Ўзбекистон | 07:36 / 25.06.2020
10976
6 дақиқада ўқилади

Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисида маълумотлар йиғишга доир ҳукумат қарори қабул қилинади

Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмлари янада такомиллаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом;

Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасидаги маълумотларни қайта ишлашда фойдаланиладиган таснифлагич ва маълумотномалар рўйхати тасдиқланади.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини юритиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базаси солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базаси негизида ташкил этилади ва юритилади;

юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини ташкил этиш, жорий этиш ва келгусида уни юритишни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лойиҳаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Белгилаб қўйилишича, юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базаси давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорлик учун зарур бўлган юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисидаги ягона маълумот манбаи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларни рўйхатдан ўтказишда фойдаланиладиган таснифлагич ва маълумотномаларни “Электрон ҳукумат таснифлагич ва маълумотномалари реестри” ахборот тизимига жойлаштириш ва ўз вақтида янгиланишини таъминлайди.

Қарор 2-иловасида келтирилган давлат органлари ва ташкилотлари:

юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларни рўйхатдан ўтказишда фойдаланиладиган таснифлагич ва маълумотномаларнинг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига кейинчалик “Электрон ҳукумат таснифлагич ва маълумотномалари реестри” ахборот тизимига жойлаштириш учун тақдим этилишини;

юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларни рўйхатга олишда фойдаланиладиган таснифлагич ва маълумотномаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда бир кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдим этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

уч ой муддатда Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан киберхавфсизлик талабларига жавоб берадиган замонавий сервер ускуналарини харид қилади ва ўрнатади;

уч ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини марказий маълумотлар базаси билан бирлаштириш учун техник талабларни тасдиқлайди;

2020 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларини юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базаси билан бирлаштириш графигини тасдиқлайди;

2021 йил 1 январга қадар юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини ишлаб чиқади ва ишга туширади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси:

Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасидаги йиғма маълумотларни эълон қилиш жадваллари намуналарини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ҳар ой якуни бўйича таҳлилий маълумотларни белгиланган тартибда вазирлик ва идораларга тақдим этиб боришни таъминлайди.

Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасига маълумотларнинг киритилиши ва янгиланишига масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари:

а) уч ой муддатда қарорнинг 2-иловасида тасдиқланган таснифлагич ва маълумотномалардан фойдаланиш бўйича юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг мавжуд маълумотлар базаларини инвентаризация қилсин. Ушбу инвентаризация натижалари бўйича мавжуд маълумотларни янгилаш даражасини 2020 йил 1 октябрга қадар камида 80 фоиз, 2020 йил 1 декабрга қадар 90 фоиз ва 2021 йил 1 февралгача 100 фоизга етказилишини;

б) маълумотларни юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасига фақат қарорнинг 2-иловасида келтирилган таснифлагич ва маълумотномалар асосида тақдим этилишини;

в) икки ой муддатда мазкур қарорнинг 2-иловасида келтирилган таснифлагич ва маълумотномалардан фойдаланиш бўйича ўзларининг ахборот тизимлари ва манбаларига ўзгартириш киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда идоралараро электрон ҳамкорлик орқали қуйидаги маълумотларни юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасига ўтказилишини таъминлайди:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги - рўйхатдан ўтган диний ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фондлари, касаба уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар, адвокатлик бюролари ва фирмалари, адвокатлар ҳайъати;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки - рўйхатдан ўтган банклар, кредит бюролари ва хорижий банкларнинг ваколатхоналари;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги - аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларнинг консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги - хорижий тижорат ташкилотларининг аккредитациядан ўтган ваколатхоналари тўғрисидаги маълумотлар.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид