Ўзбекистон | 17:59 / 20.11.2025
4247
3 дақиқада ўқилади

Туризм бўйича қарор: Визасиз режим амал қиладиган давлатлар сони кўпайтирилади

Ўзбекистонга кириш учун визасиз режим амал қиладиган давлатлар рўйхати кенгайтирилади. Чет элликларга Ўзбекистонга кираётган пайти туристик eSIM олиш таклиф этилади, чиқишда эса ҚҚСни нақд шаклда ҳам қайтариб олиш имконияти яратилади. Туризм қўмитасининг хориждаги ваколатхоналари очилиб, таргетли рекламани ўз ичига олувчи маркетинг стратегияси ишлаб чиқилади.

Фото: Kun.uz

Президент қарори билан, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ташкил этилди.

Қўмита – Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича вориси ҳисобланади.

Миллий туристик маҳсулотларни жаҳонда оммалаштириш мақсадида, Туризм қўмитасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари ташкил этилади.

Шунингдек, қўмита раисининг миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича ўринбосари лавозими киритилади. У “Миллий PR-маркази” давлат муассасаси ва ваколатхоналар фаолиятини мувофиқлаштиради, миллий туризм маркетинги учун масъул бўлади.

Фармон билан, Туризм қўмитасига (бошқа вазирлик-идоралар билан биргаликда) қуйидаги масалаларда таклифлар ва тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди:

  • Ўзбекистонга кириш учун визасиз режим жорий этиладиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш;
  • Ўзбекистонга кириш ва унинг ҳудудида бўлиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш;
  • республиканинг туризм-транспорт логистикасини ривожлантириш;
  • туризм соҳасини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси;
  • 2030 йилгача мўлжалланган туристик хизматлар бозорларида маркетинг стратегияси (таргетланган рекламани кенг жорий этишни назарда тутади).

2026 йил 1 февралдан бошлаб, чет эл фуқаролари Ўзбекистондан чиқиб кетишда харид қилинган товарлар учун тўланган ҚҚСни нақд пул шаклида ҳам қайтариб олиши мумкин бўлади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб, хорижий туристларнинг розилиги асосида Давлат чегарасини кесиб ўтишда йиғиладиган маълумотларни интеграция қилган ҳолда туристик электрон SIM-карта билан улаш ва вақтинча бўлиш жойи бўйича рўйхатга олиш проактив шаклда амалга оширилади.

Қуйидагилар 2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:

  • туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш;
  • чет эллик туристларнинг йиллик сонини амалдаги 10 млн нафардан 20 млн нафаргача етказиш, шу жумладан, тўлов қобилияти юқори бўлган туристлар оқимини кўпайтириш;
  • туризм хизматлари йиллик экспорти ҳажмини 6 млрд АҚШ долларидан ошириш;
  • Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда йўлга сарфланадиган вақтни камида 3 бараварга қисқартириш;
  • 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 бараварга ошириш;
  • туристик хизматлар ва маҳсулотларни диверсификация қилиш орқали республиканинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;
  • жаҳонда кенг таниладиган Ўзбекистоннинг туристик брендини яратиш ва миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш учун янги инструментларни жорий этиш.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид