Ўзбекистон | 15:23 / 28.10.2020
6396
3 дақиқада ўқилади

Махсус илова орқали кунлик ишлар учун керакли мутахассисни ёллаш мумкин бўлади – вазирлик

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги мардикор бозорлар билан боғлиқ масалалар янги қонунда қай даражада ўз ечимини топгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Қонунда ўзини ўзи банд қилган шахслар бўйича алоҳида моддалар кўрсатиб ўтилган. Бу ерда рўйхатдан ўтиш тартиби, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун имтиёзлар белгиланган, касбга ўқитиш бўйича, ишлатишдаги ижара қуролларини имтиёзли олиш, тадбиркор сифатида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилаётган субсидиялар бўйича алоҳида модда кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга, ишчилар маркази бўйича ҳукумат қарорининг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Халқ муҳокамасига ва тегишли вазирлик, идоралар билан келишувга чиқарилди.

Кунлик ишчилар маркази мазмунини умуман ўзгартиряпмиз. Ҳукумат қарори лойиҳасида марказларнинг қурилишидан тортиб, маиший-ижтимоий шароити, овқатланиш, озгина бўлса ҳам маданий ҳордиқ чиқариш, шу билан бир қаторда, ижара қуролларини бериш масалалари ҳам кўзда тутиляпти», деди Темур Маҳмудов АОКАда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти ва соҳага оид энг долзарб масалалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида.

Вазирлик вакили Тошкент шаҳрида яратилган кунлик ишчилар марказлари ҳақида ҳам гапирди.

«Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Яшнобод туманларида янги концепциядаги кунлик ишчилар марказларини ташкил этдик. У ерда фуқароларни рўйхатга олиш тартиби, фуқаролар мурожаат қилганидан кейин уларнинг шахсий маълумотлари шакллантирилиб, ҳудудга юборилиб, ўз ҳудудида имконият бўлса, доимий ишга жойлаштириш, овқатланиш ва бошқа ижтимоий масалаларни ҳам кунлик ишчилар марказида комплекс ҳал қилиш чорасини кўряпмиз.

Бу ҳам меҳнат бозори. Бу ҳам вақтинчалик иш. Унга ҳам талаб бор. Буни замонавий шаклга ўтказиш бўйича мобиль илова жорий қилдик. Ҳозир ушбу иловага кирадиган бўлсак, 14-15 минг фуқаронинг шахсий рўйхати бор. Ўзимиз ҳам мана шу мобиль иловадан фойдаланган ҳолда ўзимизга керакли мутахассис ёки устани чақириб, ёллашимиз мумкин бўлади. Бу ҳам тартибга солиняпти.

Мана шу ҳукумат қарори лойиҳасида ушбу мобиль иловани «Менинг ишим» буюртмалар порталига айлантириш кўзда тутиляпти. Электрон майдонча орқали бу нарсани тартибга солиш режаси бор. Унгача ҳам бу масала давлат эътиборидан четда қолгани йўқ», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид