Аёллар дунёси | 12:22 / 14.01.2026
2996
6 дақиқада ўқилади

Инъекциядан инфекциягача: косметологияда гигиена муаммоси нимага олиб келяпти?

Гўзаллашиш истаги айрим ҳолларда саломатликка қимматга тушяпти. Халқаро майдонда қилинган тадқиқотлар буни тасдиқлайди. Ўзбекистонда ҳам лицензиясиз косметологлар, стерилизациясиз асбоблар ва назоратсиз инъекцион муолажалар оқибатида оғир инфекциялар юқиши ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу ҳақида мутахассислар очиқ айтяпти, аммо бозор ҳали ҳам тартибга солинмаган.

Фото: REUTERS

Косметология тарихи шуни кўрсатадики, кўп ҳолларда одамлар саломатлик хавфларидан устун ҳолда ташқи кўринишни биринчи ўринга қўйган, хавфлар ҳақидаги огоҳлантиришлар эса эътиборсиз қолган. Косметологик муолажаларнинг кенг тарқалиши, айниқса инвазив усуллар, салбий оқибатлар ва инфекция хавфини оширади. Ижтимоий тармоқлар орқали шакллантирилаётган гўзаллик стандартлари саломатлик хавфларини кўпинча инкор этади. Табиий гўзалликни қабул қилмаслик, қариш жараёнини рад этиш ва саломатликка бепарволик хавфсизлик масалаларини иккинчи ўринга суриб қўяди.

Бугун косметологик хизматлар сони тобора ортиши фонида мутахассислар соғлиқ учун хавфсизлик масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидламоқда. Жорий йилда Ўзбекистонда косметология хизматлари билан боғлиқ шикоятлар кескин ошган. Рақобат қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда бундай мурожаатлар сони 62 бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 381 гача ошган, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 200 та мурожаат қайд этилган.

Нега бу муаммо пайдо бўлмоқда?

Биринчи сабаб — косметология соҳасининг лицензия ва назорат механизми билан боғлиқ муаммолар. Таҳлилларга кўра, кўплаб салонлар ва “косметологлар” фақат ижтимоий тармоқ кўрсатмаларидан келиб чиқиб, терига инъекциялар олиб боришмоқда, кўпчилигида бунинг учун керакли тиббий билим ва лицензия йўқ. Уларнинг аксарияти қисқа курсларни тугатиб олинган сертификатлар билан фаолият олиб боришади. Бу эса косметологик хизмат кўрсатиш учун етарли даражада хавфсизлик стандартларини англатмайди.

Мутахассислар эса косметология — бу фақат эстетика эмас, балки тиббий жиҳатдан ҳам мураккаб хизмат эканини таъкидлайди. Жараёнда терига таъсир этувчи инъекциялар, аппаратлар ва химик моддалар қўлланади, шунинг учун уларнинг хавфсизлиги ва тўғри бажарилиши фақат малака ва лицензияланган мутахассис томонидан таъминланиши керак.

Қандай инфекциялар хавф туғдиради?

Полшада ўтказилган косметологик хизматларда эпидемиологик хавфсизликни баҳолаш бўйича тадқиқотда косметологик муолажалар турининг кўпайиши салбий оқибатлар ва инфекция хавфининг ортишига олиб келаётгани исботланди. Тадқиқотда 813 нафар косметологлар махфий тарзда иштирок этишди ва Давлат санитария инспекцияси ходимлари томонидан текширув жараёнида ўтказилди. Натижалар шуни кўрсатдики, косметология хизмати кўрсатувчилар касбий хавф ва инфекция юқишини баҳолаш масаласида тўлиқ тайёр эмас. Респондентларнинг 84 фоизи ишлатадиган буюмларини фақат ювиш билан чекланганини билдирган. Айрим муассасаларда умуман дезинфекция амалга оширилмаган, тахминан 13 фоизида эса стерилизация ўтказилмаган. Игналар, ампула-шприцлар ёки устаралар орқали шикастланиш ҳолатлари кузатилган.

Инвазив косметологик хизматларга талабнинг ортиши хавфсизлик бўйича қатъий қоидаларни талаб қилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тиббиёт ва косметологияда инфекцияларнинг олдини олишнинг асоси — хавфларни англаш ва уларни бартараф этиш усулларини амалиётда қўллашдир. Буларга асбобларни тозалаш, дезинфекция ва стерилизация қилиш киради. Айниқса гепатит C касаллиги кўп ҳолларда тату салонлар, сартарошхоналар, қулоқ тешиш, маникюр ва педикюр каби инвазив хизматлар орқали юқиши қайд этилган. Европа касалликларнинг олдини олиш маркази (ECDC) маълумотларига кўра, 2017 йилда Польша, Италия ва Руминияда аниқланган ўткир гепатит B ҳолатларининг 74 фоизи тиббий асбоблар билан боғлиқ бўлган.

Косметологик хизмат ортидан юққан оғир инфекция

Исми сир қолишини истаган инфекция касалликлари бўйича мутахассис космелогик хизматдан орттирилган беморининг ҳолатини гапириб берди:

«Амалиётим давомида энг қаттиқ эсда қолган ҳолатлардан бири косметологик хизмат ортидан юққан оғир инфекция билан боғлиқ. Қабулимга ўрта ёшдаги аёл мурожаат қилди. Бошида у оддий ҳолсизлик ва ҳарорат кўтарилишидан шикоят қилган. Кейинчалик текширувлар шуни кўрсатдики, у хавфли вирусли инфекцияни юқтирган.

Беморнинг айтишича, у бир неча ой давомида инъекцион (филлер), маникюр, педикюр ва чуқур тери парвариши хизматларидан фойдаланган. Асбоблар қандай қилиб ишлов берилгани, стерилизация қилинган-қилинмагани у учун аҳамиятсиз туюлган. Афсуски, айнан шу беэътиборлик оғир оқибатларга олиб келди.

Маникюр ва педикюр асбоблари, инъекциялар ва чуқур парвариш жараёнларида инфекция хавфи жуда юқори. Агар ҳар бир асбоб тўлиқ стерилизация қилинмаган бўлса, вируслар ва бактериялар контакт йўли билан осон тарқалади. Бундай ҳолатларда инфекция фақат тери билан чекланиб қолмай, бутун организмга таъсир қилиши мумкин. Мана шу бемор энди узоқ муддат даволаниши керак, ҳаёт тарзи кескин ўзгарди. Энг ачинарлиси — бу ҳолатнинг олдини олиш мумкин эди. Оддий санитар қоидаларига риоя қилинганда, бу инфекция умуман юқмасди.

Шу сабабли ҳам косметологик хизматлар соҳасида стерилизация, дезинфекция ва бир марталик асбоблардан фойдаланиш — шунчаки талаб эмас, балки инсон саломатлигини сақлаб қолиш учун ҳаётий заруратдир» дейди инфекционист.

Қонунчилик ва назорат: давлат қандай чора кўряпти?

Ўзбекистонда косметология хизматлари билан боғлиқ хавфларни камайтириш мақсадида лицензия талаблари ва санитар-эпидемиологик қоидаларни кучайтириш масаласи кун тартибида турибди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси косметологик хизматлар бўйича келиб тушаётган шикоятлар асосида текширувларни кучайтирмоқда.

Мутахассислар эса фақат текширувлар эмас, балки косметологлар учун мажбурий тиббий билим, доимий қайта тайёрлаш ва жавобгарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлайди. Косметология ва маиший хизматлар инсон ўзини парвариш қилиши учун хизмат қилади, аммо улар саломатликка зарар етказмаслиги шарт.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид