Ўзбекистон | 18:40 / 10.12.2019
23390
4 дақиқада ўқилади

Тергов департаменти «Human» агентлиги иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини якунлади

 ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда содир этилган фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди. Бу ҳақда Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбеков Kun.uz мухбирига маълум қилди.

ИИВ расмийсининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 20 сентябрь куни жамият раҳбари Шоҳинур Файзуллаевга ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов жараёнида мингдан зиёд фуқаро жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар, дея эътироф этилди ҳамда уларга МЧЖ томонидан жами 21 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланди.

 Дастлабки тергов давомида Ш.Файзуллаевга тегишли бўлган хонадонлар ва автомашиналар олинган бўлиб, улар 6 миллиард сўмдан кўпроқ нархга баҳоланган. Бундан ташқари, жамият офисида ва бошқа жойларда бўлган мол-мулклар ҳам хатланиб, 350 миллион сўмдан зиёд нархга баҳоланган.

Тергов депатраменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбеков

 Шунингдек, зарарни қоплаш мақсадида Ш.Файзуллаев томонидан турли хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилиб, келиб чиқишига қонуний тус берилган 1,5 миллиард сўмга яқин пул маблағлари хатланиб, ИИВ ҳузуридаги депозит ҳисоб рақамига топширилган. Ушбу мол-мулклар кейинчалик суднинг қонуний қарори билан сотилиб, депозитдаги пул маблағларига қўшилади ва жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун қайтарилади.

 «Шуни таъкидлаш лозимки, тергов идораси фуқароларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш чораларини кўриш мақсадида олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида МЧЖ мансабдор шахслари томонидан одамлардан олинган жуда кўп миқдордаги жами 15 миллиард сўмга яқин пул маблағлари 11та хўжалик юритуви суъбектларга «турли хил мақсадларда» ўтказилиб, уларни келиб чиқишига қонуний тус берилгани ва қинғир ниятли «тадбиркорлар» ёрдамида нақдлаштирилиб, ўзлаштирилгани аниқланди.

Айни пайтда мазкур сохта ишбилармонларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Биз улардан ушбу пул маблағларини қайтаришга қаратилган барча куч-воситаларни ишга солиб, фуқароларга етказилган моддий зарарни қоплаш чораларини кўрамиз», деди Тергов депатраменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбеков.

 Таъкидланишича, шу йилнинг 7 декабрь куни Шоҳинур Файзуллаевга қарши эълон қилинган айблов Ж.К.нинг «фирибгарлик», «савдо қоидаларини бузиш», «расмий ҳужжатларни қасддан нобуд қилиш», «сохта тадбиркорлик», «жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш» ва «нодавлат тижорат ташкилоти мансабдор шахси томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш» жиноятлари учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан тўлдирилган.

 Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосаси тузилиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли суд идорасига мазмунан кўриб чиқиш учун бериш мақсадида прокуратура идорасига юборилди.

Миролим Исажонов
Тайёрлаган Миролим Исажонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид