Ўзбекистон | 15:14 / 29.10.2023
20629
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иссиқхоналарга табиий газ етказиб берилиши шартлари маълум қилинди

2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида кўмирга ўказилиши керак бўлган иссиқхоналарга, агар автоматлаштирилган газ ҳисоблагич ўрнатган, дебитор қарзлари бўлмаса ҳамда олдиндан тўловларни амалга оширган бўлса, газ етказиб берилиши мумкин. Яна бир шарти — ўтган галгидек аҳоли газ таъминотида муаммо юзага келса, улар муқобил ёқилғи захирасини ғамлаб қўйишлари керак бўлади.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг «Иссиқхона хўжаликлари ва мева-сабзавотларни экспорт қилувчи корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Унга кўра, кўмирга ўказилиши керак бўлган иссиқхоналарга 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб берилади:

  • табиий газ ҳисоблагичлари табиий газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган;
  • табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндириш ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўлаш;
  • аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил энергия захираси мавжудлиги.

Тариф эса юридик шахслар учун ўрнатилган тартибда бўлади (1500 сўм). 

Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда иссиқхона хўжаликларининг газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланганини назорат қилади ва уланмаган иссиқхона хўжаликлари «Инсофсиз истеъмолчилар рўйхати»га киритилган ҳолда уларга газ етказиб бериш бўйича шартномлар бекор қилинади.

2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумидан бошлаб ҳар йили «Ҳудудгазтаъминот» Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама келишувлар тузиш амалиёти жорий этилади. Келишувларда ҳар бир иссиқхона хўжалигининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, унга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмлари аниқ кўрсатилади.

Табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан рағбатлантириш мақсадида  2023 йил 1 ноябридан иссиқхона хўжаликларининг кўмир қозонини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи давлат бюджетидан (Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан) қоплаб берилади.

Тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига қуйидаги мақсадлар учун кредитлар ажратилади:

  • кўмир сақлаш омборларини қуриш учун – 3 йил муддатга 1 йиллик имтиёз даври билан;
  • ёқилғи сотиб олишга айланма маблағ учун 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёз даври билан.

Бундан ташқари, тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжалигини ташкил қилган ҳар бир мижознинг молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг кредитларини қайтариш муддатларини узайтириб беради.

Мавзуга оид