Жамият | 18:00 / 21.06.2021
24765
10 дақиқада ўқилади

“У бутун умр театр деб яшади, ёнди, куйди” — режиссёр Баҳодир Йўлдошев ҳаётига назар

Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Баҳодир Йўлдошев шу йилнинг 16 май куни 76 ёшида вафот этди. Ўзбек санъати дарғаларидан бири бўлган ижодкор “Майсаранинг иши”, “Келинлар қўзғолони”, “Фармонбиби аразлади”, “Аршин мол олан”, “Қора камар”, “Нодирабегим” каби спектаклларини саҳналаштириб, ўзбек театр санъатида ўчмас из қолдирди.

Kun.uz атоқли режиссёрнинг ибратли, мазмунли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида хотира кўрсатуви тайёрлашга аҳд қилди.

“У кишининг репетицияси бир олам эди”

Фарҳод Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Баҳодир ака айни кучга тўлган, “пишган” даврида, биз улар билан ишлашимиз керак бўлган даврда кетиб қолди. Мен бахтли актёрман. Баҳодир ака билан Ўзбекистон давлат драма театрида анча йиллар бирга ишладик. “Майсаранинг иши”, “Қора камар” ва бошқа жуда кўплаб спектаклларда фаолият олиб бордик. Баҳодир ака билан дунё кездик: Германия, Шотландия, Ирландия, Англия давлатларига бордик. Бахтим шундаки, йиллар ўтиб Баҳодир ака билан яна бирга ишлашга муваффақ бўлдим.

Кутилмаган бир пайтда мени “Дийдор” театр студиясига чақириб қолдилар ва: “Фарҳод, сиз менга кераксиз, “Аршин мол олан”ни саҳналаштирмоқчиман. Сиз шу асарда мих вазифасини ўтасангиз, ёшлар сизнинг атрофингизда айланса. Султонбек ролини ўйнасангиз, бошқаларда буни кўрмаяпман”, деди.

Баҳодир ака мени жуда яхши билади. Театрда бирор актёр келмай қолса, Фарҳодни чақиринглар, дерди. “Келинлар қўзғолони”га жуда оғир вазиятда, бошқа актёрнинг ўрнига кириб келганман.

Ўша пайти Баҳодир аканинг ўзи ётоқхонадан олиб кетиб, “Алпомиш” саройида, спектакль бошланишидан олдин шу ролни берган. Менда ҳамма роль доим тайёр туришини биларди.

“Дийдор” театр студиясига келганимда, бошқа Баҳодир акани кўрдим. Астагина, мўйсафидона гапирардилар.

У кишининг репетицияси бир олам эди. Баҳодир ака жуда босиқлик билан, унақамас, бунақа, деб оҳиста гапириб, хатоларимизни тушунтирарди.

Менинг бахтим – Баҳодир Йўлдошев билан жўшқин пайтларида ҳам, донишманд бўлган вақтларидаям ишлашга муяссар бўлганимдир.

“Актёрдай яшамайсизлар, дерди”

 Адиз Ражабов, актёр:

— Қанақадир маслаҳат билан олдига кирганингизда сизга шундай бир насиҳат ёки муаммонгиз бўлса, аниқ ечимини кўрсатиб берарди, йўналиш берарди. Касби учун бутун борлиғини берган, умрини бағишлаган одам у. Нима учун актёр роль ўйнаши кераклиги, ўзи умуман, бу инсониятга нима беришини чуқур тушунган, идрок қилолган инсон эди.

Жуда талабчан инсон бўлган. Вақтида келишимиз керак эди. Талабчанлик, масъулият, аввало, ўзимизнинг фойдамиз учун бўлган. Вақтида репетицияларга келиш ўзим учун керак экан, деган тушунчани ўзимиз англаб етишимизга туртки бўлардилар.

Ўзимизга нисбатан талабчан бўлишимиз учун ҳам улар замин яратиб берардилар. Сизлар актёрдай яшамайсизлар, дердилар. Хонандалар қўшиқ куйлашидан олдин томоғини қанчалик асраса, актёр ҳам ўзи ижро этадиган ҳолати таъсирида юриши керак.

Актёрлар улар билан ҳолатга тезроқ киришиб кетарди. Бирор қўшиқни қўйиб берарди, қайсидир ғазални айтиб, мағзини тушунтирарди. Сизни тўлақонлигича шу вазиятга, ҳолатга олиб кириб қўярди. Бирор нарсани ҳижжалаб тушунтиришдан эринмасди.

“27 ёшдаёқ Хамза театрининг бош режиссёри бўлганди”

Муҳаббат Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Санъатда 51 йилдан бери ишлаётган бўлсам, Баҳодир Йўлдошевни 54 йилдан бери танирканман. Нафақат таниганман, балки яхши билганман. Баҳодир Йўлдошевни менчалик ҳеч ким билмаса керак. Унинг шахсий ҳаёти, санъатдаги фаолиятида иштироким бор. Йўлимиз ажралиб кетади, яна тўқнаш келамиз. Тақдир бизнинг санъатдаги фаолиятимизни бир йўлга бирлаштирган экан.

Шахс сифатида жуда мураккаб инсон эди. Ҳаётида жуда кўп қаршиликларга учраган. Талабалик давридан буён биламан. Биринчи марта испан шоири Федерико Гарсия Лорканинг шеърлари асосида саҳналаштирилган спектаклда кўргандим. У режиссёрлик факультетида ўқирди ва курсдошлари билан шу спектаклни саҳналаштиришганди.

Ўшанда таний бошлаганман уни. Озғингина эди, шеърларни маромига қўйиб ўқирди. Қаерлик бу бола десам, каттақўрғонлик, деб айтишди. Курсдошим Ойбарчин Бакирова билан севишиб қолишганди. Уни ҳамма қизлар ёқтирарди. Бир жойда суҳбат қилиб ўтирсак, шеърлар ўқиб берарди, маҳлиё бўлиб ўтиришарди. Ошиқлари кўп эди. У танламасди, уни танлашарди.

Баҳодир курсдошим Ойбарчин Бакирова билан турмуш қуришди. Ойбарчиннинг яқин дугонаси бўлганим учун улар билан бирга ижарада турганман. Жуда шўх эдик у пайтларда. Бир куни пулимиз бўлмаган вақтда 3 сўм пулга картошка олиб, уни қовуриб, нон, вино қўшиб олганмиз. Дастурхонга шуларни қўйиб, учаламиз тонггача ўтириб, санъат, китоб ҳақида гаплашиб чиқардик. Уларнинг энг яқин дўстларидан бўлганман.

Турмуш қуришганларида ҳам ёнларида эдим. Аввал Андижонда, кейин Каттақўрғонда тўй бўлди. Каттақўрғонга борганимизда, Баҳодирнинг отаси бизни жудаям яхши кутиб олди. У самимий, оддий инсон эди. Онаси актриса эди. Каттақўрғон театри директори бўлган.

Баҳодир билан бир вақтда Ҳамза театри (ҳозирги Миллий академик драма театри)га қабул қилиндик: у режиссёр, мен эса актриса сифатида. 27 ёшида театрнинг бош режиссёри бўлган. Бу ёшда бош режиссёр бўлиш ҳаммагаям насиб қилавермаган.

У жуда ғайратли, ижодга берилган эди. Умрининг охиригача театр, санъатга вафодор бўлган. Мана шу фидойилик.

Эрта-ю кеч фақат санъат ҳақида ўйларди. Майда маиший муаммоларга бошини қотирмасди, бозор нималигини, нон қанча туришини, нима еяётганигача билмасди. Олдига нима олиб келишса, шуни ерди. Хаёл-у фикри спектакль қўйиш билан банд эди. Жудаям мураккаб характери бор эди, уни тушуниш қийин эди. Фикримча, у ҳеч кимга ҳақиқий дўст бўлмаган. Ягона дўсти театр рассоми Георгий Брим эди.

Бир қизиқ воқеани айтиб бераман. Битта ижара уйда турардик, катта хонаси бор эди. Печка билан иситиларди. Ўшанда ёқишга ўтин, кўмир йўқ эди. Ўтин йиққани кўчага чиққандик, ёғоч панжараларни ўғирлаб узиб, ўтин сифатида ёқардик. Ҳаммаёқ тутун бўларди, лекин уй исимасди. Кейин учаламиз иссиқ кийимлар билан кўрпага ўранволиб, эрталабгача китоб ўқирдик. Севимли пьесаларини чиройли ўқиб берарди.

“Катта миқдорда гонорар олса, шогирдларига тарқатворарди”

Акбархўжа Расулов, актёр:

— Мол-дунёга қизиқмасди. Аллоҳ берган умрни борича яшашни истарди. Катта гонорарлар берилганида ҳам шогирдларига тарқатворардилар. Ўзим бунинг гувоҳи бўлмаганман, лекин жуда кўпчиликдан эшитганман.

Театримиз олдида гўштли нон ёпиларди. Ўша нондан сотиб олиб, кичик бўлагини ерди-да, қолганини дераза олдига ушатиб қўярди. Биринчи марта кўрганимда ҳайрон бўлганман. Нон ушоқларини ейиш учун қушлар келармикин, деб ўйлаб қолдим. Бироздан кейин сценарийга қулоқ солган актёрлардай қушлар учиб келди. Шу воқеа доим ёдимда қолади. Бу ҳолат улар Аллоҳ яратган жонзотларни қанчалик қадрлашини англатиб турарди.

Бир инсон оламдан ўтса, олдин тўйига бормаган бўлсаям, албатта, жанозасига борарди.

Олдига биринчи марта келган талабага кетгин, бу ерда ўқимагин, дердилар. Бу ишдан қайтарардилар. Санъатни астойдил севадигани бўлса, кейин қабул қиларди. Чунки санъат йўли оғирлигини ўзлари яхши биларди. Бу нарсани чин дилдан хоҳламаган одамга раво кўрмасди.

Улар билимсизликка, маънавиятсизликка қарши эди. Жамиятда ўқимишли қатлам кўпроқ бўлишини, одамлар ўз ҳаёти ва атрофдагиларникига бефарқ бўлмаслигини хоҳларди.

“Бир кунда камида 50 бет китоб ўқиш керак, дерди”

Шуҳрат Ризаев, адабиётшунос:

— Баҳодир ака билан ўртамизда 1988-1989 йилларда яқин муносабатлар пайдо бўла бошлади, шахсан танишдим. Лекин мен Баҳодир акани анча олдиндан билардим. Чунки унинг спектаклларини кўргандим. 70-йилларда аввалги Ҳамза театрида рассом Георгий Брим билан гуриллаб ижод қилган. Ўша пайтда қўйилган спектакллар бутун Ўзбекистон маданий ҳаётида бурилишлар ясай олганди.

Баҳодир ака тинимсиз ўқирди. “Ҳар куни қўлингга нима тушса, 50 варақдан кам бўлмаган нимадир ўқигин. Театр режиссёри барча мавзуларга доир спектакллар қўйиши мумкин. Шунинг учун исталган мавзудаги китобни ўқийвергин”, дерди. Баҳодир ака ҳар куни ҳамма нарсани ўқишга ҳаракат қиларди. Албатта, танлаб, саралаб ўқирди, кўпроқ бадиий адабиёт ўқирди.

Биринчи ўзбек драматурги Алишер Навоий бўлади, билиб қўй, дерди. Навоий Шекспирдан кам бўлмаган буюк драматург эди. Хуллас, бутун умр Навоийга чексиз муҳаббатини сақлади.

“Баҳодир Йўлдошев театри” номли китоб ёзганман. 70 ёшга кирганида шу китобни чиқардим. Ундан олдин Баҳодир ака ҳақида ижодий портрет қилдик. Баҳодир аканинг кўп спектаклларига мақолалар ёздим, китоб бўлиб чиқди. Шу маънода мен ўзимдан мутлақо қониқмайман. Шу вақтгача Баҳодир ака ҳақида кўп гапларни айтмаганман, айтолмаганман. Хотиржам ҳолатда бирор нарса ёзиш ниятим бор.

Режиссёр актёрлардан бир неча баравар баланд бўлиши керак. Чунки у актёрларнинг кўрмаган нуқталарини кўроладиган одам. Чунки ўзини батамом актёрларга сингдириши керак, чунки ўйлаган ўйларининг ҳаммасини гўзал шаклда олиб чиқиб берадиганлар – актёрлардир, дерди.

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамов.

Мавзуга оид