Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўмирда иситиладиган иссиқхоналар самаралироқми?
Газдан узилаётган иссиқхоналар эгаларининг шикоятлари ортидан Энергетика вазирлиги кўмирга мўлжалланган иссиқхонага пресс-тур уюштириб, бу борадаги тадбиркорларнинг эътирозларига жавоб берди.
Фото: Kun.uz
Газда ишлайдиган иссиқхоналар ёппасига газдан узилгач, бир нечта тадбиркорлар Kun.uz'га муқобил энергия – кўмирга ўтиш қийинлиги, газсиз хонавайрон бўлиши ҳақида гапириб берганди. Ҳатто бир қанча тадбиркорлар норозилигини билдириб, Вазирлар Маҳкамаси олдига йиғилди.
Энергетика вазирлиги масъуллари агар иссиқхоналарга газ берилса, аҳолига газ паст босимда етиб боришини таъкидлаб, кўмирда ишлайдиган иссиқхона мисолида муқобил энергияга ўтиш қийин эмаслигини тушунтиришга уринмоқда.
Иссиқхоначилар нимадан норози?
Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, кўмирда ишлайдиган иссиқхоналар атроф-муҳит ҳавосини ифлослантириши сабабли аҳоли норозилигини келтириб чиқаради. Қолаверса, анча катта ҳажмли, бир неча ўнлаб гектарлик иссиқхоналарни кўмир билан иситиш техник жиҳатдан имконсизлигини айтишяпти.
Боз устига, газда ишлашга мослашган қозонларни кўмирда ишлайдиганига алмаштириш ҳам арзонга тушмайди, маълум бир вақт талаб қилади. Улар катта инвестиция билан иссиқхона қураётганида масъуллар табиий газдан муаммо бўлмаслигини айтиб ишонтиришган.
Иссиқхоначилар банкдан кредитлари борлиги, газдан узилгач, зудлик билан иссиқхонасини кўмир билан иситишга ўта олмаслиги, бунга пул ҳам, вақт ҳам йўқлиги – ўсимликлар ўлиб, тонналаб ҳосилдан айрилиб қолишини, айримлари шу билан банкрот бўлиб, бу соҳадан чиқиб кетиши, оқибатда экспорт сусайишини айтишяпти.
25 октябр куни Тошкент, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамаси олдига тўпланиб, ҳолатдан норозилигини билдирди. Энергетика вазирлиги тадбиркорларнинг мурожаатлари эшитилиб, тушунтириш берилганини маълум қилди.
Расмийлар нима дейди?
Энергетика вазирлиги ОАВ вакилларини Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги кўмир ёқилғисига мослаштирилган иссиқхонага пресс-турга таклиф этди. Унда масъуллар кўмирда ишлайдиган иссиқхона нисбатан самарадорлиги ҳақида тушунтиришга уринди.

Пресс-тур давомида Kun.uz мухбири иссиқхоначиларни газдан узиш уларнинг ҳосилини нобуд қилиши, боз устига улар огоҳлантирилмаганини айтгани юзасидан Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Акмал Эшонқуловга мурожаат қилди.
Унинг айтишича, тадбиркорлар шартнома шартларини бажаришга мажбур, куз-қиш мавсумида оддий аҳолига газ бериш бирламчи мақсад саналади.
“Тадбиркорларнинг биринчи талаби – барқарорлик, эртага газ ўчиб қоладими, пасайиб кетадими деган фикр бўлмаслиги керак. Шу ҳолат бизда бор. Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 700 мингга кўпаймоқда. Ресурсларга талаб ошяпти, бизнинг асосий мақсадимиз – ваколатли орган сифатида тадбиркорларга ҳар хил вариантларни таклиф қилиш, “газ ёқма, йил давомида фақат кўмир ёқ” демаяпмиз.
Тадбиркор билан таъминотчи корхона ўртасидаги энг муҳим юридик ҳужжат – шартнома, ўша шартномага кўра, ҳар бир тадбиркор (иссиқхона бўладими, ғишт, цемент заводими) 3 ойлик захираси бўлиши керак. 2.7 бандида тадбиркорга 1 гектар ерга иссиқхона қуриш учун технологик шарт қўйилади. Техник шартнинг ўзида ҳам таъминотчининг қишда газ етказиб беролмаслиги ёзилган бўлади. Захира ёқилғиси бўлишини назарда тутиш айтилади. Бу огоҳлантириш – техник шарт. Газ таъминотчиси газ кафолатини бермайди, ҳамма технологик жараёнлардан тадбиркор огоҳлантирилган бўлади.
Газ узилдими, тадбиркор автоматик равишда муқобил ёқилғига ўтиб кетиши керак. Мисол учун, бирор техноген авария бўлса ёки бирор жойда газ трубаси ёрилса, нима бўлади? Тадбиркор – таваккалчилик асосида ўзининг маблағини тикиб даромад олишни кўзлаган шахс. Энди шунча таваккал қилиб, миллионлаб долларни тикиб, битта газга боғланиб қолиш нотўғри нарса-ку.
Бу резонансдаги бир жиҳат шуки, агар тадбиркор газдан бошқа захираси бўлмаса, демак у шартномадаги шартни бажармаган. Газга боғланиб қолиш мумкин эмас. Юридик ҳужжат қўлида турибди-да, газдан узсанг хонавайрон бўламан, ҳосилим ўлади, дейиш нотўғри нарса. Бизга асос – шартнома.
Биз ҳам тадбиркорни газдан узишдан манфаатдор эмасмиз. Қиш мавсумига ўтдик, тизимга бирданига босим тушди. Бу пайтда қолган истеъмолчиларнинг газини пасайтириб, хонадонларга газ беришга тўғри келади. Қишда аҳоли хонадонларида ёзга нисбатан 5-7 баробар кўп газ ёқилади”, – деди у.
Кўмирда ишлаётган иссиқхоналар газда ишлаётганларга нисбатан самарадорми?
Журналистларга кўрсатилган кўмир ёқилғисига мослаштирилган иссиқхона 2017 йилда қурилган, 7 гектар майдонда жойлашган. Унда помидор, бақлажон, булғор қалампири етиштирилади.
Иссиқхона 2019 йилда кўмирда ишлашга ўтган. Ҳосилнинг 60 фоизи Россияга экспорт қилинади, маҳаллий бозорларга экспортдан қолган қисми олиб чиқилади.
Корхона иш бошқарувчиси Абдушукур Умаровнинг сўзларига кўра, кўмирда ишлаш газга қараганда тахминан 20-30 фоизга арзонроққа тушади.
Тадбиркор ўзбек кўмирининг калорияси паст бўлиб, тез ёниб кетгани сабабли, асосан Қозондан кўмир олиб келиб ишлатади. Иссиқхона учун йилига 7 ой кўмирдан фойдаланилади, умумий ҳисобда 1200 тонна ёқилғи сарф қилинади.
Кўмирдан чиқадиган тутунга маҳаллий аҳоли эътироз билдирмайдими мазмунидаги саволимизга тадбиркор шундай жавоб берди:
“Экология нуқтайи назаридан олганда, табиий газ ёқилганда кўмир ёнганидаги каби юқори ҳароратда азот оксиди ажралиб чиқади. Фақат кўмир ёқилғисидан фойдаланиш учун тозаловчи қўшимча ускуналар талаб этилади, яъни бу ускуналар атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтиришга хизмат қилади”.
2019 йилда газдан кўмирга ўтган тадбиркорнинг айтишича, бирданига кўмирга ўтиш учун фақат қозонларни алмаштириш керак. Унинг фикрига кўра, бу унчалик катта харажатни ҳам тақозо этмайди.
Абдушукур Умаров газнинг пасайиб кетиши ва газдан узилиш хавфи туфайли кўмирга ўтганини айтади.
“Газ билан ишласак, тўловни олдиндан қилиб қўйишимиз керак бўлади. Кўмирда унақа эмас, кўмирни реализацияга олиб, 1 ҳафта – 10 кун ўтгандан кейин пулини тўлаб берсангиз бўлади. Кўмир билан ишлаганда бироз пул тежалади. Бунинг устига кўмир ва газ қозонларини ўрнатиш харажатлари ҳам деярли бир хил. Унга сарфланадиган ишчи кучи ҳам бир хил: газга қарашга ҳам одам керак, кўмирни ёқишга ҳам”, – дейди у.
Вазирлик масъули Акмал Эшонқуловнинг қўшимча қилишича, фақат газ бўлган жойда иссиқхона ривожланади, деган фикр нотўғри.
“Газга кетадиган харажатни камайтирган ҳолда тадбиркор шунча ҳосил оляпти. Ҳосил ўртача гидропониканинг ўзида йилига 150 тонна. Ҳатто газдан кўра, кўмир кўпроқ самарадор: газни ўчирсангиз иссиқлик бирданига тўхтайди, кўмирда иссиқлик бир муддат сақланиб туради”, – дейди у.

“Ўзнефтгазинспекция” йиғма таҳлил бошқарма бошлиғи Бобурбек Набиевга кўра, табиий газга муқобил бўлган кўмирдан фойдаланаётган тадбиркорлар иқтисодий самарага эришиб, энергия ресурси харажатлари камаяётгани кўринмоқда.
“Республикада табиий газга бўладиган эҳтиёж ижтимоий соҳа ва стратегик аҳамиятга эга объектларнинг табиий газга талаби ошгани ҳисобига тадбиркорларда газ тақчиллиги юзага келади. 1067та иссиқхона табиий газга боғланиб қолган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги қарори билан табиий газдан фойдаланиш қоидалари тасдиқланган, шу қоидаларнинг 10-бандида куз-қиш мавсумида ҳаво кескин совиганда табиий газ етказиб бериш устувор қилиб белгиланган ижтимоий соҳа объектларига биринчи навбатда газ етказиб берилиши белгиланган. Тадбиркорлик субъектларида эса бу вақтда 3 ойга етадиган захира шаклланган бўлиши керак”.
Қўшимча қилиш лозим, Энергетика вазирлигида иссиқхоначи тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда газдан узилган иссиқхоналарни тармоққа улаш ҳақида топшириқ берилди. Айни пайтда, бу муаммо сабаб кўпчилик бўлиб Тошкентга бориш ғоясини илгари сурган тадбиркорлар ИИБга чақирилган.
Мавзуга оид
22:17 / 13.12.2025
“Қишлоқ хўжалигининг тақдири ва келажаги – бутун мамлакатимизнинг тақдири ва келажагидир”. Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади
09:07 / 11.12.2025
Қишлоқ хўжалигини суғурта қилиш янги жамғарма орқали амалга оширилади
12:50 / 10.12.2025
Қуритилган олхўри ва ўрик экспорти бўйича Ўзбекистон дунёда 3-ўринга чиқди
12:49 / 10.12.2025