Ўзбекистон | 07:37 / 20.04.2022
14312
2 дақиқада ўқилади

Ўткир Қодиров Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланди

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Қашқадарё вилояти ҳокимининг яна бир ўринбосари алмашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Ўткир Қодиров Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Ушбу лавозимда Баҳром Юсупов ишлаб келаётган эди. 

Ўткир Қодиров 1984 йил Сурхондарё вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. 

У Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти йиғма-таҳлил бўлими бошлиғи, Ташқи савдо вазирлиги импорт таҳлили ва ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш таклифларини шакллантириш бошқармаси бошлиғи, Ташқи ишлар вазирлигида шартнома-ҳуқуқ бошқармаси масъул ходими, президент администрациясида масъул ходим лавозимларида фаолият юритган.
 
Ўткир Қодиров 2021 йил апрел ойи бошларида Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинлангунга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Стратегик ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган

Бир неча кун олдин эса у бошқа ишга ўтиши муносабати билан Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилди. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид