Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қишлоқ хўжалигида рақамли платформалар ва сунъий интеллект ечимлари жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини замонавий техника билан таъминлаш, механизация даражасини ошириш ва соҳада рақамли платформалар ҳамда сунъий интеллектга асосланган ечимларни кенг жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида механизация даражаси 81 фоизни ташкил этмоқда. Сўнгги йилларда 1 минг 756 та пахта териш машинаси харид қилиниб, пахта теримининг механизация даражаси 52 фоизга етди. Ўтган мавсумда 2,1 миллион тонна пахта машина ёрдамида йиғиб олингани натижасида кейинги беш йилда қўл меҳнати 1,8 баробар қисқарган.
Навбатдаги вазифа сифатида пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш белгиланди. Шу мақсадда 2026 йилда 800 та пахта териш машинаси, шунингдек, 6 мингта сеялка, трактор ва комбайн харид қилиниши режалаштирилган. Умуман, йил давомида 10 мингта янги техника олиб келиниб, қишлоқ хўжалиги техникалари парки 292 мингтага етказилиши кўзда тутилмоқда.

Янги техникаларни фермерларга қулай шартларда лизингга бериш учун халқаро молия институтларидан 400 миллион доллар жалб қилинади. Техникалар миллий валютада 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилга 18 фоиз ставкада берилиб, кредит ставкасининг 8 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.
Тақдимотда маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш устувор вазифа экани таъкидланди. 2026–2028 йилларда маҳаллий ишлаб чиқариладиган техника ва агрегатлар ҳажмини 5 баробарга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини қўшимча 10 фоизга кўтариш режалаштирилган. Хусусан, 2026 йилда ишлаб чиқариш 6 минг донагача етказилиши, 2028 йилга қадар маҳаллийлаштириш кўрсаткичи ўзиюрар техникада 30–35 фоизга, осма ва тиркамали техникада 60–65 фоизга чиқарилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, техника ва агрегатларни сотиб олишда субсидиялашнинг амалдаги тизими маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан юқори бўлган техникага татбиқ этилмоқда. Талаб юқори бўлган 3 турдаги импорт техника бўйича ҳам субсидия ажратиш таклиф қилинди. Жорий йилда техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 миллиард сўм субсидия йўналтирилиши режалаштирилган.
Тақдимотда замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш, кредитлаш жараёнларини автоматлаштириш ва рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда “Агробанк” АТБ томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси учун 1,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3,9 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Автоматлаштириш натижасида кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқариши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда агрохизмат зоналари ташкил этилиб, фермерларга банк, консалтинг, мониторинг, тупроқ таҳлили, кўчат етказиб бериш, агроном маслаҳати ва ўқув курслари бўйича хизматлар бир жойда тақдим этилади. Чорвачилик ва мевачиликда, сув сарфини “ақлли” бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида стартапларни молиялаштириш мақсадида устав капитали 100 миллиард сўмлик янги венчур компаниясини ташкил этиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, қишлоқ хўжалигида механизация даражасини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва сервисни ривожлантириш, рақамли платформалар орқали мониторинг ҳамда молиявий хизматлар самарадорлигини кучайтириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Мавзуга оид
09:05 / 06.06.2026
Қурилиш соҳасида сунъий интеллект жорий этилади
20:12 / 05.06.2026
Машиналар исёни яқинми? — Anthropic компанияси сунъий интеллект тизимларини секинлаштиришга чақирди
08:57 / 02.06.2026
Президент қарори: молиявий хизматлар оммабоплиги оширилади
08:47 / 01.06.2026