Freeze нега керак?
КАТМ департаменти директори ўринбосари Машҳурбек Раимов қайд этганидек, Freeze фаол бўлганида кредиторлар мижознинг кредит тарихини ололмайди. Шу сабабли янги кредит расмийлаштириш имкони бўлмайди.
Шу билан бирга, кредит тарихи бўйича сўровлар тизимда қайд этилиши мумкин. Фойдаланувчи ҳатто кредит расмийлаштирилмаган ҳолатларда ҳам банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан кредит тарихини текширишга уринишлар ҳақида хабарнома олиши мумкин, Бундай хабарномалар шубҳали фаолликни ўз вақтида аниқлаш ва кимдир кредит тарихини текширишга уринганини билиш имконини беради.

Freeze кўпинча қуйидаги ҳолатларда ёқилади:
Шахсий маълумотлар йўқолганида
Агар паспорт ёки бошқа шахсий маълумотлар учинчи шахс қўлига тушса, Freeze ҳужжат эгасининг номига кредит расмийлаштирилиши хавфини камайтиради.
Фирибгарлик хатарида
Телефон ва онлайн-фирибгарлар кредит олиш учун ўзгаларнинг маълумотларидан фойдаланишади. Freeze кредит тарихи босқичида бундай имкониятни йўққа чиқаради.
Кредит олиш режалаштирилмаса
Freeze шунингдек, кутилмаган қарорлар ва таъсирлар натижасида кредит олишдан тўхтатиб қолувчи восита сифатида қўл келади.
Freeze қандай ёқилади?
Freeze хизматини онлайн ёки шахсан мурожаат қилиш орқали ёқиш мумкин. Бунинг учун бир нечта усуллар мавжуд, уларнинг барчасида шахсни тасдиқлаш талаб қилинади.
1-усул: Infokredit кредит бюроси орқали
Бу кредит тарихи билан ишлайдиган тизимга тўғридан-тўғри йўлдир.

























