Ўзбекистон | 11:24 / 20.03.2023
36571
2 дақиқада ўқилади

Вайнер Дилшод Ўрозбоев озодликка чиқарилди

Интернет оламида Dili.me номи билан танилган вайнер озодликка чиқди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги манбаси хабар берди.

Фото: Instagram / Dili.me

Манбанинг таъкидлашича, блогерга нисбатан суд томонидан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги санкция унинг адвокати томонидан киритилган апелляция шикоятидан сўнг юқори турувчи суд ажрими билан ўзгартирилган ва у озодликка чиқарилган.

Dili.me тахаллуси билан танилган Дилшод Ўрозбоев шериклари билан биргаликда бир йигитни калтаклаб, унга тан жароҳати етказгани учун қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура бу маълумотни тасдиқлаб, ҳодиса 23 январ куни содир бўлганини маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратурага кўра, жиноят иши бўйича гумонланувчи бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида вайнер 10 март куни ушланиб, терговга жалб қилинганди.

Kun.uz манбасига кўра, калтакланган шахс 24 яшар эркак бўлиб, у вайнернинг куёви (синглисининг турмуш ўртоғи) ҳисобланади. Низога ўртада оилавий келишмовчилик сабаб бўлгани айтилмоқда. Можаро айнан ниманинг ортидан келиб чиққани маълум эмас.

Мавзуга оид