Жамият | 17:20 / 06.04.2020
5594
3 дақиқада ўқилади

Нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши янгича тизим жорий этилади

​​​​​​​2020 йилнинг 1 октябригача нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизими жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёев томонидан 4 апрель куни имзоланган «Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда белгиланган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ  бошқаруви раиси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, «комплаенс-назорат» - салбий оқибатлар пайдо бўлишининг олдини олиш, шу жумладан корхона, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш ҳамда жавобгарликка тортиш тизимидир.

«Мазкур тизим БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси доирасида Бош прокуратура, Энергетика вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси кўмагида жорий этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. «Комплаенс назорат» тизимини жорий этишда БМТ Тараққиёт дастури доирасида 2019 йил учун халқаро аудиторлик компанияси «KPMG» танлаб олинган бўлиб, компания экспертлари билан биргаликда 4 босқичли коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» тизимини «Ўзбекнефтгаз» АЖ ижроия аппаратида жорий этиш амалга оширилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖда коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» тизимини жорий этиш бўйича «KPMG» компанияси билан ҳамкорликда «йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, «KPMG» компанияси тавсиясига асосан коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» тизимини жорий этиш бўйича «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги 25та корхона ва ташкилотларда масъул шахслар буйруқ асосида тайинланди.

Бундан ташқари, «KPMG» тавсияларидан келиб чиқиб «Ўзбекнефтгаз» АЖ департамент ва бўлимларининг амалдаги ички норматив ҳужжатларини ва низомларини қайта кўриб чиқиш ҳамда янги таҳрирларини тасдиқлаш режалаштирилган», дейди Сиёвуш Ҳошимов.

Коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизими доирасида:

– коррупцияга қарши чоралар тизими ишлаб чиқилади;

– коррупцияга қарши кураш масалалари бўйича ички норматив ҳужжатлар такомиллаштирилади;

– коррупция хавфини бошқариш бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади;

– коррупция хавфи сифатида тавсифланган айрим операциялар ва битимларни зарурий текширишлар амалга оширилади;

– компания ходимларининг манфаатлар тўқнашуви аниқланади ва бартараф этилади;

– коррупцияга қарши чоралар натижалари тўғрисида мунтазам равишда ҳисоботлар тайёрланиб, юқори раҳбариятга тақдим этиб борилади;

– аниқланган коррупция ва ахлоқий бузилишлар бўйича ички текширувлар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ давлат улуши юқори бўлган бир қатор ташкилотларда корпоратив шаффофликни ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» тизими жорий этилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид