Ўзбекистон | 10:10 / 17.07.2018
28485
2 дақиқада ўқилади

Янги қарор: ишсизлар ва меҳнат миграциясидан қайтган шахсларга гаровсиз кредит берилади

Фото: KUN.UZ

«Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилмоқда.

Қарорга мувофиқ, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 2018 йилда 150 миллиард сўм ажратиш, 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратишни назарда тутиш белгиланди.

Мазкур маблағларнинг камида 50 фоизи “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ва Халқ банки АТБда кредит линияларини очиш ва кейинчалик мазкур банклар томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш мақсадида йўналтирилади

Микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкаси, шу жумладан, тижорат банкининг ажратиладиган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги маржа билан тақдим этилади.

Бунда микрокредитлар ишсиз шахсларга, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга, турмушида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган оилаларнинг аъзоларига ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоридан ошмаган ҳажмда ажратилиши мумкин.

Биринчи марта микрокредит олган якка тартибдаги тадбиркорлар уни олган санадан бошлаб 6 ой мобайнида қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид