Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТО Шимолий Европа мудофааси бўйича штабни АҚШга кўчиради
НАТО 5 декабрдан бошлаб Дания, Швеция ва Финландия мудофаа режасини тайёрлаш бўйича масъулиятни Нидерландияда жойлашган штабдан АҚШдаги қўмондонликка ўтказади. Қарор «Евроатлантика минтақасини мустаҳкамлаш зарурати» билан изоҳланди.
НАТО Дания, Швеция ва Финландия мудофаа режаларини ишлаб чиқиш бўйича масъулиятни Нидерландиянинг Брюнсюм шаҳрида жойлашган операция штабидан АҚШнинг Норфолк шаҳридаги қўмондонликка ўтказади. Бу ҳақдаги баёнот Шимолий Атлантика алянсининг Европадаги Қўшма қуролли кучлари қўмондони Алексус Гринкевич томонидан қилинган бўлиб, у 4 декабр, пайшанба куни алянс сайтида эълон қилинди.
Ўзгаришлар 5 декабрдан кучга киради, бу муносабат билан Финландияда тантанали маросим ўтказилади. Қарор НАТОнинг «рақиблари» бутун дунё бўйлаб тарқалгани, шу боис «Евроатлантика минтақасини ва алянснинг Шимолдаги позициясини имкони борича мустаҳкамлаш жуда муҳим» экани билан изоҳланди. Таъкидланишича, Норфолкдаги НАТО штаби аллақачон Атлантика океани, Арктика, Гренландия, Исландия, Норвегия ва Буюк Британия хавфсизлиги учун жавоб беради.
«НАТО қўмондонлиги нуқтаи назаридан, Норфолк — Шимолий Америка ва Европа ўртасидаги стратегик кўприк бўлиб, фақат денгиз коммуникацияларимизни ҳимоя қилиш билан чекланиб қолмайди», — деди Гринкевич. Шу билан бирга, dpa агентлиги таъкидлашича, Германия ва НАТОнинг Шарқий Европадаги мамлакатларини ҳимоя қилишни ташкил этиш бўйича масъулият барибир Брюнсюмдаги штаб зиммасида қолади.
22 ноябр куни Нидерландиядаги иккинчи йирик аэропорт — Эйндховен (Брюнсюмдан 80 км узоқликда жойлашган) ҳудуди устидан бир неча дрон пайқалгани сабабли икки соатга ўз фаолиятини тўхтатди. Бир кун аввал эса мамлакат Мудофаа вазирлиги Эйндховендан 40 км узоқликда жойлашган Волкел қишлоғидаги ҳарбий авиабаза устидан дронларни уриб тушириш учун қурол ишлатилгани ҳақида ҳисобот берган эди.
Куз фасли бошидан бери Европанинг бошқа мамлакатларидаги аэропортлар ва бошқа объектлар устида ҳам дронлар билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар рўй берди. Жумладан, Германия, Дания, Белгия, Швеция, Норвегия ва Полшада бундай ҳолатлар қайд этилган.
Ушбу эпизодлар ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда Дания махсус хизматлари Россия ғарбий давлатларга қарши гибрид уруш олиб бораётганини маълум қилди. Бироқ Европа осмонидаги дронларга РФ алоқадорлигини исботловчи далиллар йўқ. РФ президенти Владимир Путин бу айбловларни рад этиб, Европа шаҳарларида Россия дронлари учун ҳеч қандай мақсад йўқлигини қайд этган.