Жамият | 10:10 / 26.01.2021
61930
12 дақиқада ўқилади

Пул тўланганда дарҳол ёнмаётган «свет» ва ошиқча тўловлар: АСКУЭ тизимида нима муаммо?

Мавзумиз электр энергияси таъминоти ҳақида. Гап қиш фаслида содир бўлаётган ва ҳамманинг асабини ўйнатаётган кўпдан кўп узилишлар ҳақида эмас. Суҳбатимиз янги ва ақлли АСКУЭ тизими, шунингдек, электр энергияси учун истеъмолчилар тўлаётган пуллар керакли жойга бориб тушмаётгани ҳақида бўлади.

Суриштирув давомида қуйидаги уч саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз:

  1. АСКУЭ тизими қандай ишлайди ва нега электр энергияси учун пул тўланганда ҳам, свет дарҳол ёнмайди?
  2. Электр энергияси учун тўлов қилишда қандай тушунмовчиликлар мавжуд?
  3. АСКУЭ тизими пулни ортиқча ҳисоблаяпти, тўланган пул тез тугаб қоляпти, деган гап-сўзларга нима сабаб бўлмоқда?

Бу борада маълумотга эга бўлиш учун Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акционерлик жамиятида бўлдик ва мутасаддиларга микрофон тутдик.

(Алоҳида қайд этиш жоиз, масала Самарқанд вилояти мисолида кўриб чиқилганига қарамасдан, унда тилга олинадиган вазият ва муаммолар бутун республика учун тааллуқлидир).

Электр энергияси таъминотида ақлли ҳисоблагичлар — АСКУЭ тизими ўрнатилишидан кўзланган мақсад  ўзи нима эди?

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази филиали директори ўринбосари Диёр Нишоновнинг айтишича, мақсад электр энергияси ҳисоби ва назоратини аниқ-тиниқ йўлга қўйиш билан тизимни шаффофлаштириш, соҳада ноқонуний уланиш, фойдаланиш ва талон-торожликларни бартараф этиш, аҳолига қулайликлар яратиш.

Бироқ, аниқ ҳисоб-китобга асосланган янги тизим ҳам хатоларга йўл қўйиши мумкинми? Самарқанд шаҳар энергосотиш бўлимида сарсон бўлаётган фуқароларнинг аксарияти АСКУЭ тизими учун тўланган пуллар тез сарф бўлаётгани, олдиндан тўлов тугаб, тармоқдан узилганидан сўнг ёқилишида қийинчиликларга дуч келишаётганини баён этишди.

АСКУЭ тизими ўчирилган тармоқни қайта улаши масаласини бироз кейинга сура турайлик. Тўлов тизими билан боғлиқ қандайдир муаммо ҳам борми?

Албатта бор!

Истеъмолчилар айрим тўлов иловалари орқали электр энергияси учун эмас, турли қўшимча хизматлар ва жарималар учун пул ўтказиб юбормоқда. Аксарият ҳолларда пеня учун тўлов амалга оширилмоқда.

 Пеня ва электр энергияси учун тўловнинг фарқи борми?

Диёр Нишоновнинг айтишича, электр энергияси алоҳида товарлар сирасига киритилган ва тўланган пуллар киловатт-соатларга айлантирилади. Пеня эса жарима ҳисобланади. Шу сабабли, уларнинг ҳар иккиси алоҳида ҳисоб-китоб қилинади.

Тўловдаги чалкашликлар қандай юзага келаётганининг техник томонига эътибор қаратамиз. Масалан, PAYME иловасини олайлик. Унда электр энергияси ва пеня учун тўлов ўтказиш имконияти бор. Электр энергияси ёзувини танлаш юқорида, жуда ноқулай жойлаштирилган. Гўёки сарлавҳага ўхшайди.

