Жамият | 15:53 / 22.04.2022
48733
2 дақиқада ўқилади

Андижонда боғчада 4 ёшли тарбияланувчи вафот этди

Олтинкўл туманидаги 31-мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси уйқу вақтида оламдан ўтди.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги боғчаларнинг бирида 4 ёшли бола кун тартибидаги уйқу вақтида ухлаётганда вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 21 апрель куни соат 14:00 дан 15:00 га қадар бўлган оралиқдаги вақтда тумандаги 31-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган 4 ёшли Х.Л. мактабгача таълим ташкилотининг кун тартибидаги уйқу вақтида ухлаётганда вафот этди.

Ташкилот ҳамширасининг маълум қилишича, эрталабки қабул жараёнида тарбияланувчи Х.Л.да ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаган.

Кун тартибидаги уйқу вақтида ҳар доимгидек болалар уйқуга ётқизилган ва тарбиячи томонидан тарбияланувчиларни уйқудан уйғотишганда, бола ўрнидан турмаган ва дарҳол тез ёрдамга мурожаат қилинган. Тиббиёт ходимлари томонидан тарбияланувчи тиббий назоратдан ўтказилган. Натижада бола уйқу вақтида оламдан ўтгани маълум бўлган.

Ҳозирги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув, экспертиза ишлари олиб борилмоқда.

«Экспертиза хулосалари аниқлангач, батафсил маълумот берилишини ҳамда ҳолат Мактабгача таълим вазирлиги томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Мавзуга оид