Жаҳон | 21:14 / 26.07.2025
8845
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Россиядан AZAL самолёти ҳалокати учун жавобгарликни тан олишни талаб қилди

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик айнан AZAL самолёти ҳалокатидан кейин юзага келгани таъкидланмоқда.

Фото: Isa Tazhenbayev/Global Look Press

Озарбойжон Россиядан Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпанияси самолётининг Қозоғистондаги ҳалокати бўйича жавобгарликни тан олишини кутмоқда, деди Berliner Zeitung нашрига мамлакат президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бўлими бошлиғи Ҳикмет Гажиев.

Унинг фикрича, Озарбойжон ва Россия ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик айнан AZAL самолёти ҳалокатидан кейин юзага келган.

«Ҳодиса Россия ҳудудида, Россия ҳаво ҳудудида содир бўлди ва биз бу қандай содир бўлганини биламиз. Бу сир эмас. Озарбойжон қўшни давлат ва ҳамкор давлат сифатида Россиядан масъулиятни ўз зиммасига олишини ва бу масалада адолатни таъминлашини кутади», деди Ҳожиев.

2024 йил 25 декабр куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри аэропорти яқинида AZAL самолёти ҳалокатга учради. 38 киши, жумладан, етти нафар россиялик ҳалок бўлди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳалокатдан сўнг самолёт Грозний шаҳри яқинида ташқи таъсир туфайли шикастланганини ва бу бошқарувни йўқотишга олиб келганини айтди.

Кремлнинг тушунтиришича, самолёт Грозний аэропортига қўнишга уринаётган пайтда ҳудуд, жумладан, Моздок ва Владикавказ Украина дронлари ҳужумига учраган. Россия президенти Владимир Путин Алиевга қўнғироқ қилиб, «самолёт билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани» учун узр сўради.

Озарбойжон томони самолёт ҳалокати муносабати билан Россияга қарши халқаро судларга даъво киритиш учун ҳужжатларни тайёрламоқда. Боку Россия томонининг айбини тан олишини, шунингдек, жабрланганларнинг оилаларига товон пули тўланишини ва AZAL самолёти учун етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид