Жаҳон | 14:21
556
2 дақиқада ўқилади

Грециянинг Эгей денгизидаги ороли яқинида 15 нафар мигрант ҳалок бўлди

Туркиядан Грециянинг Хиос оролига олиб ўтиш режалаштирилган резина қайиқдаги мигрантлар қирғоқ қўриқлаш кемаси билан тўқнашувдан кейин денгизга чўкиб кетган. Қутқарув операцияси давом этмоқда.

Фото: Pantelis Fykaris/Politischios.gr/dpa

Эгей денгизида Греция қирғоқ қўриқлаш хизмати кемаси билан мигрантлар бўлган қайиқ тўқнашиши оқибатида одамлар ҳалок бўлди. Хиос ороли яқинидаги сувдан қайиқда бўлган 15 нафар инсоннинг жасади олиб чиқилганини чоршанба куни, 4 февралда грек телевидениесида минтақа вице-губернатори Пантелис Врулис маълум қилди.

Камида 25 киши жабрланган, улар орасида икки қирғоқ қўриқлаш ходими ҳам бор

ERTNews телеканали хабар беришича, Хиосдаги касалхонага 25 нафар жабрланган етказилган, улар орасида 11 нафар бола ва Греция қирғоқ қўриқлаш хизматининг икки ходими ҳам бор. Reuters гувоҳларга таяниб ёзишича, резина қайиқда тахминан 30–35 киши бўлган.

Греция қирғоқ қўриқлаш хизматининг патрули Туркиядан Хиос ороли томон кетаётган қайиқни пайқаб, ундан йўналишни ўзгартиришни талаб қилган. Шундан кейин, ҳозирча аниқланмаган сабабларга кўра, икки кема тўқнашиб кетган ва бир неча киши денгизга чўкиб кетган, деб хабар берди грекнинг Skai телеканали. Қирғоқ қўриқлаш хизмати Греция ҳарбий-ҳаво кучлари билан ҳамкорликда қидирув-қутқарув операциясини бошлаган.

Reuters Греция ҳукумат вакилига таяниб ёзишича, мигрантларни ташувчилар ўз қайиғини патрул кемаси томон бурган, бу эса тўқнашувга олиб келган.

Шарқий Эгей денгизидаги грек оролларига Туркиядан ноқонуний мигрантларни контрабандачилар олиб ўтади. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси (UNHCR) маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан бери ушбу йўналиш орқали Грецияга тахминан 1000 мигрант келган.

Греция Яқин Шарқ, Африка ва Осиё давлатларидан келганлар учун ЕИга киришдаги энг муҳим нуқталардан бири ҳисобланади. 2019 йилда консерватив ҳукумат ҳокимиятга келганидан кейин Афина чегара назоратини кескин кучайтирган ва қочқинларга муносабати учун халқаро танқидларга учраб келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид