Жамият | 14:50 / 12.09.2023
57017
9 дақиқада ўқилади

Контрактни сунъий ушлаб туриш таълим сифатини туширадими? Мутахассислар билан суҳбат

Ўзбекистонда бу йил ҳам талабаларнинг тўлов-контрактлари миқдори оширилмайдиган бўлди. Kun.uz бу тенденциядан хавотир билдираётган ва ОТМларнинг давлатдан мустақиллигини оширишга чақираётган жамоатчилик фаоллари – иқтисодчи Отабек Бакиров ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатлашиб, бу борадаги мулоҳазаларини кенгроқ баён этишни сўради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Тўлов-контракт миқдорлари охирги марта қачон оширилган эди?

Хушнудбек Худойбердиев: 2005 йиллардан бу ёғини бир таҳлил қилсак, контракт нархлари тартибсиз ўзгарган, айнан бир қонун-қоидаси йўқ. 2007 йилда Юридик университетда контракт бирданига 2 баробар оширилганини яхши эслайман. 2019 йилда контрактлар илк марта энг кам ойлик иш ҳақига боғланди, шунга мутаносиб тарзда оширилади, дейилди. Ва ўша йили контрактлар 18 фоизга оширилди, аммо иш ҳақи 10 фоизга ошган эди ва кўпчилик шу миқдорни кутганди. Роса тўполон бўлганди. 2020 йилда ўзгармади, дарслар онлайн бўлгани учун чегирма ҳам қилинди. 2021 йилда эса 10 фоизга ошди ва вакцина олганларга 10 фоиз чегирма ҳам беришди. Шундан кейин миқдор ошгани йўқ.

2019 йилда педагогика йўналишларида контракт 5 млн 900 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозирда 6 млн 400 мингдан зиёдроқ. Фарқ –500 минг сўм атрофида.

— Отабек ака, сиз ҳар қандай соҳада нархларни сунъий тушириб туриш салбий оқибатларга олиб келишини айтиб келасиз. Контракт нархларининг ушлаб турилиши ҳам шундай оқибатлар келтириб чиқарадими? Ва булар қандай оқибатлар бўлиши мумкин?

Отабек Бакиров

Отабек Бакиров: Нархлар сунъий ушлаб турилиши дейишдан олдин аниқлик киритиб ўтиш керак. Мен олий таълимда кўрсатиладиган хизматларни давлат томонидан тартибга солиниши керак бўлган хизматлар қаторига қўшмайман. Олий таълимга тўлиқ бозор қонуниятларида ишлаши мумкин бўлган бозор сегменти деб қаралиши керак. Олий таълимни ривожлантириш стратегиясида ҳам давлат ОТМларига молиявий эркинлик берилиши кўзда тутилган эди. Шунинг учун ҳам ОТМ контрактини давлат тартибга солмаслиги керак деб биламан. Аммо охирги 20-22 йилда шаклланган консенсусга кўра, олий таълим юқори даражада давлат томонидан тартибга солиняпти.

Бозордаги нархлар, талаб ва таклифларга қаралмасдан, узоқ вақт нарх ушлаб турилиши ўша соҳада салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Бу фақат олий таълим билан боғлиқмас, барча соҳада шундай. Дейлик, жамоат транспорти нархи узоқ вақт ушлаб турилса, сифат пастлайди ёки шаҳарда умуман жамоат транспорти қолмайди.

Олий таълимдаги асосий харажатлардан бири – иш ҳақи. Ўқитувчи-профессорлар, ходимларни моддий таъминлаш муаммоли бўлиб қолади. Молиявий эркинлик берилганларида ҳам шундай бўлади. Олий таълимда иккинчи кўзга кўринмайдиган муаммоларга дуч келамиз. Университетлар фақат кадр етиштирмайди, уларда илмий изланишлар, янгиликлар бўлиши керак. Эътибор берсак, илм билан шуғулланишни истаган ёшлар Ўзбекистон университетларида қолишни маъқул кўрмаяпти, чет элга кетишяпти. Шу туришда кетадиган бўлсак, университетларнинг илмий марказ сифатидаги қиёфаси йўқолади. Шунинг учун масалага атрофлича қараш керак, бугунги кун масаласини эмас, келажакни ҳам кўриш керак.

Талабалар учун контракт ошмагани яхши ва улар ҳақ. Лекин тарозининг иккинчи палласида моддий масалалар, илм-фан келажаги ҳам бор. Давлат ОТМларининг молиявий аҳволи ҳақида очиқ маълумотларга эга бўлганимизда, янада аниқроқ фикрлар айта олган бўлардик.

Хушнудбек Худойбердиев

Хушнудбек Худойбердиев: Бир нарса кўпчиликни чалғитади. Яъни йил якунларида ОТМнинг қанча фойда, қанча зарар билан чиққани айтилади. Фойдага чиққанларида катта сумма кўрсатилади, булар асосан супер контрактлар ҳисобига бўляпти. Бозор талаб қилаётган моддий имконият суперконтрактчилар ҳисобидан қопланяпти. Хўп, ОТМда шунча жой бор экан, ўқита олар экан, нега ўшаларни арзонроқ, лекин бозор талабидаги нархда ўқитмаяпти? Бунақа нарх ушлаб туриш ортидан бутунлай нотўғри йўлга кириб кетдик. ОТМнинг харажати ва фойдаси учма-уч бўлиб қоляпти, фойда йўқ. Давлатдан пул сўралса, қанча сарфлаяпсан, дейди, 10 сўм деса, талабадан 6 сўм оляпсан, қолган 4 сўмни бераман, дейди. Фойда йўқ, бунда қандай ривожланади? Биз ҳавас қиладиган, андоза олишга уринаётган топ университетлар ҳам фойда эвазига ривожланган.

