Туризм | 09:41
489
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари қайси давлатларга кўпроқ бормоқда?

2026 йилнинг январь–апрель ойларида 2 миллион 200 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга сафар қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 83,7 минг нафарга кўпайган. Энг кўп ташриф буюрилган давлатлар орасида қўшни мамлакатлар етакчилик қилмоқда.

фото: podrobno.uz

Расмий маълумотларга кўра, йилнинг дастлабки тўрт ойида Қирғиз Республикаси ўзбекистонликлар энг кўп борган давлат бўлган. Ушбу мамлакатга 899 004 нафар фуқаро сафар қилган. Кейинги ўринда Тожикистон қайд этилган бўлиб, у ерга 388 452 нафар ўзбекистонлик борган. Қозоғистон эса 354 859 нафар кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллаган.

Туристик сафарлар географиясида диний ва дам олиш туризми ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, Саудия Арабистонига 138 113 нафар фуқаро ташриф буюрган. Бу асосан умра зиёрати билан боғлиқ сафарлар ҳисобига тўғри келади. Россияга эса 115 094 нафар ўзбекистонлик борган.

Шунингдек, Туркия ҳам ўзбекистонликлар орасида оммабоп йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳисобот даврида ушбу мамлакатга 70 340 нафар фуқаро сафар қилган. Бирлашган Араб Амирликларига 31 073 нафар, Хитойга 23 557 нафар ўзбекистонлик ташриф буюрган.

Осиё ва Африка мамлакатларига қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, Таиландга 16 291 нафар, Мисрга эса 15 823 нафар фуқаро борган. Бу давлатлар асосан дам олиш ва туризм йўналишида машҳур ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, халқаро авиақатновлар сонининг ортиши, виза тартибларининг енгиллашиши ҳамда туризм инфратузилмасининг ривожланиши ўзбекистонликларнинг хорижга сафарларини кўпайтирмоқда. Айниқса, қўшни давлатлар билан транспорт алоқаларининг фаоллашиши қисқа муддатли сафарлар сони ўсишига хизмат қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид