Навоий вилоятининг Нурота туманида боғча болалари иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Kun.uz’нинг аниқлик киритишича, ЙТҲ 5 май куни эрталаб содир бўлган. Тумандаги оилавий боғчалардан бирининг раҳбари бўлган 34 ёшли аёл 13 нафар тарбияланувчи ва ўзининг 3 ойлик чақалоғини Matiz машинасига миндириб ташиган.

Аёл болаларни яшаш хонадонларидан боғчага олиб кетаётган бўлган. У ҳаракат пайтида бошқарувни йўқотган ва машина йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. ЙТҲ оқибатида аёл вафот этган, болалар эса турли даражада тан жароҳатлари олган. Айни вақтда бир бола кома ҳолатида, 8 нафари эса вилоят марказидаги шифохонага олиб кетилгани айтилмоқда.

Манбага кўра, эр-хотин ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда йиллар давомида машина бошқариб келган. Яъни болалар доимий равишда шу ҳолда уйдан боғчага ва боғчадан уйга ташилган. Ҳатто ота-оналар ҳам бунга эътироз билдирмаган.

Бу Навоийда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахс болаларни машинада ташиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас: аввалроқ ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, автомобилни бошқариш ҳуқуқи ҳам бўлмаган шахс маст ҳолда 23 нафар болани Damas’да ташигани аниқланганди.

Кўза кунда эмас, кунида синади. Боғчалар болалар ҳаёти билан ўйнашмоқда