Яна бир нарса. Ғарбдаги университетларнинг асосий даромади контрактдан эмас, илмдан бўлади. Илмдан фойда кўрадиган даражага чиқиш учун эса сармоя киритиш керак, бизнинг муаммо айни шу ерда. Бизнинг университетларда маблағ йўқ, натижада улар бир нуқтадан силжимаяпти. Ривожланган университетлар талаба контрактига қараб қолмаган. Суперконтрактларга қарам бўлиб қолдик, улар бўлмаса, пул ҳам йўқ.

Отабек Бакиров: Нотўғри рағбат ва нотўғри сигналлар мавжуд. Университетлар юқори кўрсаткичли талабалар учун эмас, пастроқ натижали талабалар учун рақобат қиляпти, чунки улар кўпроқ даромад келтиради. Ўқишга кириш осон, битириш қийин бўлсин, деган принцип илгари суриляпти, лекин ОТМ суперконтрактларга қарам бўлиб боряпти. Бу эса олий таълимга инвестицияни камайтиради.

Бизда 1 млн 200 минг талабани қамраб олган катта олий таълим бозори бор. Бу тарзда сунъий нархни ушлаб туриш инвесторлар учун нотўғри сигнал бўлади.

Давлат ОТМдаги профессор-ўқитувчилар хусусий секторга ўта бошлайди. Носоғлом рақобат юзага келади. Ривожланиш тизимини издан чиқариб юборди бу.

— Тиббиёт олийгоҳларида суперконтрактни йўқотиш кераклиги айтиб келинади. Лекин уларда шу маблағга қарамлик борлигини айтгансиз. Шу ҳақида ҳам гаплашсак.

Отабек Бакиров: Cифатга таъсир қилиши тиббиёт олийгоҳларида яққол кўриниб қоляпти. Лекин бу барча соҳаларга тааллуқли. Олий таълим вазирлиги 3 йилдан бери бу нарса бекор қилинади, вақтинчалик, фақат ОТМ моддий-техник базасини яхшилаш учун, дейди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам кўп такрорлади, лекин бу хоҳишлар амалиётга кўчмаяпти. Чунки ўзимизни ўзимиз гаровга олиб, қопқонга тушириб қўйганмиз. Шу тарзда ишлар кетаверса, бу қопқондан яқин орада чиқиб бўлмайди.

— Нархларнинг сунъий ушлаб турилиши энг аввало профессор-ўқитувчилар маоши, рағбатлантирилишига таъсир кўрсатиши айтиляпти. Давлат ОТМларида контракт ва ўқитувчилар маоши ўртасида қандйа боғлиқлик бор?

Хушнудбек Худойбердиев: ОТМнинг харажатлари ва даромади бор, асосий харажат – ойлик маошлар. Айниқса, яхши профессор-ўқитувчиларни ушлаб туриш қийин, шунинг учун кўп ҳақ тўланади уларга. 30 млн сўмгача маош оладиган профессорлар бор. Охирги йилларда хусусий университетлар рақобат қила бошлади. Шахсан ўзим танийдиган энг яхши профессор-ўқитувчилар хусусий университетларга ўтиб кетган. Илм билан шуғулланишга имконият бор, бюрократия йўқ.

Энг катта харажат ойлик маошлар бўлиб, энг катта даромад контрактлардан бўлгандан кейин, албатта, бир-бирига боғлиқ. Контрактлардан тушган маблағ ойлик маошга йўналтирилади. Талабалар 4 йилдан бери бир хил сумма тўлаяптими, ўқитувчининг ҳам ойлиги ошмайди. Инфляция, нарх-наво масаласи бор. Талаба учун яхши, лекин ўқитувчига ёмон.

— Отабек ака, тармоқдаги саҳифангизда яна бир аргументни илгари сургансиз, яъни контракт ошмагани учун стипендиялар ҳам ошмаяпти. Натижада, талабалар оладиган стипендия минимал истеъмол харажатларидан ҳам паст бўлиб қолди. Шу фикрларни аниқроқ тушунтирсангиз.

— Адашмасам, охирги марта 2021 йилда стипендиялар ошди. Стипендияли контракт мисолида оладиган бўлсак, ўқитувчилар ойлигидан кейинги ўриндаги харажат стипендиялар бўлади. Стипендия ошиши олий таълимдаги харажатларни оширади, бу эса контрактларни оширади, улар бир-бирига узвий боғлиқ. 2023 йилда минимал истеъмол харажатлари 568 минг деб эълон қилинган бўлса, талабалар стипендияси 518 минг сўм атрофида ва минимал истеъмол харажатларидан кам бўлиб қоляпти. Қилинган нотўғри ҳаракатларимиз натижасида талабаларимизни ҳам камбағаллар сафига қўшиб қўйдик. Талаба фақат стипендия ҳисобига яшамайди-ку, деган аргумент – жуда заиф аргумент. Агар биз камбағалликка қарши сиёсатимизни узвий давом эттирмоқчи бўлсак, унинг ичида талабалар стипендияси ҳам туриши керак.

Университетларнинг молиявий мустақиллиги камайиб бориши, мустақил тижорий қарорлар қабул қилмаслик йўлидан юриши уларни давлат органларига қарам қилиб боради. Давлат органлари учун эса таълим сифатидан кўра назорат ва шакл аҳамиятлироқ. Бу эса ўз-ўзидан форма, давомат кабиларни юқори даражага кўтаради. ОТМ қайсидир давлат идорасига қарам бўлса, ўша идоранинг аралашуви бўлаверади.

  • Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида (юқоридаги видео) томоша қилинг.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид