Навоий вилоятида яна инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ЙТҲ бугун эрталаб соат тахминан 7:20 ларда А379 автомобил йўлининг Конимех тумани ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган. 2000 йилда туғилган Ж.Н. Nexia машинасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида бошқарувни йўқотган. Оқибатда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, 1993 йилда туғилган ҳайдовчи А.М. бошқарувидаги юк машинасига урилган.

ЙТҲ оқибатида Nexia ҳайдовчиси Ж.Н. ва ундаги йўловчи воқеа жойида вафот этган. Nexia’да кетаётган яна бир йўловчи — 21 ёшли О.Р. оғир тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Аввалроқ ҳам Навоийда Nexia ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидасини бузган ҳолда юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 4 киши, орадан 15 кун ўтиб эса Kia ва Chery машиналари тўқнашувида 5 киши вафот этганди.

Ушбу ҳолатлардан сўнг маҳаллий кенгаш қарори билан “Навоий—Учқудуқ” халқаро автомобил йўлининг айрим қисмларида (78-90, 104-107, 120-124, 135-144, 160-168, 180-200 кмлари оралиғида) ҳаракат тезлиги 80 км/соатга туширилганди.