Соғлом ҳаёт | 21:11 / 21.08.2025
9998
7 дақиқада ўқилади

«Шифокорлар беэътибор бўлишди» – касалхонада вафот этган 4 ёшли боланинг отаси

16 август куни Тошкентдаги 4-сонли шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида 4 ёшли Зубайр Амонов вафот этди. Дастлабки тиббий маълумотномада унинг ўлими сабаби ўпка-юрак етишмовчилиги, А09 инфекцияси билан боғлиқлиги тахмин қилинаётган диарея ва гастроэнтерит эканлиги кўрсатилган. Марҳумнинг отаси Баҳром Амонов эса боласига шифокорлар тўғри ташхис қўймагани, унга етарли даражада эътибор билан муолажалар қилмаганини таъкидламоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фарзанд доғида қолган отанинг сўзларига кўра, шифохонага олиб борилганидан сўнг, болада иситма чиққан ва кечқурун лаблари кўкариб, оёқлари музлаб қолган. Онаси шифокорларга мазкур ҳолат ҳақида айтганда “бу оддий ҳол, ўтиб кетади” дея уларга ҳеч ким қарамаган. Боланинг аҳволи оғирлашиб, танаси қалтирай бошлаганда реанимацияга олинган ва шу жойда гўдакнинг жони узилган.

Марҳумнинг отаси Баҳром Амонов воқеаларни Kun.uz’га сўзлаб берди:

2025 йил 12 август куни кўчадан иккита тарвуз олдим. Биттасини ота ҳовлига олиб бордим, иккинчисини эса квартирага олиб чиқиб, тушлик пайти болаларим билан едик. Орадан икки-уч соат ўтиб, энг кичкина қизим (1,5 ёш) қуса бошлади. Дарҳол Шайхонтоҳур туманидаги 4-сонли юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. Уйда олишга мўлжаллаб муолажалар ёзиб беришди. Йўлда қизимга қусишни тўхтатадиган укол қилдирдик, эртасига аҳволи сал яхшиланди. Кечга бориб эса яна мазаси қочди, ичи кетишни бошлади. Яна ўша юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. Анализлари ёмон чиққани учун қизимни шифохонада қолдиришди.

Ўша куни кечқурун катта қизимда (5,5 ёш) бош оғриғи кузатилди. Эртаси куни иситмаси кўтарилди. Бир пайт 4 ёшли ўғлим қайт қила бошлади. Унда иситма йўқ эди, фақат тинимсиз қусди. Шундан кейин уларни ҳам кийинтириб, юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордим. Шифокорлар иккисини ҳам палатага ётқизишди. Бу 15 август куни эрталаб соат 8:00-8:30 лар атрофида бўлган воқеа.

16 август куни тонгда телефон орқали аёлимдан фарзандларим ҳолатини сўраганимда ўғлимнинг иситмаси баландлиги, беҳол ётганини айтди. Мен “докторга кўрсат” дедим, у эса “шифокорлар бу оддий ҳолат, хавотирга ўрин йўқ” дея тушунтирганини таъкидлади. Ҳамшира эса ўзининг ишлари билан овора бўлиб, аёлимнинг гапига эътибор ҳам бермаган”, – дейди ота.

Кун давомида боланинг иситмаси кўтарилиб, кечқурун 38,5 даражагача етган. Бола тинмай қусгани сабабли дорилар берилмаган, фақат аналгин ва димедрол уколи қилинган. Бироқ эрталабгача иситма пасаймаган. Тонгда шифокор текширувга кирганида боланинг қусишида қон аралашганлиги кузатилган. Шифокор бу ҳолатни кучли қусиш оқибатида майда қон томирлар ёрилиши билан изоҳлаган ва қўшимча муолажа ёзиб берган. Шунга қарамай, кун давомида боланинг иситмаси тушмаган. Она бола уйғонмаганини айтганида эса шифокор унинг аҳволи нормал эканини билдирган ва фақат кўпроқ суюқлик ичиришни тавсия қилган.

Кечқурун уларни кўришга бордим. Шом пайти аёлим тўрт ёшли ўғлимни қўлида кўтариб пастга тушди. Боламнинг танаси қизиб кетган, юзи шишган эди. Нима бўлди, деб сўрасам, капелница таъсиридан эканлигини маълум қилди. Майли, ўтиб кетар, деб уйга қайтдим.

Ҳар соатда телефон орқали болаларимдан хабар олиб турдим. Кечки соат 00:58 ларда аёлимдан “адаси, хавотир олманг, иситмаси тушди”, деган хабар келди. Хотиржам бўлиб, уйқуга кетдим. Соат тунги 02:40 да хотиним қўнғироқ қилди:“шифохонага келиб кета оласизми?” деди. “Тинчликми?” десам, “келаверинг, келганда гаплашамиз” дея жавоб берди. Бориб қарасамки, ўғлимнинг жони узилган экан”, – дейди марҳумнинг отаси.

Баҳром Амонов операция хонасига кирганда реанимация бўлими ходими боланинг ўпкасидан 2 литр сув чиққани айтади. Ота бир кун олдин иситма ва ич кетиши билан шифохонага олиб борилган дилбандининг ўпкасида бир сутка ичида қандай қилиб шунча миқдорда сув тўпланиб қолганидан таажжубда эканлигини билдирди.

Реанимация хонасига кирганимда боламни елкаларидан боғлаб қўйишганини кўрдим. Шифокорлар кеча кечқурун (16 август) соат 8–10 оралиғида кўрикдан ўтказилганини, хавотирланадиган нарса йўқлигини, бу оддий иситма ҳолати эканини айтишган эди. Реанимациядаги доктор эса “мен фарзандингизни биринчи марта кўриб турибман, унга қандай ташхис қўйилганидан бехабарман”, деди. Кейин эса “ўпкасидан 1,5–2 литрча сув чиқди”, деб кўрсатди. Болам 15 август куни эрталаб 8:30 да касалхонага ётқизилган, 17 август куни соат бирлар атрофида жон таслим қилди. Бир ярим сутка ичида бундай ҳолат қандай юз берди? Вазни атиги 14 кило бўлган боланинг ўпкасида шунча сув қаердан пайдо бўлиши мумкин?

Турмуш ўртоғимнинг айтишича, 16 август куни ўғлим нафас олаётганда хириллаш пайдо бўлган. У эса томоғида балғам тўсилаётгандир, деб ўйлаган. Аҳволи бироз енгиллашсин деб бир-икки қултум сув ҳам ичирган. Кейин эса боланинг оёқлари музлаб, лаблари кўкара бошлаган. Ҳамшираларга ҳолат ҳақида айтганда улар эътибор бермаган. Бир маҳал боламнинг оғзи қийшайиб, қалтираган. Шунда аёлим бақириб ёрдам сўраган. Кейин ҳамширалар ўғлимни реанимацияга олиб кириб кетишган ва у ердан болам ўлик ҳолда чиққан”, – дейди Баҳром Амонов.

Ота реанимация бўлимига кирганда дефибриллятор аппаратини кўрмаганини, у ерда беморни жонлантириш учун ҳеч қандай тиббий асбоб-ускуналар бўлмаганини айтади. Шифокорлар эса Баҳром Амоновга болани жонлантириш учун 40 дақиқага яқин вақт давомида ҳаракат қилишганини билдирган.

Баҳром Амонов Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб, ҳолатга аниқлик киритишлари, реанимация бўлимида шошилинч ҳолатлар учун тиббий асбоб-ускуналар доим шай ҳолатда туришини таъминлашлари, шифокор ва ҳамширалардан бемор соғлигига бефарқ бўлмай, ишига диққатлироқ ёндашишлари талаб қилинишини сўрамоқда.

Мавзуга оид