14:21 / 04.03.2019
6422

Таълим муассасаларида юксак ютуқларга эришган битирувчилар маблағлари ҳисобидан махсус жамғарма ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармасини ташкил этиш тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари таълим муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида (ғазна ижроси билан қамраб олинмаган муассасаларда уларнинг махсус ҳисоб рақамларида) жамланади ва белгиланган мақсадларга сарфланади.

Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган номдор битирувчиларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;

хайрия берувчилар маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларининг хайр-эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.

Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларни молиялаштиришга йўналтирилади:

иқтидорли, билимли ўқувчи ва талабаларнинг ўз билимларини янада мустаҳкамлашлари учун зарур бўладиган ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозлар харид қилиш;

аълочи ўқувчи ва талабаларнинг ўз устида ишлашлари ва билимларини мунтазам ривожлантиришга интилишларини моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

ўқувчи ва талабаларнинг туманлар, вилоятлар, республика ва халқаро миқёсда ўтказиладиган (билимлар соҳаси, спорт, маънавий-маърифий ва бошқа тадбирлар) турли мусобақаларда фаол иштирокини таъминлаш;

кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи ўқувчи ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш;

профессор-ўқитувчилар ва ходимлар меҳнатини рағбатлантириш;

ижтимоий фаол ва таълим муассасасида кўп йиллар мобайнида меҳнат қилган профессор-ўқитувчилар ва ходимларни моддий рағбатлантириш;

таълим муассасалари моддий техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан бино ва иншоотларни таъмирлаш, зарур замонавий ўқув ва илмий-лаборатория ускуналари, мебеллар, инвентарлар ҳамда ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозлаш ва бошқа товар-моддий бойликларни харид қилиш;

фаол ўқувчи ва талабалар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини ва уларнинг устоз ва мураббийларини тақдирлаш ва рағбатлантириш;

битирувчилар ва таълим муассасалари ўртасида амалий ва фойдали алоқалар ўрнатилишини таъминлаш учун сарфланадиган бошқа харажатлар.

Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш таълим муассасалари раҳбарлари раислик қилувчи Жамғармани бошқариш кенгашлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида Кузатув кенгашлари томонидан амалга оширилади.

Кенгаш таркиби таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади. Кенгаш таркибига таълим муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари, ўқувчи ва талабалар, Ёшлар иттифоқи вакиллари ҳамда мазкур таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган номдор битирувчилар киритилади.

Кенгаш мажлиси аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Қарор қабул қилишда овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Кенгаш раиси томонидан ҳал қилувчи қарор қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда таълим муассасаларининг баённома асосида қабул қилинган буйруғи билан амалга оширилади.

Кенгаш мажлиси ҳар чоракда камида бир маротаба, зарурат бўлганда навбатдан ташқари чақирилади.

Кенгаш:

Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Ҳар чорак якуни ва ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқбошқа ваколатларни амалга оширади.

Жамғарма фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унга таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган битирувчиларнинг ҳомийлик маблағларини жалб этиш таълим муассасаси номидан амалга оширилади.

Top