Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Автомобилда йўловчиларни ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги маъмурий регламент тасдиқланади
Фото: KUN.UZ
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги маъмурий регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда ташиш фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламенти;
Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия варақалари берилганлиги учун давлат божи миқдорлари тасдиқланиши мумкин.
Белгиланишича, қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботини жорий этади.
Белгилаб қўйилишича, давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.
Автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини лицезиялаш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда лицензия ва лицензия варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш тизимини жорий этиш бўйича ишларни амалга ошириш схемасига кўра, 1-босқичда ариза берувчи Лицензия ва лицензия карточкалари олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади, давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўлайди.
2-босқичда Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали сўровномани лицензияловчи орган(“Ўзавтотранс” агентлиги)га юборади (мос равишда 1 соат мобайнида ва автоматик тарзда).
3-босқичда лицензияловчи орган (“Ўзавтотранс” агентлиги) ариза берувчини лицензия талаб ва шартларига мослигини ўрганади. Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза берувчига автомобиль транспортида юкларни ҳамда йўловчиларни ташишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қабул қилган қарори юзасидан хабар юборади. Лицензия беришга қарор қилинган тақдирда, хабарномада лицензия ва лицензия варақалари бериш учун давлат божи миқдорларини кўрсатган ҳолда юборади. Бажариш муддатлари - 5 иш куни ва 1 иш куни.
4-босқичда Давлат хизматлари маркази ариза берувчини (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) қабул қилинган қарор ҳақида ҳамда лицензия/лицензия карточкалари бериш учун давлат божи миқдорларини қайд этган ҳолда хабардор қилади (1 соат мобайнида).
5-босқичда ариза берувчи лицензия/лицензия карточкалари бериш ҳақида қарор келиб тушгандан сўнг, лицензия бериш учун давлат божини қарорда кўрсатилган миқдорда амалга оширади (3 ой мобайнида).
6-босқичда лицензияловчи орган (“Ўзавтотранс” агентлиги): ижобий қарор мавжудлиги ва лицензия/лицензия карточкалари бериш учун тўловлар тўланганидан сўнг лицензия/лицензия карточкаларини ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаб расмийлаштиради; лицензия/лицензия карточкаларини (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади (1 иш кунида).
7-босқичда Давлат хизматлари маркази лицензия/лицензия варақасини талабгорга ўзи шахсан келганда унда ўз муҳрини қўйиш йўли билан беради - 1 соат мобайнида.
Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламентига кўра, тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланади. Тижорат асосида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
Лицензия бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар лицензияловчи органлар томонидан:
Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан — Ўзбекистон Республикасида йўловчи ва юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш бўйича;
Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан — йўловчи ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўналишларда ташиш бўйича амалга оширилади.
Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқи учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
Ариза берувчининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг қуйидаги қисмларига берилади:
а) йўловчиларни шаҳарда автобусларда ташиш;
б) йўловчиларни шаҳарда микроавтобусларда ташиш;
в) йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш;
г) йўловчиларни шаҳар атрофида автобусларда ташиш;
д) йўловчиларни шаҳар атрофида микроавтобусларда ташиш;
е) йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш;
ж) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича автобусларда ташиш;
з) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича микроавтобусларда ташиш;
и) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича енгил автомобилларда ташиш;
й) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича автобусларда ташиш;
к) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича микроавтобусларда ташиш;
л) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича енгил автомобилларда ташиш;
м) юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш;
н) юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш;
о) юкларни автомобиль транспортида халқаро йўналишлар бўйича ташиш.
Лицензиат лицензияловчи органга мурожаат қилганда бир ариза бўйича ушбу лицензияловчи орган томонидан бериладиган лицензия турларининг бир неча қисмини олиш ҳуқуқига эга.
Халқаро йўналишларда юкларни ташишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия варақасига эга бўлган миллий юк ташувчилар автомобиллар унга мувофиқ шаҳарлараро йўналишларда юк ташишни амалга ошириш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
Лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.
Лицензия билан бирга ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия варақаси берилади. Лицензия варақаси — лицензия талаблари ва шартларига мажбурий тарзда риоя қилинган ҳолда йўловчилар ва юкларни ташишда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситасига лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома (лицензия). Лицензия варақасининг амал қилиш муддати ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати билан чекланади. Лицензия варақасининг амал қилиши лицензия варақаси берилган кундан бошлаб ҳисобланади. Тижорат ташувларида лицензия варақалари билан таъминланмаган автомобиль транспорти воситасидан фойдаланиш ноқонуний ҳисобланади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга олиб келади.
Қуйидагилар автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
а) лицензиат томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланишда, уларни шайлашда қонун ҳужжатларига, ташиш қоидаларига мажбурий риоя қилиниши, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши;
б) штатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган, тегишли лавозимни эгаллаш ҳуқуқи учун ўрнатилган тартибда аттестациядан ўтган мансабдор шахсларнинг мавжуд бўлиши;
в) лицензиат фойдаланаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун лицензия варақаси мавжуд бўлиши;
г) автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтганлигини ва техник жиҳатдан созлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;
д) автомобиль транспортида юк ташувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг ва юридик шахс ходимларининг автомобиль транспортида йўловчилар ва юк ташишларни амалга оширишда қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги;
е) қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли ташилиши;
ж) тендерлар натижалари бўйича, ваколатли органлар билан шартнома асосида йўловчиларни йўловчилар ҳуқуқларига, ҳаракатланишнинг белгиланган жадвалларига, транспортда юриш тарифларига риоя этган, йўловчиларнинг белгиланган тоифаларини текин ва имтиёзли тарзда ташишни таъминлаган, қоида бузиш, антисанитария ҳолларига хизмат кўрсатишнинг сифатининг паст бўлишига йўл қўймаган ҳолда автомобилда мунтазам ташиш (йўналишли таксилардан ташқари);
з) ташиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш, автотранспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, уни асраш, техник кўрикдан ўтказиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
и) янгидан олинаётган ва тўлдирилаётган автотранспорт воситаларига лицензиатлар томонидан қўшимча лицензия варақаларининг ўз вақтида олиниши;
к) шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишда автомобилда ташишларни амалга ошираётган автотранспорт воситаларида сервис устахонасининг тамғаси қўйилган назорат приборлари (тахографлар) мавжуд бўлиши.
л) йўналишсиз таксиларнинг техник ҳолати ва асбоб-ускуналарининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига, ташқи кўринишига ва анжомларига, ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги.
Мавзуга оид
11:13 / 17.11.2025
ЯТТларнинг фирма номига эга бўла бўлишига рухсат берилади
17:25 / 27.10.2025
Қурилиш қоидаларини бузгани учун «Dream House Design» МЧЖнинг лицензияси бекор қилинди
09:03 / 16.10.2025
Айрим хусусий клиникалар лицензиясиз хизматлар кўрсатаётгани аниқланди
20:55 / 29.08.2025