Light | 14:10 / 21.08.2020
89601
3 дақиқада ўқилади

Нега оғиздан нохуш ҳид келади? – сабаб, ечим ва ҳимоя 

Фото: Getty Images

Оғиздан чиқаётган нафаснинг ҳидланишига турли сабаблар бўлиши мумкин. Бу ҳамма билан кузатилиши мумкин бўлган, вақтинчалик ёки сурункали ҳолат ҳисобланади.

Оғиз ҳидланиши тиш, оғиз бўшлиғи ҳолати ёки инсон соғлигидаги бошқа муаммо туфайли юзага чиқади. Оғиз ҳидланишида одам ўз оғзида ёқимсиз таъмни ҳам пайқаши мумкин. Агар ҳидланиш фақат тишлар ёки оғиз ҳолати билан эмас, балки организмдаги бошқа муаммо туфайли кузатилса, тишларни тозалаш ҳид йўқолишига ёрдам бермайди.

Нималар оғизда бадбўй ҳид пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин?

Фото: Getty Images

Тишнинг нотўғри гигиенаси

Бактериялар тиш ва оғиздаги овқат қолдиқларини парчалайди. Ва натижада, оғизда нохуш ҳид пайдо бўлади. Тишларни доимий тозалаш овқат қолдиқлари парчаланишига йўл қўймасдан олдин уларни оғиздан чиқариб ташлашга ёрдам беради.

Тишларни доимий тозалаш уларни турли бактериал касалликлардан ҳам сақлайди. Бактериал касалликлар эса тиш емирилиши ва оғизда ҳид пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун тишни, албатта, кечки пайт тозалаш керак.

Кучли ҳидланишга сабаб бўлувчи овқат ва ичимлик истеъмол қилиш

Пиёз, саримсоқ ёки бошқа кучли ҳидга эга овқат истеъмол қилинса, 72 соатгача уларнинг ҳиди инсон нафасида сезилиши мумкин. Кофе каби кучли ичимликлар ҳам нохуш ҳидларга сабаб бўлади.

Чекиш

Тамаки чекиш нохуш ҳид ва оғиз қуришига сабаб бўлади.

Оғиз қуриши

Оғиз бўшлиғида етарлича тупук ишлаб чиқарилмаслиги оғиз қуришига ва унинг ҳидланишига сабаб бўлади. Тупук оғизни тоза тутишга ва нохуш ҳидларни камайтиришга ёрдам беради.

Тупук безларининг яхши ишламаслиги, инсоннинг оғзини очиб ухлаши ёки организмдаги бирор касаллик туфайли оғиз қуриши кузатилиши мумкин.

Оғиздан нохуш ҳид келиши диабет, буйрак касалликлари таъсирида ҳам кузатилиши мумкин.

Фото: Getty Images

Қандай қилиб оғиз ҳидланишидан ҳимояланиш мумкин?

Тишларни ҳар куни 2 маҳал ювиш, микробларга қарши воситалардан фойдаланиш, тилни ҳам тиш чўткаси ёки махсус воситалар билан тозалаб туриш оғизни нохуш ҳидлардан ҳимоя қилади.

Доимий тартибда сув ичиш, чанқаган ҳолда юрмаслик ҳам оғиз ҳидланишидан ҳимоя қилади. Агар чекадиган инсон оғиз ҳидланишидан халос бўлишни хоҳласа, чекишни ташлагани маъқул.

Ҳар 3 ойда тиш чўткасини алмаштириш, 6 ойда бир марта стоматолог кўригига бориб туриш ҳам оғиз ҳидланишининг олдини олади.

Оғиз ҳидланганда нима қилиш керак?

Агар оғиздан нохуш ҳид келиши ўтиб кетмаса, стоматологга мурожаат қилиш лозим бўлади. Оғиз ҳидланиши фақат тишлар билан боғлиқ бўлса, стомотолог томонидан тишларнинг тозаланиши муаммога ечим бўлиши мумкин. Агар ҳидланиш ички органлар касалликлари, масалан, буйрак касалликлари билан боғлиқ бўлса, стоматолог ҳолатга қараб керакли тавсияни беради.

Мавзуга оид