Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг Ғазодаги урушни тугатиш режаси – муҳим қадам. Унинг йўлида қандай тўсиқлар бор?
АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини эълон қиларкан, содир бўлаётган воқеаларни «Яқин Шарқда абадий тинчлик» олиб келиши мумкин бўлган цивилизация тарихидаги энг буюк кунлардан бири деб атади.
Фото: Reuters
BBC’нинг АҚШ давлат департаментидаги мухбири Том Бейтман Трампнинг Яқин Шарқ учун тинчлик режаси юзасидан мулоҳазаларини баён этди.
Бу Америка президентига хос муболаға. Аммо унинг душанба куни Оқ уйда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувда билдирган таклифи, Трампнинг баландпарвоз баёнотлари даражасида амалга ошмаса ҳам, дипломатик жараёндаги муҳим қадамдир.
Режа Ғазонинг урушдан кейинги келажаги бўйича Оқ уй позицияси ўзгаришини кўрсатади ва Нетаняҳуга Вашингтон ҳозирги келишувга рози бўлиши учун қўллашга уринганидан кўра кўпроқ босим ўтказишни назарда тутади.
Ушбу режа амалга ошиш-ошмаслиги доимий фундаментал саволга боғлиқ: Нетаняҳу ҳам, Ҳамас раҳбарияти ҳам урушни давом эттиришдан кўра, уни ҳозир тугатиш фойдалироқ деб ҳисоблайдими?
Ҳамаснинг жавоби ҳозирча аниқ эмас. Гуруҳ вакилларидан бири бу режани пессимистик баҳолаган ва BBC билан суҳбатда унинг шартлари фаластинликлар манфаатларини ҳимоя қилмаслиги ҳамда Исроилнинг Ғазодан чиқиши кафолатланмаса, Ҳамас ҳеч қандай таклифга рози бўлмаслигини айтган.
Нетаняҳу АҚШ президенти билан учрашувда Исроил Трамп режасининг 20 та бандини қабул қилишини, бироқ унинг коалициясининг ултраўнг қисми уларнинг баъзиларини аллақачон рад этганини айтди.
Режа бандларига рози бўлиш – урушни тугатиш дегани эмас. Нетаняҳунинг ўзи буни рад этаётган бўлса-да, унинг Исроилдаги рақиблари бош вазирда келишувлар унинг ҳокимиятда қолишига зарар етказадиган бўлса, уларни бузиш одати борлигини айтишмоқда.
Шундай экан, Трампнинг таклифи АҚШ президенти жуда қаттиқ хоҳлаётган ютуқ учун етарли бўлиши қийин. Режада Исроил ва Ҳамаснинг сиёсий доиралари учун ҳамон тўсиқлар мавжуд бўлиб, улар охир-оқибат келишувга эришишига йўл қўймаслиги мумкин.
Бундан ташқари, режа ҳар икки томон ҳам буни қабул қилиши ва кейинчалик музокаралар давомида ўз рақибларини муваффақиятсизликда айблаш орқали битимни саботаж қилиши мумкин бўлган интерпретация учун етарли жой қолдиради.
Кўп ойлар давомида биз айнан шунга гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Ва агар сценарий такрорланса, Трамп маъмурияти қайси тараф бўлиши аниқ – Исроил томонида.
Трамп Нетаняҳуни бунга ишонтирмоқда. АҚШ президенти душанба куни агар Ҳамас бу таклифга рози бўлмайдиган бўлса, унда Исроил бош вазири «қилиниши керак бўладиган ишни қилиши учун тўлиқ қўллаб-қувватланиши»ни айтди.
Трамп ўз таклифини битим деб атаган бўлса-да, аслида бу келгусидаги музокаралар учун доиравий келишув ёки унинг ўзи қачондир айтганидек «принциплар» тўпламидир. Бу урушни якунлаш учун зарур бўлган батафсил режа бўлиб кўринмаяпти.
Бу кўпроқ Трампдан олдинги президент Жо Байден 2024 йил май ойида ўт очишни босқичма-босқич тўхтатиш ва урушни тугатиш бўйича келишувга эришишга уриниб эълон қилган ҳадли келишувга ўхшайди. Ўшанда сулҳ тузиш ва гаровга олинганларни алмашиш учун Исроил ва Ҳамасга саккиз ой керак бўлганди.
Трамп кенг қамровли тинчлик келишувини хоҳлайди. Аммо бунинг учун улкан ҳажмдаги ишни бажариш керак бўлади: Исроил қўшинларини олиб чиқиш линияларини белгилаш, гаровдагиларни озод қилиш деталлари ҳамда бунинг эвазига қўйиб юбориладиган фаластинлик маҳбуслар рўйхатини келишиб олиш, урушдан кейинги давлат бошқаруви шартларини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа кўплаб масалалар.
Бу масалаларнинг ҳеч бири Трампнинг режасида батафсил кўриб чиқилмаган ва уларнинг ҳар бири келишув бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
Доиравий келишув олдинги таклифларнинг элементларини ҳам ўз ичига олади, жумладан, июл ойида тақдим этилган Саудия Арабистони ҳамда Франция режаси, шунингдек, Трамп раислигидаги «Тинчлик кенгаши» (АҚШ президенти режасига кўра, Ғазони вақтинча бошқариб туриши керак бўлган ўтиш даври органи) таркибидан ўрин олиши кутилаётган Буюк Британиянинг собиқ бош вазирининг охирги ишланмаларини ҳам.
Ҳужжат Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Америка президенти куёви Жаред Кушнер томонидан, Исроил, Европа ва араб давлатлари, жумладан, Фаластин масаласида воситачилик ролини бажараётган Қатар ва Миср билан маслаҳатлашувлардан сўнг ишлаб чиқилган.
SARAH YENESEL/EPA/Shutterstock
У барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, Исроил кучларини чекланган тарзда олиб чиқиш, Ҳамас асирлигида қолаётганларнинг барчасини озод этиш, кейин эса Исроил қамоқхоналаридан юзлаб фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборишни назарда тутади.
Режага кўра Ғазода технократларнинг маҳаллий маъмуриятини ташкил этишни кўзда тутилган, у «Тинчлик кенгаши» назорати остида кундалик бошқарув масалалари билан шуғулланиши керак бўлади – кенгаш қароргоҳи Мисрда жойлашади.
«Тинч-тотув яшашга аҳд қилган» ва қуролларини топширган Ҳамаснинг қолган аъзолари амнистия қилинади. Қолганлари сургун қилинади. АҚШ ва араб давлатлари томонидан ташкил этилган халқаро «барқарорлаштириш» кучлари Ғазо секторида хавфсизликни таъминлашни ўз зиммасига олади ва шу билан Фаластин қуролли гуруҳларининг демилитаризациясини таъминлайди.
Фаластин давлати тилга олинган, лекин жуда ноаниқ атамаларда. Режага кўра, агар Фаластин миллий маъмурияти ислоҳ қилинса, «охир-оқибат Фаластиннинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва давлатчилик сари ҳақиқий йўли учун шароитлар пайдо бўлиши мумкин».
Араб давлатлари учун Трампнинг таклифи катта тараққиёт. Қисман бунинг сабаби шундаки, улар унинг феврал ойида Ғазода фаластинликларни мажбуран кўчиришни назарда тутувчи «ривиера» яратиш ғоясидан қутулишди.
Режада ҳеч қандай мажбуриятсиз бўлса ҳам, ҳеч бўлмаганда Фаластин давлати ҳақида эслатма бор.
Ниҳоят, АҚШ режасида «Исроил Ғазони босиб олмайди ёки аннексия қилмайди» дейилади (Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига нисбатан бундай ваъда йўқ бўлса-да). Бу араб давлатлари учун принципиал муҳим пункт, ҳатто режанинг бошқа банди – Исроилнинг Ғазо «хавфсизлик периметри»да ўз иштирокини сақлаб қолиши унга зид бўлса ҳам.
Исроилга келсак, Нетаняҳу барча асосий келишувлар унинг урушни тугатиш мақсадларига мос келишини айтади. Яъни Ҳамасни қуролсизлантириш, Ғазони демилитаризация қилиш ва келажакда Фаластин давлатини яратмаслик.
Аммо унинг ҳукуматининг баъзи аъзолари қуролсизлантириш ва Фаластин мақоми тўғрисидаги шартларни қабул қилишадими ёки у бу босимдан таклиф бандларини қўшиш ёки «аниқлаштириш» учун фойдаланадими, ҳозирча буниси номаълум.
Энди кўп нарса Ҳамаснинг жавобига боғлиқ.
BBC журналисти Рушди Абу Алуф айтганидек, бу навбатдаги «Ҳа, лекин...» ҳолати бўлиши мумкин, бунда Ҳамас таклифни гўёки қабул қилади, лекин унинг бандларини аниқлаштиришни сўрайди. Шундай қилиб, Оқ уй урушни тугатиш бўйича олдинги «доиравий келишувлар» ва «тамойиллар» муаллифлари билан бир хил харажатларга дуч келиши мумкин.
Оқ уйда душанба куни яна бир муҳим воқеа юз берди: Трамп қўшма баёнот олдидан Нетаняҳуни Қатардан кечирим сўрашга мажбур қилди.
Hamza Z. H. Qraiqea/Anadolu via Getty Images
Қатар сентябр ойи бошида Исроил Доҳада Ҳамас раҳбариятини нишонга олгани учун узр сўрашни талаб қилганди. Энди Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачи ролига қайтиши мумкин.
Трамп ва Нетаняҳунинг учрашуви арафасида Ғазо шаҳрини ўққа тутиш ва ҳаво зарбалари кучайди. Исроил армияси бу ерга учинчи зирҳли дивизияни жойлаштирди. Бу кенгайтирилган ҳужум – Исроилнинг Ҳамасга босим ўтказиш режасининг бир қисми сифатида кўрилмоқда, аммо бу ҳаракатлар фақат тинч аҳолига янада кўпроқ вайронагарчилик келтирмоқда.
Дунёнинг кўплаб давлатлари Исроилнинг ҳаракатларини қоралади. Айни пайтда, Ҳамаснинг Ғазодаги қўмондони Аз ал-Дин ал-Ҳаддод «сўнгги ҳал қилувчи» жангга тайёрланмоқда, гуруҳнинг дала қўмондонларидан бири BBC билан суҳбатда унда 5 минг жангари иштирок этишини айтган.
Саудия Арабистони ва Франция бошчилигидаги Европа ва араб давлатлари Исроилнинг ҳаракатларидан даҳшатга тушиб, бутун ёз давомида дипломатик ёндашувни тиклашга ҳаракат қилишди. Нетаняҳуга нисбатан Ғазода ҳарбий жиноятлар содир этишда гумон қилиниб, Халқаро жиноий суд томонидан берилган ҳибсга олиш ордери амал қилаётгани ҳисобга олинса, бу Исроилнинг халқаро яккаланиш ҳиссини янада кучайтирди.
Улар бу можаро назоратдан чиқиб кетаётганини кўриб, икки томоннинг мутаассиб кучлари кучайиб бораётганидан хавотирда эди. Улар ҳали ҳам мўътадил томонларга мурожаат қилиб, Исроил ва Фаластин учун икки давлатли ечимга эришиш мумкинлигига умид қилишмоқда.
Гарчи режада бу аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, европаликлар Трампни Ғазо бўйича мўътадил таклифга жалб қилишни муҳим деб ҳисоблашди.
АҚШнинг янги режаси музокараларга қайтиш учун йўл очиши керак.
Аммо Трамп ваъдасига кўра урушни тўлиқ тугатишга олиб келадиган натижага эришиш учун бу режа ҳали кўп ҳафталар, эҳтимол ойлар давомида синчковлик билан ишлаб чиқилиши керак бўлади.
Мавзуга оид
14:06 / 21.12.2025
АҚШ ҳарбийлари Венесуэла соҳиллари яқинида яна бир нефт танкерини қўлга олди
23:40 / 20.12.2025
Нетаняҳу Трамп билан Эронга яна ҳужум қилиш масаласини муҳокама қилмоқчи
15:41 / 20.12.2025
Исроил сулҳга қарамай Ғазодаги бошпанага ҳужум уюштирди: камида 6 киши ҳалок бўлди
08:45 / 19.12.2025