Ўзбекистон | 15:48 / 09.10.2021
15221
3 дақиқада ўқилади

Вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади

Бош прокуратура ташаббуси билан киритилган қонун лойиҳасида вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ёши ҳам ўзгариши назарда тутилмоқда.

Фото: Shutterstock

Бугун, 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Парламент қуйи палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан киритилган.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёшга кўтариш, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар, хусусан, Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари санкцияларини кучайтириш назарда тутиляпти.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддаларида болаларнинг жинсий ҳаётига тажовуз учун жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, 128-модда ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун энг ками уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишларидан тортиб, энг кўпи уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо чоралари мавжуд. Кодекснинг 129-моддасида эса ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир қилганлик учун энг ками уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари, энг оғири беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Амалдаги тартибга кўра, умумий тарзда жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 17-моддасига кўра, оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдирган, жиноят содир этгунга қадар 13 ёшга тўлган шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Шунингдек, лойиҳага вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида тўрт соатдан ошмаслигини белгилаш, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра психолог иштирок этишини таъминлашга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Мавзуга оид