Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мактабларда 64 хил касб ўргатилади, хорижлик ўқитувчилар жалб қилинади – Президент топшириғи
Шунингдек, касб-ҳунар устахоналари ташкил этилади, улар жиҳозланади ва зарур ашёлар билан таъминланади.
20 январ куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини мукаммал билмайди. Шароит ва мутахассислар йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда.
«Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо», деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши таклиф этилди. Шу боис ҳокимликларга танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга ёшлар етакчилари ва тадбиркорлар ҳам жалб этилиши, Ёшлар жамғармасидан маблағлар йўналтирилиши белгиланди.
«Ҳозир тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчиларни шу масала қийнаяпти: бўш иш жойи кўп, ойлиги ҳам яхши, лекин ўқуви ва кўникмаси бор ишчи йўқ. Агар бу тизим тўғри ташкил қилинса, биздаги демографик ўсиш билан катта натижаларга эришса бўлади», деди давлат раҳбари.
Шунингдек, ўқувчиларни ахборот технологиялари ва «креатив индустрия» бўйича замонавий касбларга ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.
Чет тилларини сифатли ўргатиш учун мактабларга «тил эгаси» бўлган педагоглар жалб қилиш, Президент мактабларининг тил ўргатиш тажрибаси, дарслик ва дастурларини татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.


Мавзуга оид
09:39 / 31.12.2025
Нодавлат мактабларда ўқийдиганлар улуши 3 баравар оширилади
09:33 / 31.12.2025
Ҳар йили 600 нафар чет эллик “тил эгаси” бўлган мутахассис таълимга жалб этилади
10:44 / 27.12.2025
Қирғизистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади
12:45 / 26.12.2025