Ўзбекистон | 13:39 / 10.04.2021
9252
2 дақиқада ўқилади

Президент мактаблари имтиҳонларига тайёрлайдиган ўқув курслари мавжуд эмас — агентлик

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги агентлик тизимидаги мактабларга тайёрлайдиган ўқув курслари мавжуд эмаслиги, шунингдек, Президент мактабларига кириш учун тест савол-жавобларидан иборат китоблар агентликка тегишли эмаслиги ҳақида маълум қилди.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова АОКАда бўлиб ўтган брифингда ижтимоий тармоқлардаги ёлғон хабарлар ва агентликка ижтимоий тармоқлар орқали юборилган саволларга жавоб берди.

Қайд этилишича, Президент мактабларининг имтиҳонларга тайёрлайдиган ўқув курслари мавжуд эмас. Турли ўқув курслари, онлайн дарсларнинг Президент мактабларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

«Агентлик томонидан кириш имтиҳонларига тайёрланиш учун ҳеч қандай китоб ҳам нашр этилмаган ва бу китобларнинг президент мактабларига дахли йўқ», деди агентлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова.

Шунингдек, унинг маълум қилишича, Президент мактаби номидан ўқитувчилардан пул талаб қилаётган гуруҳлар борлиги аниқланган.

«Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ҳамда телеграм каналларда президент мактаблари номидан фаолият юритиб келаётган кўплаб гуруҳ ва саҳифалар учрамоқда.

Бундан ташқари, Президент мактаби репетицион марказимиз дея, ўқитувчиларга аттестацияда қўшимча балл берилиши шарти билан маълум миқдорда пул талаб қилаётган гуруҳ борлиги ҳам аниқланди.

Президент мактаблари имтиҳон ва тестлари ҳақида турли маълумотлар тарқатилмоқда.

Буларнинг Президент мактабларига алоқаси йўқ. Президент мактабларига қабул бўйича барча тасдиқланган маълумотлар Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг Piima.uz веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали бериб борилади», деди Дилфуза Собирова.

Мавзуга оид