Ўзбекистон | 07:17 / 26.09.2023
13899
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимларига малака тоифаси беришда аттестациядан ўтказишнинг янги тизими ишга туширилди

Тиббиёт ходимларига малака тоифаси беришда ҳужжат топшириш ва аттестациядан ўтказишнинг мутлақо янги тизими яратилди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2023 йил 11 сентябрдан бошлаб Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази томонидан малака тоифаси бериш бўйича тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжатларини фақат электрон шаклда tibtoifa.ssv.uz ахборот тизими орқали қабул қилиш бошланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, янги тизим асосида онлайн тартибдаги малака тоифаси бериш бўйича дастлабки аттестацияларни жорий йил 16 сентябрдан бошлаб ўтказиш йўлга қўйилди.

Оғзаки имтиҳонлар (суҳбат) онлайн шаклда махсус дастур орқали Тошкент шаҳри ва вилояти учун Марказ биносида зарур қурилмалар билан жиҳозланган хоналарда, Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги мутахассислар учун муассасанинг ҳудудлардаги ана шундай хоналарида ўтказилмоқда.

Бунда имтиҳонларнинг онлайн суҳбат босқичи учун бериладиган билет саволлари “Random” (инсон омили минималлашган, компьютер технологияси ёрдамида тасодифий савол танлаш) дастури орқали танланади.

Билетлар 5 та саволдан иборат бўлиб, уларга жавоб бериш учун кўпи билан 15 дақиқа вақт ажратилади ва 10 баллик тизимда баҳоланади. Имтиҳон якунида ушбу дастур умумий балларнинг ўртача қийматини ҳисоблаб, ўша заҳоти эълон қилади.

Аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида онлайн трансляция қилинади.

Эндиликда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси олишда ҳужжат топшириш ҳамда аттестациядан ўтиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга келишига бутунлай барҳам берилди.

Энг муҳими, эндиликда назарий билими, амалий кўникмалари ва касбий маҳоратини мунтазам ошириб борган тиббиёт ходимларигина малака тоифасини бериш бўйича имтиҳонлардан ўта олади. 

Бу эса тизимни етук ва чуқур билимга эга, халқаро рақобатбардош кадрлар билан бойитиш имконини беради. Зеро, бу — аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид