Ўзбекистон | 20:57 / 03.04.2026
4117
5 дақиқада ўқилади

Қарзини узолмасдан банкрот бўлаётган фирмаларга оёққа туриб олишида ёрдам берилади

Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этилмоқда. Агентлик иш ўринлари йўқотилмаслиги учун комплекс чоралар кўради. Молиявий аҳволи оғир бизнесларга янги ёрдам чоралари анонс қилинди.

Акбар Тошқулов, адлия вазири / Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев тўловга қобилиятсизлик институтини такомиллаштириш ва молиявий аҳволи оғир тадбиркорлик субъектларини соғломлаштириш бўйича янги ёндашувлар юзасидан тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, яратилаётган корхоналар ва иш ўринларини сақлаб қолиш, молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъектларини эрта босқичда қўллаб-қувватлаш борасида ечимини кутаётган кўплаб масалалар бор.

Хусусан, фаолият кўрсатмаётган ва фаолияти тугатилган кичик корхоналар сони ўсиб боряпти. Чунки амалдаги тизим корхонани сақлаб қолиш ва қайта тиклашга эмас, кўпроқ унинг фаолиятини расмий тугатишга қаратилган.

Аввало, тўловга қобилиятсизлик таомиллари етарли даражада қўлланилмаяпти. Молиявий аҳволи оғирлашган 93 мингта тадбиркорнинг атиги 10 мингтаси бўйича тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган. Судгача ва суд санацияси тизими амалда самарали ишламаяпти, сўнгги беш йилда атиги 68 та корхонага санация таомили қўлланилган, шундан ҳам фақатгина 7 тасининг фаолияти тикланган.

Суд бошқарувчилари фаолияти ҳам танқидий кўриб чиқилди. Қатор ҳолатларда иш юритиш муддатлари бузилгани, асоссиз хулосалар берилгани, сохта банкротлик аломатларини ўз вақтида ўрганиш механизми етарли эмаслиги қайд этилди. Суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш тизимидаги бўшлиқлар малакали мутахассисларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётгани, айрим ҳолатларда эса ишларни сунъий чўзишга сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, соҳа рақамлаштирилмагани, онлайн мониторинг ва назорат йўқлиги, банкрот ёки тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарнинг очиқ реестри мавжуд эмаслиги, давлат органлари ўртасида маълумот алмашинуви етарли даражада йўлга қўйилмагани таъкидланди.

Шу муносабат билан соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича янги институционал ёндашувлар таклиф қилинди.

Хусусан, Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этиш таклиф қилинди. Бу тузилма соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, банкротлик омилларини таҳлил қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш, корхоналарни молиявий соғломлаштиришга кўмаклашиш билан шуғулланади.

Суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Суд бошқарувчилари палатасини тузиш таклиф этилди. Палата суд бошқарувчилари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини оширишни ташкил этади, улар томонидан қонунчилик ва касб этикасига риоя этилишини мониторинг қилади, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Молиявий аҳволи оғир бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги молиявий механизмлар ҳам тақдимот қилинди.

Жумладан, кичик ва ўрта тадбиркорлар учун Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси орқали кафиллик бериш, Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси орқали тижорат банкларида паст фоизли кредит линиялари очиш орқали корхоналарни молиявий тиклашга кўмаклашиш режалаштирилмоқда.

Бунда тижорат банклари ажратган кредитлар бўйича асосий қарз ва фоизлар санация якунлангунга қадар кечиктирилади, кредит санация якунланганидан сўнг 3 йил ичида қайтарилади, кредит қарздорлигини реструктуризация қилиш асослари яратилади.

Солиқ ва кредит қарздорлигини кечиктириб тўлаш ҳамда реструктуризация қилиш тартибларини соддалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари айрим солиқлар бўйича тўловларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериши, шунингдек, бундай механизмлар гаров, банк кафолати ёки суғурта полиси асосида солиқ органлари томонидан ҳам қўлланиши мумкин бўлади.

Нодира Ҳакимова, Президент администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари

Давлат кўмагидаги судгача санация чоралари ҳам кенгайтирилади. Бунда кредиторлар билан келишув, молиявий ёрдам жалб қилиш, солиқ ва кредит тўловларини кечиктириш, қарзларни сотиб олиш, ишлаб чиқаришни қайта ихтисослаштириш, корхонани қайта ташкил этиш, малакали мутахассисларни жалб этиш ва ходимларни қайта тайёрлаш каби воситалардан фойдаланиш мумкин бўлади.

Тақдимотда тўловга қобилиятсизлик жараёнларини рақамлаштириш масаласига ҳам катта эътибор берилди.

Шу мақсадда тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформасини ишга тушириш таклиф қилинди. Ушбу платформада тўловга қобилиятсизлик иши юритилаётган шахслар, санация қўлланилаётган корхоналар ва суд бошқарувчилари реестрлари юритилади. Барча жараёнлар – ариза беришдан тортиб, корхонани тугатишгача – электрон шаклда олиб борилади. Шунингдек, мазкур тизим жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлади.

Бу орқали соҳада очиқликни таъминлаш, маълумот алмашинувини тезлаштириш, назорат ва мониторингни кучайтириш, аризаларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш имкони пайдо бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда янги корхоналар ташкил этиш билан чекланиб қолмасдан, ишлаб турган бизнесни сақлаб қолиш, вақтинча қийинчиликка учраган корхоналарга ўз вақтида кўмак бериш, уларни иқтисодий фаолликка қайта олиб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга тўловга қобилиятсизлик институтини халқаро тажриба асосида тубдан такомиллаштириш, соҳага замонавий бошқарув, самарали санация механизмлари ва рақамли ечимларни жорий этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид