Жаҳон | 09:31
434
3 дақиқада ўқилади

Макрон ЕИ хавфсизлик сиёсатини тубдан ўзгартиришга чақирди

Европа геосиёсий держава бўлишни ўрганиши керак, деди Франция президенти Эммануэл Макрон. Унинг фикрича, амал қилиб келаётган хавфсизлик тизими аллақачон долзарблигини йўқотган.

Фото: Gettyimages.ru

Европа Иттифоқи ўз хавфсизлик сиёсатини жиддий тарзда қайта кўриб чиқиши керак, деди Франция президенти Эммануэл Макрон жума куни, 13 февралда Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзга чиқар экан. Макрон айтишича, ҳозирги хавфсизлик концепцияси Совуқ уруш даврида ишлаб чиқилган бўлиб, энди у долзарб эмас.

Унинг сўзларига кўра, Европа узоқ муддатли стратегик фикрлашга эътибор қаратиши лозим. Хусусан, гап “узоқ масофага мўлжалланган ҳарбий зарбалар” бериш салоҳиятини ривожлантириш ва Франциянинг ядровий тийиб туриш тизими Европа хавфсизлик архитектурасига қандай интеграция қилиниши мумкинлигини ўрганиш ҳақида кетмоқда, деб тушунтирди Макрон. У қўшимча қилиб айтдики, бу масала юзасидан у аллақачон айрим Европа давлатлари етакчилари билан маслаҳатлашувларни бошлаган.

“Ҳозир — кучли Европа учун айни вақт, — деди Франция президенти. — Европа геосиёсий держава бўлишни ўрганиши керак. Бу бизда ‘ДНК’ даражасида мавжуд бўлган нарса эмас эди”.

Франция президентининг фикрича, Украинадаги урушни тўхтатиш Москва олиб бораётган тажовузкор сиёсатнинг ўзгаришига олиб келмайди, шунинг учун Европа Россия билан келажакда қандай ёнма-ён яшашини олдиндан ўйлаб қўйиши керак.

“Ҳатто Украина бўйича келишувга эришсак ҳам, барибир тажовузкор Россия билан ишлашимизга тўғри келади, — деди Эммануэл Макрон. — Биз кескинлашув хавфини чеклайдиган бирга яшаш қоидаларини белгилашимиз керак. Географиямиз ўзгармайди. Биз Россия билан қўшни бўлиб яшашда давом этамиз”.

Бундан олдин Германия мудофаа вазири Борис Писториус DW’га берган интервюсида Россия раҳбариятининг ҳаракатлари фақат Европа минтақасига эмас, балки бутун дунёга ҳам таҳдид солаётганини айтган.

“Ядровий тийиб туриш масаласида гап кетганда, иттифоқ ичида ишонч ва ишончлиликни йўқотмаслигимиз керак. Чунки Россия — глобал таҳдид. АҚШ буни ўз мудофаа стратегиясида тан олган, улар бу ҳақда очиқ ёзиб қўйган. Бу энди айримлар аввал айтганидек, фақат минтақавий таҳдид эмас — бу глобал таҳдид. Шуни инобатга олсак, бутунлай равшан: бизнинг умумий вазифамиз — ҳар доим тайёр туриш”, — деди Писториус.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид