Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон 2030 йилга қадар “ортиқча бюрократиядан холи ҳудуд”га айлантирилади – Президент
Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида бюрократияни бартараф этиш масалаларига бағишланган халқаро форум очилиш маросимида иштирок этар экан, 2030 йилга қадар Ўзбекистонни ортиқча бюрократиядан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган махсус дастур ишга туширилганини маълум қилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Тошкент шаҳрида бюрократияни бартараф этишга бағишланган халқаро форум иш бошлади. Очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва эксперт доираларидан юқори мартабали вакиллар қатнашмоқда.

Давлат раҳбари ўз нутқида тадбирни ташкил этишдаги кўмаги учун БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавийга миннатдорлик билдириб, БАА раҳбарияти ва халқини мамлакат ташкил этилган кун муносабати билан қутлади.

Президент Янги Ўзбекистондаги давлат бошқаруви фалсафасини қуйидаги сўзлар билан ифодалади: “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ‘Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак’ деган инсонпарвар ғояга амал қиляпмиз”.
Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда бюрократияни қисқартириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотларга тўхталди.

Асосий кўрсаткичлар:
- 2017 йилда 444 турдаги давлат хизмати мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда улар сони 1 040 тага етган;
- кўрсатилган хизматлар сони қарийб 10 баробарга ошиб, 55 миллиондан ортиқ операция амалга оширилган;
- 90 дан ортиқ хизматлар проактив ва композит шаклда кўрсатилмоқда;
- туғилиш билан боғлиқ хизматларнинг композит шаклда кўрсатилиши йилига қарийб 1 миллион фуқарога қулайлик яратаётгани қайд этилди;
- ижтимоий нафақалар ва ёшга доир пенсиялар аҳоли мурожаатисиз автоматик тарзда тайинланмоқда;
- 30 турдаги хизматни реал вақт режимида олиш имконияти яратилган;
- жорий йилнинг ўзида 8 миллионга яқин хизмат автоматик кўрсатилган;
- ҳужжат алмашинувининг электрон шаклга ўтказилиши ҳисобидан аҳолининг йилига 23 миллиард сўм маблағи тежалмоқда.
Бизнес учун ҳам катта енгилликлар яратилди: 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди; 150 дан зиёд рухсатномалар электрон шаклда бериляпти; 140 турдаги ҳужжат ва маълумотларни талаб қилиш амалиётига чек қўйилди; “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили жорий этилмоқда.

Президент таъкидлаганидек, сўнгги йилларда бюрократияни қисқартиришга қаратилган 9 та фармон ва қарор қабул қилинган, “Ягона портал”, “Рақамли ҳукумат”, давлат хизматлари марказлари каби платформалар фаолияти самара бермоқда.
Давлат раҳбари форум доирасида бюрократияни бартараф этиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинганини эълон қилди.
Дастурнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат: 2030 йилга қадар Ўзбекистонни “ортиқча бюрократиядан холи ҳудуд”га айлантириш; давлат ва аҳоли, давлат ва бизнес, шунингдек, давлат тузилмаларининг ички муносабатларида бюрократияни кескин камайтириш; қулай, шаффоф ва инсонпарвар давлат хизматлари экотизимини шакллантириш.
Режалаштирилаётган вазифалар: давлат хизматлари сонини 1,5 мингтага етказиш; электрон хизматлар улушини 95 фоизгача кўтариш; келгуси йилнинг ўзида 250 та хизматни электрон шаклга ўтказиш; автотранспортни рўйхатдан ўтказиш, ҚҚСни қайтариш каби хизматларни тўлиқ онлайнга ўтказиш; “Қоғозсиз ҳукумат” тизимига тўлиқ ўтиш, қоғоз ҳужжат айланмасидан воз кечиш; мавжуд 40 млн ҳужжатдан 25 миллионини рақамлаштириш, кейинги йилда яна 5 миллион ҳужжатни рақамлаштириш; проактив ва композит хизматлар сонини 400 тага етказиш (келгуси йилда 180 тасини жорий этиш).
Натижада, президент қайд этганидек: “Фуқаро мурожаат қилмасдан унга хизмат кўрсатиладиган тизимга ўтамиз”.
Лицензия ва рухсатномалар, коммунал тармоқларга уланиш, қурилиш соҳасидаги 300 дан ортиқ хизмат соддалаштирилади, 4 та коммунал тармоққа ягона ариза асосида уланиш имконияти яратилади.
100 дан зиёд давлат хизматларининг кўрсатиш муддати 50 фоизгача қисқартиради, 110 дан ортиқ маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш тўлиқ бекор қилинади.
Давлат хизматлари портали, “Лицензия” тизими, “Ягона дарча” божхона платформаси ва колл-марказлар сунъий интеллект асосида ишлашга ўтади.
Дастур ижросини баҳолаш ва жамоатчиликни жараёнга кенг жалб этиш мақсадида вазирлик ва идоралар фаолияти махсус рақамли платформа орқали баҳоланади, энг яхши натижа кўрсатган идоралар ва ходимлар рағбатлантирилади, дастур натижадорлигини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш учун алоҳида Дастур офиси ташкил этилади, аҳоли ва бизнес вакиллари ўз ташаббусларини тўғридан тўғри киритиши, шунингдек идоралар фаолиятини баҳолаш имконига эга бўлади, бу мақсадда 3 миллион доллар миқдорида мукофот жамғармаси йўлга қўйилади.

Ушбу жамғарма ҳисобидан бюрократияни бартараф этиш бўйича янги ташаббус билан чиққан аҳоли, бизнес вакиллари ва давлат хизматчилари пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
“Бюрократияни бартараф этиш – давлатнинг халққа хизмат қилишга қаратилган устувор вазифасидир. Биз биргаликда шундай тизимни яратишимиз керакки, фуқаро давлат идорасига эмас, давлатнинг ўзи ҳар бир фуқаронинг олдига бориши ва муаммосини ҳал қилиши лозим”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маросим якунида президент рамзий тугмани босиб, Бюрократияни бартараф этиш дастурини расман ишга туширди ва форум иштирокчилари билан суҳбатда “Инсон қадри учун” ғояси барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этиши зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
Мавзуга оид
11:45 / 24.02.2026
Ҳар пайшанба — вазирлик ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» бўлади
11:08 / 24.02.2026
«22 миллиондан зиёд ёшлар тимсолида катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучни кўрамиз» – президент
08:44 / 24.02.2026
Тошкентда 5 та нимстанция қурилади ва тармоқлар модернизация қилинади
08:22 / 24.02.2026