Амалиётда, кўпчилик ишдан қайтгач уйида чироқ ўчганини сезади. Соат кечки 17:00 дан бошлаб республика бўйлаб бир вақтдаги тўловлар кўпайгач, тўлов тизимлари серверида зўриқиш ҳосил бўлади шекилли, электр энергияси учун ўтказилган пуллар бир уринишда ўтавермайди. Бироқ негадир пеня учун тўлов қийинчиликсиз, шу ондаёқ ўтади.

Айрим суҳбатдошларимиз PAYNET шохобчаларида ишловчилар ҳам тўлов тезроқ ўтгани учун пеня учун тўлов қилиб юборишганини айтиб беришди.

Худди шунингдек, PAYNET иловасининг ўзбекчасида қўшимча хизмат учун «УЛАНИШ» ёзуви турибди. Бу ҳам чалғитувчи ёзув. Худди шу илованинг русчасида «ЗА ПОВТОРНОЕ ПОДКЛЮЧЕНИЕ», яъни қайта уланиш учун деган ёзув тушунарлироқ қилинган. Бу қайта уланиш ҳам электр энергияси учун тўлов эмас. Турар жойларда эмас, нотурар жойлар учун свет узилгач, қайта уланиш учун алоҳида тўлов бор. МИБ чоғидаги қайта уланишдаги жарима эсингиздами? Шунга ўхшаш.

 Келинг, пеняни кўриб чиқайлик. Ўзи у нимадан ҳосил бўлади ва у қандай ҳисобланади?

«Самарқанд ҲЭТК» АЖ электр энергиясини сотиш ҳисоби ва ҳисоботи бўлими бошлиғи Ҳафиза Қурбонованинг тушунтиришича, пеня электр энергиясидан қарздорлик ҳосил бўлгач, бир ой ичида тўланмаса ҳар куни тўланмаган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида ҳисобланади. Ҳисобланган жами пеня муддати ўтган қарздорликнинг 50 фоизидан ошишига йўл қўйилмайди.

Хўп, пеня учун тўлов бор экан, ўша тўлов адашиб ўтказилар экан, у электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилинадими?

«Самарқанд ҲЭТК» АЖ АСКУЭ бўлими бошлиғи Темур Ариповнинг таъкидлашича, пеня учун адашиб, олдиндан тўланган ортиқча пул пеня ҳисоб рақамида ҳеч нарсага ишлатилмасдан сақланиб тураверади. Асло электр энергияси учун йўналтирилмайди. Бироқ, электр энергияси учун тўлов қилинганида ойдан ойга ўтишда қайта ҳисоб-китоб жараёнида пеня суммаси айрилиб қолиши мумкин. Дастур шунақа қилинган.

Эслаб қолинг: электр энергияси учун тўловингиздан пеня ва бошқа тўловлар ушлаб қолиниши мумкин, бироқ пеня учун қилинган тўлов ўз-ўзидан электр энергияси учун ўтиб қолмайди.

 Хўш, адашиб пеня учун олдиндан тўланаётган пул электр энергияси учун автоматик қайта ҳисоб-китоб қилинмас экан, нега унда истеъмолчиларга уларнинг баланси плюс бўлиб кўринмоқда?

Темур Ариповнинг тушунтиришича, абонент ҳисоб рақамида бир неча ҳисоблар бор. Электр энергияси учун тўлов, пеня, қайта уланиш, далолатнома орқали уланиш учун тўлов (кимдир вақтинча «сварка» ишлатса, масалан) ва ҳ.к.

Уларнинг ҳар бирининг ҳисоб-китоби алоҳида юритилади ва бир-бирига аралаштирилмайди. Истеъмолчиларга эса ҳар бир ҳисоб рақамнинг умумий йиғиндиси — сальдо кўринишида тақдим этилади.

Яъни, иловаларда истеъмолчиларга кўринадиган рақам электр энергияси учун олдиндан тўлаб қўйилган пул миқдори эмас, ҳисоб рақам сальдоси экан. У пеня ва бошқа ҳисоб рақамлардаги ортиқча пул эвазига ҳам плюсда акс этиши мумкин.

Тан олиш керак, бу одамни жуда чалғитади. Чунки ҳамма ҳам бухгалтер эмас.

Масалан, сиз адашиб пеня учун ортиқча тўлов қилганингизда, электр энергияси истеъмоли учун қарзингиз камаймасдан сақланиб тураверади, аммо ҳисобингиз сальдо ҳисобига плюсга чиқиб, чироғингиз ўчмайди (ўчган бўлса қайта ёнади), шундан сўнг қарзингиз кўпайишда давом этади. Боз устига, ўсиб бораётган қарзингиз муддати ўтса — ундан яна пеня ҳосил бўлади ва у олдиндан ўтказиб қўйган (предоплата) пенянгиздан ечиб олинаверади.

Мана, «шунча пул тўласам ҳам қарзим камаймаяпти, ортиқча пул ечиб олинмоқда», деган гап-сўзлар қаердан чиқиб келмоқда? Қанақа мураккаб тизим эканлигини кўряпсизми? Тушунмаган бўлсангиз, юқоридаги сўнгги абзацларни яна бир марта синчиклаб, диққат билан ўқинг.

 Хўп, тушундик. Пеня ва бошқа хизматлар учун тўланган пуллар қаерда сақланади? Уларни электр энергияси учун тўловга йўналтириш учун нималар қилиш керак?

Ҳафиза Қурбонованинг тушунтиришича, пеня учун адашиб қилинган тўловни фақат вилоят ҲЭТК АЖ раҳбари номига ариза ёзиб, вилоят энергиясини сотиш ҳисоби ва ҳисоботи бўлимида қўл ёрдамида электр энергияси учун тўловга йўналтириш мумкин.

Демак, абонентларга турли шохобчалар, мобил телефон орқали электр энергияси учун тўлов қилишда ҳам диққатлироқ бўлиш талаб этилади. Умуман, het.uz сайти орқали шахсий кабинетдан харид қилинган киловатт соатларнинг сарфи, қарздорлик ва пеня миқдорини кузатиб бориш ҳам мумкин.

Синаб кўриш учун шахсий кабинетни очмоқчи бўлганимизда очилмади

Савол туғилади: Тизимни истеъмолчилар учун қулай қилиб, фақат электр энергияси учун тўлов қабул қилинадиган қилинса бўлмайдими? Яна аксарият истеъмолчилар нималигини тушунмайдиган сальдони эмас, айнан электр энергияси учун олдиндан тўлов ҳамда ҳисоб-китобни кўрсатишни?

Бизга тушунтиришларича, бунинг учун ҳозир фойдаланилаётган дастур бутунлай қайта ишлаб чиқилиши керак бўлади. Мавжуд дастурда фақат электр энергияси учун тўловнинг ўзини ажратиб кўрсатиш, яъни сальдо ўрнига олдиндан тўлов қилинган суммани кўрсатиш имконсиз экан. Чунки сиз пул тўлаганингиз ҳамоно улар киловатт-соатларга айланади.

Одамларга олдиндан тўлаб қўйилган киловатт-соатларни кўрсатиш имкони бор, лекин буни ҳамма ҳам тушунавермайди. Бунинг учун 2100 рақамига D ҳарфини жўнатиб, ҳисоблагични мунтазам кузатиб, кўрсаткичларни таққослаб юриш керак.

Демак, ҳурматли фуқаролар, сизлар кўчадаги инфокиосклардан, кассалардан, PAYNET, PAYME каби иловалардан тўлов қилишда диққатлироқ бўлишингиз талаб этилади. Тўловни амалга оширишда фақат ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ деган пунктни танлашингиз лозим бўлади.

 Энди АСКУЭ тизими ва унинг қандай ишлаши бўйича айрим саволларга ҳам жавоб ахтаришга ҳаракат қиламиз.

Касса, тўлов терминали, мобил иловалар орқали тўланган пуллар дарҳол тизимда пайдо бўлишини синаб кўриш учун уларнинг барчаси орқали ҳисоб рақамга пул ўтказиб кўрдик. Тўланган пул ондаёқ ҳисоб рақамга келиб тушмоқда. Нега унда АСКУЭ ҳисоблагичлар шу ондаёқ қарз туфайли узилган электр энергиясини улаб бера олмаяпти?

Темур Ариповнинг тушунтиришича, сигналлар PLC (нол фазада юради), RF ва GPRS радиотўлқинлари орқали жўнатилади ва қабул қилинади. Аслида, тизимдан узиш ҳам бир ондаёқ амалга ошмайди. Компьютер кун бўйи қарзга кирган ҳисоблагичларни ўчириш учун сигнал жўнатади. Ҳаттоки, тизимдан узишда хатолик рўй берди, деган сигналлар ҳам келиб туради. Қаерда линиянинг ўтказиш имконияти яхши бўлса, буйруқ бир зумда амалга ошади. Лекин кўп жойларда симларнинг эскиргани, айрим жойларда интернет алоқаси яхши эмаслиги автоматик қайта ёқишда айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Қачондир АСКУЭ тизими тўлиқ ишлаб кетиб, фуқароларга айни чоғда туғдирилаётган ноқулайликларга чек қўйиладими, деган саволга жавоб бера туриб Диёр Нишонов тизим ҳали тўлиқ ишлаб кетгани йўқлиги, жорий йил I чорак охирида созлаш ишларини ниҳоялаш кўзда тутилганини таъкидлаб ўтди. Унинг таъкидлашича, вазият иш энди бошланишидан кўра яхши томонга анча ўзгарган. Чунки қаерда муаммолар рўй бераётган бўлса,улар  босқичма-босқич  бартараф этиб келинмоқда.

 Хўш, ҳали янги тизимга кўникиш асносида кўплаб мурожаатлар бўлади. Уларни ҳал қилиш учун қандай йўл тутилмоқда? Истеъмолчилардан нималар талаб этилади?

Диёр Нишонов бу саволга жавоб берар экан, фуқаролардан ижтимоий тармоқларда муаммоларни умумий гап билан эмас, аниқ ва конкрет манзилли қилиб баён этишни сўраб қолади. «Мурожаатларга албатта эътибор берилади, ўша муаммо қайси ҳудудда рўй бераётган бўлса чиқиб ўрганилади ва бартараф этилади», деди у.

Унинг алоҳида қўшимча қилишича, ақлли АСКУЭ тизими электр энергиясидан ўғринча фойдаланиш, ғайриқонуний уланиш каби бир қанча ноқонуний ҳаракатларни аниқлаб бера олади. Бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар жарима санкциялари қўлланишига сабаб бўлади.

Ишонамизки, бутун республикани тобора қамраб олаётган АСКУЭ тизими ўнгланиб, ҳаммаси изига ҳам тушиб кетар. Ҳозирча унинг бирқадар аниқ ва қониқарли ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Лекин унинг аъло даражада ишлашига, ростдан ҳам, ҳали бироз бор экан.

Лекин линияларни янгиламасдан, тўлов тизимини соддалаштирмасдан, истеъмолчилар учун тушунарли қилмасдан туриб, бир нарсага эришиш қийин. Ноаниқликлар, чалкашликлар АСКУЭ тизимига бўлган ишончсизлик пайдо қилмоқда.

Чунки аввал ҳисоблагичларни инсон уйма-уй айланиб текширган бўлса, ҳозир компьютер масофадан туриб амалга оширади ва қарз пайдо бўлган заҳоти автоматик ўчира олади.

Токи одамлар фақат электр энергиясига соддагина тўлов қила олмас экан (худди телефонга пул ташлагани сингари), тўлов қилгани заҳоти уйида свети ёнмас экан шунча қилинаётган ва шунча мақталаётган ишлар кўзга ташланмай тураверади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчилар: Жаҳонгир Алибоев, Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид