Ўзбекистон | 14:34 / 22.06.2019
40317
3 дақиқада ўқилади

Республикада қанча ўқувчи мактабни олтин медал билан битирди?

Фото: KUN.UZ

Шу йилнинг 22 февралида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаган эди.

Низом умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлар, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартибини белгилаб берган эди.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим ва академик лицейларда неча нафар битирувчи олтин ва кумуш медал билан тақдирланди? Kun.uz мухбири Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматига айни савол билан мурожаат қилди. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда умумий мактаблар сони: 9691тани ташкил этиб, шундан: бошланғич мактаб - 16та; ўн бир йиллик мактаб 9584тани ташкил этади.  

2018/2019 ўқув йили 11-синфини битирувчилар сони 279788 ўқувчидир. 

Республика бўйича олтин медал билан битирган ўқувчилар сони 2555 битирувчини ташкил этса, кумуш медал олганлар 2502 ўқувчидир. Жами медаллар сони 5057тадан иборат. Бу рақам ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланди:

Эслатиб ўтамиз, олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чорак ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Шу билан бирга, алоҳида қайд этиш лозим, олтин ва кумуш медал соҳиблари олий таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириш учун ҳужжат топширса, уларга кириш имтиҳонларда ҳеч қандай имтиёз берилмайди. 

Мавзуга оид