Ўзбекистон | 18:33 / 26.10.2023
17165
2 дақиқада ўқилади

Эммануэл Макрон Ўзбекистонга келади

Франция президенти Эммануэл Макрон 1 ноябр куни Қозоғистонга, 2 ноябрда эса Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Елисей саройи расмий ахборот тарқатди.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

“Франция бу икки мамлакатни ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлида қўллаб-қувватлашга, халқаро алоқаларини диверсификация қилишида ҳисса қўшишга, уларнинг мустақиллиги, суверенитети ва Европа билан муносабатларини мустаҳкамлашга интилишини қўллаб-қувватлашга тайёр”, – дейилади Макрон маъмуриятининг баёнотида.

“Франция ва ушбу икки давлат иқтисодий соҳада, айниқса энергетика, энг муҳим хомашё турлари таъминоти, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат мустақиллиги ва ҳатто мудофаа соҳаларида ўзаро яқинлашиб бормоқда”, – дея қайд этган Франция томони.

Таъкидланишича, бу икки ташриф билан Франция компаниялари иштирокида иқтисодий форумлар ўтказила бошлайди.

“Франция минтақа мамлакатлари билан, шунингдек, жиддий глобал муаммолар, шу жумладан экология, сув ресурсларини бошқариш ва озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қилмоқда”, – дейилади коммюникеда.

Расмий Париж Остона ва Тошкент билан хавфсизлик соҳасида, хусусан Афғонистон билан боғлиқ террористик таҳдидлар ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш юзасидан ҳам ҳамкорлик қилаётганини алоҳида қайд этган.

“Шу билан бирга, давлат раҳбари олдида инқирозлар кучайиб бораётган ва дунёнинг бўлиниш хавфи шароитида барча қитъалардаги давлатлар билан мулоқотни давом эттириш, халқаро ҳуқуққа ҳурмат асосида тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилишни давом эттириш масаласи ҳам турибди”, – дея таъкидлаган Елисей саройи ўз баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябр ва 2022 йил ноябр ойларида икки кунлик ташриф билан Парижда бўлган эди.

Эммануэл Макрон эса Ўзбекистонга келган Франциянинг иккинчи президенти бўлади. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 1993 йилда Европа бўйлаб ГФР, Нидерландия, Франция ва Буюк Британияга сафар қилган, бунга жавобан 1994 йилда Франциянинг 21-президенти Франсуа Миттеран Самарқандга ташриф буюрганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид