмини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлайдиган бойроқ инсонга нисбатан инфляцияни кўпроқ ҳис қилади, нархларнинг ошиши унинг фаровонлигини кўпроқ пасайтиради.

Натижада, маош рақамларда кўпайган бўлса-да, харид қобилияти кутилган даражада ошмайди. Жумладан, таълим соҳасидаги ойликлар 2022 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, ўртача ойликларнинг 73,5 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 68 фоиз бўлган. 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, ушбу икки сектордаги маошларнинг ўртача маошга нисбати мос равишда 67,6 фоиз ва 60,2 фоизгача қисқарган. Масалан, қайта суғурталаш соҳасидаги ўртача ойликлар мактабгача таълим соҳасига нисбатан 9,8 баробарга баланд. Тўрт йил олдин бу фарқ 5,9 баробар эди.

Кам даромадли оилаларда харид қобилиятининг пасайиши нафақат ижтимоий, балки макроиқтисодий жиҳатдан ҳам хатарли. Одамларда ортиқча пул қолмаса, улар асосан озиқ-овқат сотиб олиш билан чекланади. Натижада бошқа товарлар – маиший техника, кийим-кечак, хизматлар савдоси секинлашади. Бу эса ишлаб чиқариш ва чакана савдони турғунликка етаклайди.

Шунингдек, реал даромадларнинг нисбий пасайиши кундалик эҳтиёжларни қоплаш учун истеъмол кредитлари ва микроқарзлар олишга рағбатни кучайтиради. Бундай қарз юкининг ортиши эса яшаш шароитини ёмонлаштириб боради.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда “яширин иқтисодиёт” улуши ҳали ҳам юқори бўлгани сабабли, бир қатор соҳаларда қоғоздаги ва реал даромадлар ўртасида сезиларли фарқ бўлиши мумкин.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид