Ўзбекистон | 12:04 / 08.10.2020
6808
2 дақиқада ўқилади

Янги дор йўлларини қурган инвесторларга ҳар бир 500 метр йўл учун 1 миллиард сўмгача субсидия ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Туризм соҳасининг алоҳида субъектлари фаолияти билан боғлиқ харажатларни қисман компенсация қилиш ва хўжалик субъектларининг эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган харажатларини қоплашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Унга кўра, давлат субсидияси юридик шахсларга янги дор йўлларини қуриш ва жиҳозлаш харажатларини қоплаш учун ажратилади.

Шу билан бирга, давлат субсидияси йўловчи ташувчи янги дор йўлларини 2023 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш ва узунлиги бир томонга 500 метрдан кам бўлмаслик шарти билан янги дор йўлларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича дастлабки 50та лойиҳага ажратилади.

Туризм қўмитаси республика бўйича қурилган янги дор йўлларининг ҳисобини юритади ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.

Давлат субсидияси бир марта ажратилади ҳамда унинг миқдори ҳар 500 метр йўл учун 1 миллиард сўмни ташкил қилади.

Инвестор давлат субсидияси ажратилиши учун Туризм қўмитасига давлат субсидияси олиш тўғрисидаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Бунда, аризаларни қабул қилиш 2023 йил 15 декабрга қадар ёки Туризм қўмитаси томонидан расмий веб-сайтда янги дор йўлларининг сони 50тага етганлиги эълон қилинган кунгача, уларни кўриб чиқиш эса 2023 йил 31 декабрга қадар ёки Туризм қўмитаси томонидан расмий веб-сайтда янги дор йўлларининг сони 50тага етганлиги эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида амалга оширилади.

Мавзуга оид