Ўзбекистон | 16:51 / 30.09.2025
2582
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси уйга қайтди

Бу борада тиббий тадбирлар тўлиқ якунланган, шифохоналар эса ўзининг одатий иш фаолиятига қайтган. 2 октябрдан вилоятдаги барча боғчалар фаолияти ҳам тикланади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тошкент вилоятидаги боғчаларда заҳарланган ҳамда касалхоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси оиласи бағрига қайтган. Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган махсус штаб аъзоси Нурмат Отабеков 30 сентябр куни берган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда фақат уч нафар тарбияланувчилар шифокорлар назорати остида қолмоқда.

«Улар асосий ҳолатдан тўлиқ соғайган бўлиб, даволаш жараёнида уларда олдиндан мавжуд касалликлар аниқлангани сабабли, қўшимча тиббий кузатув остида қолдирилган. Бу болаларнинг ҳам аҳволи барқарор ва яқин кунларда уйларига жавоб берилади.

Шундай қилиб, тиббий тадбирлар тўлиқ якунланди, шифохоналар эса ўзининг одатий иш фаолиятига қайтди», дейди у.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мамлакат бўйлаб барча таълим муассасаларида овқатланиш хизматлари устидан назорат ва профилактик ишларни кучайтириши қўшимча қилинган.

«Мазкур ишлар келгусида шундай ҳолатларнинг такрорланиши олдини олишга қаратилади. Шу ўринда юксак масъулият ва фидойилик билан ўз бурчини адо этган барча тиббиёт ходимларига самимий миннатдорчилик билдирамиз», – дея унинг сўзларини келтиради ССВ матбуот хизмати.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса 2 октябрдан вилоятдаги барча боғчалар ўз фаолиятини одатий иш режимида давом эттиришини маълум қилди.

Вазирлик баёнотида боғчаларда назорат механизмлари кучайтирилиши қайд этилган.

«Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, айрим боғчаларимизда умумий овқатланиш хизматлари хусусий корхоналар томонидан аутсорсинг тизими орқали йўлга қўйилган. Шартномаларда санитария талаблари ва меъёрларига қатъий риоя қилиш белгиланган.

Шу билан бирга, вазирлик ўз масъулиятини чуқур ҳис қилади ва назорат механизмларини янада кучайтиради.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда воқеа тафсилотлари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Камчиликлар аниқланса, тегишли шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади», – дейилган хабарда.

Вазирлик боғчаларга овқатланиш хизмати кўрсатаётган барча ташкилотларга мурожаат қилиб, санитария талабларига беписандлик ёки озиқ-овқат сифати ҳисобига харажатларни қисқартиришга мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид