Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
5,2 млрд сўм қийматдаги валюталар Тожикистонга олиб ўтилишига чек қўйилди
Тошкент вилояти «Фарҳод» постида 2 та ҳолатда жами 5,2 млрд сўмлик валюталарни Тожикистонга олиб ўтмоқчи бўлган шахслар ушланди. Биринчи ҳолатда пуллар 34 кишига бўлиб берилган ҳолда ўтиши режа қилинган бўлса, бошқасида фуқаронинг машинасидан рубл, сомони, евро, доллар, юан, сом каби валюталар аниқланган.
Фото: Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида Бекобод шаҳридаги «Фарҳод» чегара божхона пости орқали валюта қимматликларини Тожикистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар берди ДХХ.
Жумладан, Бекобод шаҳрида яшовчи 35 ёшли фуқаро 18 680 300 Россия рубли (234,6 минг доллар), 140 700 тожик сомони (15 минг доллар) ва 180 млн сўм ўзбек сўми (14,8 минг доллар)ни Тожикистонга олиб чиқиш мақсадида уларни қисмларга ажратган ҳолда ташимачи вазифасини бажарувчи 34 кишига (Ўзбекистон фуқаролари) бўлиб берган.
Бу фуқаролар чегара божхона постига кириб келган вақтларида тўхтатиб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Бошқа бир ҳолатда бекободлик шахснинг Tracker машинаси текширувдан ўтказилган. Автомобилдан эса ўрамларга ажратиб қўйилган қуйидаги валюталар топилган:
- 13 538 305 Россия рубли (170 минг доллар);
- 24 107 тожик сомони (2585 доллар);
- 885 евро (1028 доллар);
- 300 АҚШ доллари;
- 300 хитой юани (42 доллар);
- 6840 қирғиз соми (78 доллар);
- 10 млн 207 минг сўм (841 доллар).
Бу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Тезкор тадбирлар давомида олинган пул маблағларининг миллий валютадаги умумий қиймати 5 млрд 200 млн сўмдан ортиқни ташкил этди, дея аниқлик киритди ДХХ.
Тергов ҳаракатлари давомида валюталарнинг ҳақиқий эгаларини аниқлаш бўйича тегишли чоралар кўрилаётгани қўшимча қилинган.
«Ҳар қандай демократик жамиятда қонун устувор ҳисобланиб, унга риоя қилмаган шахс жавобгарликка тортилиши муқаррар. Бас, шундай экан, ҳар бир фуқаро мамлакатимизда амалда бўлган қонунларга итоат қилиши лозим, акс ҳолда, суднинг қора курсисида ўтириши мумкин», – деб эслатди ДХХ.
Мавзуга оид
08:49 / 27.11.2025
Афғонистон, Покистон ва Сурияда жанг қилган ўзбекистонлик қўлга олинди
08:20 / 26.11.2025
Тошкент вилоятида 8,5 гектар ер учун 7,3 млн доллар талаб қилганлар қўлга олинди
20:18 / 21.11.2025
Россиядан ноқонуний олиб келинаётган тиббий буюм ва дори воситалари тўхтатиб қолинди
08:31 / 20.11.2025