Жаҳон | 14:51
1413
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда Варданянга умрбод қамоқ жазоси бериш талаб қилинди

Боку ҳарбий судида Тоғли Қорабоғнинг собиқ “ҳукумат раҳбари” иши бўйича эшитувлар якунланди. Прокурор Рубен Варданянни умрбод озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Фото: State Security Service of Azerbaijan/Handout/REUTERS

Бокудаги ҳарбий суд прокурори Тоғли Қорабоғнинг собиқ “ҳукумат раҳбари” Рубен Варданянни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этишни талаб қилди. Бу ҳақда Озарбойжоннинг Report нашри 18 декабр, пайшанба куни хабар берди.

Варданянга Озарбойжон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбловлар қўйилган. Улар қаторига терроризмни молиялаштириш, ноқонуний қуролли тузилмалар ташкил этиш, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, қасддан одам ўлдириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш, шунингдек қонунчиликда назарда тутилмаган қуролли гуруҳларни ташкил қилиш каби айбловлар киради.

Варданяннинг оиласи 18 декабр куни унинг баёнотини эълон қилди. Унда Варданян Бокуда бўлаётган жараённи тўлақонли суд муҳокамаси деб ҳисобламаслиги ва унинг таъбири билан айтганда, “адолатни тақлид қилиш”да қатнашмоқчи эмаслигини билдирган.

“Бокуда бўлаётган муҳокама адолатли суднинг энг асосий стандартларига жавоб бермайди, шунинг учун уни ҳақиқий маънодаги суд деб ҳисоблаб бўлмайди. Мен ҳеч нарсадан афсусланмайман. Ҳар бир ишимни онгли равишда ва ўз ихтиёрим билан қилганман, эҳтимолий оқибатларни тўлиқ тушунган ҳолда. Мен қилган ишларим учун жавоб беришга тайёрман. Мен афсусланадиган ягона нарса — кўпроқ иш қила олмаганим. Яна бир бор айтаман: Арцах бор эди, бор ва бўлади — тарихни қайта ёзиш ёки воқеаларга бошқача талқинни тиқиштиришга уринишлардан қатъи назар”, — дейилади Варданян баёнотида.

Рубен Варданян илгари “Тройка Диалог” инвестиция компанияси эгаси бўлган, у “Сколково” бизнес-мактабининг ҳаммуассисларидан бири ҳисобланади. Forbes журнали версиясига кўра, Варданян Россиянинг энг бой одамлари рўйхатига кирган.

2022 йил сентябрида Варданян Россия фуқаролигидан воз кечгани ва Тоғли Қорабоғга кўчиб ўтганини маълум қилган. 2022 йил ноябридан 2023 йил февралгача у тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг “ҳукумати”ни бошқарган.

2023 йил 27 сентябрда Озарбойжон чегара хизмати Варданянни Тоғли Қорабоғдан Арманистонга чиқиб кетишга уринаётганда ушлаган. Шундан бери у Бокуда ҳибсда сақланмоқда. У камида икки марта тергов ҳибсхонасида очлик эълон қилган.

Илгарироқ Варданянни қўллаб-қувватлаб Россиянинг маданият, фан ва таълим соҳасидаги айрим намояндалари чиқиш қилган. Мурожаатга ёзувчилар Александр Архангелский, Евгений Водолазкин ва Алла Гербер, Москва давлат университети иқтисод факултети декани Александр Аузан, Москва “Сколково” бошқарув мактаби директорлар кенгаши раиси Александр Волошин, кино тарихчиси Наум Клейман, тадбиркор Михаил Куснирович, Пушкин номидаги Давлат тасвирий санъат музейининг собиқ директори Марина Лошак, режиссёрлар Павел Лунгин ва Александр Сокуров ҳамда маданий ва академик жамоанинг бошқа вакиллари имзо қўйган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид