Жаҳон | 15:19 / 11.09.2025
9322
6 дақиқада ўқилади

“Агар НАТО юмшоқ жавоб берса, Россиянинг кейинги қадамлари кескинроқ бўлади” — сиёсатшунос

НАТОнинг эҳтимолий суст жавоблари Ғарб бирдамлигини заифлаштириши мумкин. Бир томондан эҳтиёткорлик ҳарбий тўқнашувнинг олдини олишга қаратилган бўлса, бошқа томондан демократик тамойиллари ва кучли мухолифат ҳукуматларни кескин қарорлар қабул қилишдан тийиб туради. Натижада шаклланган вазият Россияни янада дадилроқ ҳаракат қилишга ундамоқда.

“Геосиёсат”да таҳлилчилар НАТО-Россия атрофидаги сўнгги зиддиятни муҳокама қилишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

 

НАТОнинг суст жавоби Ғарб бирлигининг заифлашуви ва Россия провокацияларининг кенгайишига олиб келмайдими?

Шуҳрат Расул: Албатта шундай бўлади. Биз ҳозирнинг ўзида ҳам бунга гувоҳ бўляпмиз: уруш бошланганидан бери провокациялар тобора кучайиб бормоқда. Сабаби эса НАТО Россия билан бевосита ҳарбий тўқнашувни истамайди. Бунга биринчи сабаб эҳтиёткорликдир. Иккинчи сабаб эса НАТО давлатларининг барчаси демократия асосида яшайди. Бу мамлакатларда инсон қадри энг олий даражада туради. Бундан ташқари, демократияларда доимо кучли мухолифат мавжуд. Улар ҳукумат ҳали урушга аралашмасидан туриб ҳам қарши чиқмоқда: “Биз бунга аралашмаслигимиз керак, маблағ бермаслигимиз керак, бу уларнинг ўз масаласи, Украинага ёрдам шарт эмас”, – дея ҳукуматларни танқид қилмоқда. Агар масала бевосита ҳарбий тўқнашув даражасига чиқса, мухолифат янада кескин бош кўтаради. Масалан, фронтдан келган илк қурбоннинг ўзи оппозиция учун “байроқ” бўлади. Улар “Биз кимнинг манфаатлари учун жанг қиляпмиз? Ахир улар билан тотув яшаётган эдик-ку, арзон газдан фойдаланиб келаётгандик-ку”, – дея ҳукуматни ағдаришга уринади.

Россия буни жуда яхши тушунади. Масалан, Озарбойжон бўйича бир неча провокациялар адекват жавоб туфайли давом этмади. Европалик сиёсатчилар эса аксинча, вазиятни юмшатишга уриняпти: “Бу ҳеч кимга зарар етказмади, одам ўлмади”, – дейишмоқда. Шу нуқтайи назардан, сизнинг саволингизга жавобан айтиш мумкинки, Россия келажакда НАТО давлатларига қарши провокацияларни кучайтириши эҳтимолдан холи эмас.

НАТО ва Россия ҳарбий ҳаво кучларининг қудратида фарқлар қандай?

Абдували Сойибназаров: Ҳақиқатда кучлар нисбатига қаралганда, НАТОнинг қудрати устун. Масалан, ҳатто Ф-16 самолётининг эски версияси ҳам Россиянинг кўплаб самолётларидан аниқроқ нишон олиш қобилиятига эга ва замонавий қуроллар билан жиҳозланган.

Иккинчидан, тажриба ва тайёргарлик даражаси ҳам муҳим омил. НАТО учувчилари ва ҳарбий хизматчилари Россия аскарларига қараганда анча малакали. Улар дунёнинг исталган ҳудудида ҳарбий операциялар олиб бора олади, Россия эса асосан ўз чегаралари яқинида фаолият юритади. НАТОда молиявий ресурслар кўплиги сабабли учувчилар кўпроқ машғулот ўтказиши, узоқ соатлик парвозлар қилиши мумкин. Молиявий кўрсаткичларда ҳам фарқ жуда катта. Россиянинг йиллик ялпи ички маҳсулоти қарийб 2 триллион доллар бўлса, АҚШнинг фақат Техас штати иқтисодиёти 2.709 триллион доллар бўлган. Россиядан тахминан 12% га катта. Шунинг учун НАТО билан Россия имкониятларини солиштириш қийин. Россия Эрон, Шимолий Корея ва Хитойдан ёрдам олаётганини инобатга олсак ҳам, оддий қуроллар билан тўқнашувда унинг талафотлари катта бўлиши мумкин. Россияни ҳозирча сақлаб турган ягона омил ядровий қуролдир. Чунки ядровий уруш хавфи бутун инсоният учун фалокат бўлиши мумкин. Россия-Украина урушида ҳам кўриб турибмизки, НАТО ва Россия қуроллари тўқнашганида, самолётлар, артиллерия ва айниқса дронлар соҳасида Ғарб анча устун. Албатта Россия сон жиҳатидан кўпроқ дронга эга, бироқ улар эскирган технологияга асосланган: учаётганда баланд мотор овоз чиқариб, ўзини ошкор қилиб қўяди. Украина ва Ғарб ишлаб чиқарган дронлар эса замонавий технологиялар туфайли анча сифатли ва самаралироқ.

Шуҳрат Расул: Энди кучлар нисбати ҳақида гап кетганда, уларни солиштиришнинг ўзи қийин. Масалан Ф-16 самолётидан 4400 дона ишлаб чиқарилган, шундан 1000 дан ортиғи НАТОдан ташқари ҳамкор давлатларга сотилган, 3000 дан ортиғи эса НАТОнинг ўзида мавжуд. Бу фақатгина Ф-16. Бундан ташқари, Ф-18А самолётлари, энг замонавий Stealth технологияси билан жиҳозланган Ф-35 лар ҳам бор. Бугунги кунда тахминан 750 дона Ф-35 ишлаб чиқарилган, уларнинг бир қисми НАТО ҳамкорларига берилган. Ҳозир Ғарбий Европанинг беш-олтита давлати Ф-16 лардан фойдаланмоқда ва бу жуда катта куч саналади. Бомбардимончи авиацияда ҳам АҚШнинг устунлиги яққол кўринади. Масалан, Б-2 бомбардимончилари Stealth технологияси туфайли радарлар учун деярли кўринмас. Улар Эрон устида соатлаб парвоз қилганида ҳам С-300 ракеталари уларни аниқлай олмаган. Энди эса АҚШ бундан ҳам илғор бомбардимончи ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Б-52 самолётлари ҳамон қудратли платформа бўлиб, узоқ масофадан ядро каллакли ракеталарни учира олади.

Россиянинг энг илғор жанговар самолёти Су-35. У ёмон эмас, аммо тўлиқ Stealth эмас, мақоми эса 4++ даражасида. Кўп мақталаётган Су-57 самолётини эса бирор жиддий ҳарбий эксперт бешинчи авлод деб тан олмади, чунки у радарларда кўриниб туради. Ҳозирча 20 донадан кам ишлаб чиқарилган, серияли ишлаб чиқариш масаласи ҳам ноаниқ. Худди шундай, реклама қилинган Армата танкларидан ҳам атиги 14 дона ишлаб чиқарилган, аммо қиммат таннарх ва импорт деталлар туфайли ишлаб чиқариш тўхтаган. Су-57 ни бешинчи авлод самолёти сифатида тан олиш учун икки муҳим мезон бажарилмаган: биринчиси – мотор қуввати етарли эмас, иккинчиси – замонавий авионика ва электроника тизими талаб даражасида эмас. Шу боис у амалда 4++ даражали самолётдир. Россия кўпинча уни экспорт қилиш ҳақида гапиради, Ҳиндистон билан шартнома тузаётганини эълон қилади. Аммо одатдагидек, кейин бундай баёнотлар тасдиқланмайди. Шу маънода Россия кўп ҳолларда реал ишлаб чиқариш ўрнига информацион-пропаганда операцияларига таянмоқда.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид