Жамият | 15:40
9120
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 13 нафар боғча боласини ташиб кетаётган Matiz ЙТҲга учради

Нурота туманидаги оилавий боғча раҳбари бўлган аёл 13 нафар болани Matiz машинасида боғчага олиб кетаётганда ЙТҲга учраган. Оқибатда аёл вафот этган. Бир бола кома ҳолатида, 8 нафари эса вилоят марказига шифохонага олиб кетилган. Эр-хотин ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда машина бошқариб келгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Навоий вилоятининг Нурота туманида боғча болалари иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Kun.uz’нинг аниқлик киритишича, ЙТҲ 5 май куни эрталаб содир бўлган. Тумандаги оилавий боғчалардан бирининг раҳбари бўлган 34 ёшли аёл 13 нафар тарбияланувчи ва ўзининг 3 ойлик чақалоғини Matiz машинасига миндириб ташиган.

Аёл болаларни яшаш хонадонларидан боғчага олиб кетаётган бўлган. У ҳаракат пайтида бошқарувни йўқотган ва машина йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. ЙТҲ оқибатида аёл вафот этган, болалар эса турли даражада тан жароҳатлари олган. Айни вақтда бир бола кома ҳолатида, 8 нафари эса вилоят марказидаги шифохонага олиб кетилгани айтилмоқда.

Манбага кўра, эр-хотин ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда йиллар давомида машина бошқариб келган. Яъни болалар доимий равишда шу ҳолда уйдан боғчага ва боғчадан уйга ташилган. Ҳатто ота-оналар ҳам бунга эътироз билдирмаган.

Бу Навоийда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахс болаларни машинада ташиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас: аввалроқ ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, автомобилни бошқариш ҳуқуқи ҳам бўлмаган шахс маст ҳолда 23 нафар болани Damas’да ташигани аниқланганди.

Кўза кунда эмас, кунида синади. Боғчалар болалар ҳаёти билан ўйнашмоқда

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид