Ҳозирда айрим хусусий клиникалар ва давлат шифохоналарида ташхислаш, бемор кузатуви ва реабилитация жараёнларига сунъий интеллект синов тариқасида татбиқ этилмоқда. Бу янги технологиянинг маҳаллий шароитга мослашуви, бемор маълумотларини ҳимоя қилиш ва жавобгарлик масалаларини кун тартибига чиқаради. Kun.uz мухбири айни мавзуда халқаро компанияда дастурчи сифатида фаолият юритаётган ва тиббиётда таҳлил натижаларига кўра ташхислашни осонлаштиришга қаратилган стартап устида ишлаётган ёш тадқиқотчи Дилдора Ғаниева билан суҳбатлашди.

Дилдора Ғаниева

Сунъий интеллект (СИ) тиббиёт ва технология ривожланган мамлакатларда касалликларни прогноз қилиш, рецепт ёзиш ва ҳатто дори воситаларини ишлаб чиқишда қўлланяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан Дерматовенерология ва косметология марказида касалликларни СИ ёрдамида ташхислаш йўлга қўйилган. Бу ўзи қанчалик самарали ва СИ тиббиётдаги айнан қайси жараёнларда нималарни ўзгартиради?

— Сунъий интеллект тиббиётда энг кўп фойда бераётган йўналишлардан бири бу — ташхис қўйиш. Негаки ақлли технология минглаб маълумотларни бир зумда таҳлил қилиб, инсон кўзи илғамайдиган касаллик белгиларини аниқлай олади. Масалан, у рентген ёки MRT суратларидаги жуда кичик ўзгаришларни ҳам топиш қобилиятига эга. Мазкур жиҳат шифокорларга касалликни эрта босқичда билиш ва даволашни ўз вақтида бошлаш имконини беради. Натижада беморларнинг соғайиш эҳтимоли ошади, даволаниш муддати эса қисқаради.

Яна бир катта афзаллиги хатоликларни камайтиришда кўзга ташланади. Ҳар қанча тажрибали бўлмасин, шифокор – инсон: демак, у чарчайди ёки эътиборсизлик қилиб айрим жиҳатларни шунчаки илғамай қолиши мумкин. Сунъий интеллект эса маълумотларга асосланиб иш кўради ва ҳиссиётларга берилмайди. Шу боис, у таҳлилни барқарор ва аниқ бажаради.

Бундан ташқари, сунъий интеллект тиббиётда фақат ташхис билан чекланмаяпти. У касаллик хавфини олдиндан прогноз қилиш, беморга мос рецепт тузиш, ҳатто янги дорилар ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Илгари лабораторияларда йиллаб давом этган тажрибалар энди бир неча ой, ҳатто ҳафталар ичида амалга оширилишига эришиляпти.

Беморни кузатиш ва реабилитация босқичида ҳам сунъий интеллект технологиялари муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ақлли билагузуклар ёки мобил иловалар ёрдамида беморнинг юрак уриши, қон босими, қанд миқдори, уйқу сифати каби кўрсаткичларини доимий равишда ўлчаб бориш имконияти мавжуд. Бу қурилмаларда тўплаган маълумотлар сунъий интеллект орқали таҳлил қилинади ва агар ўзгариш ёки хавфли белги аниқланса, шифокорга автоматик сигнал юборилади. Шу йўл билан юрак хуружлари, инсулт ёки бошқа оғир ҳолатларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Бундай тизимлар, айниқса, сурункали касалликларга чалинган, уйда даволанаётган ёки реабилитация босқичида бўлган беморлар учун жуда фойдали.