Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Африкадаги даҳшатли қотилликлар, Украинага Tomahawk ва космосда рақобатга киришган Хитой – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Украинага Tomahawk берилиши эҳтимоли ошмоқда
Пентагон Украинага узоқ масофали Tomahawk ракеталарини беришига рухсат берди. Якуний сиёсий қарор энди президент Доналд Трамп қўлида. Бу ҳақда масалага яқин уч нафар АҚШ расмийсига таяниб CNN нашри хабар бермоқда.
Зеленский анча вақтдан буён Россия ҳудудининг ичкарисидаги нефт ва энергетика объектларини уриш учун ушбу ракеталарни сўраб келган. Tomahawk ракеталарининг учиш масофаси тахминан 1 600 кмни ташкил этади.
Европа Иттифоқидаги иттифоқчилар энди АҚШда «бермаслик учун сабаб қолмади» деб ҳисобламоқда. Оқ уй ҳам, Пентагон ҳам бу масалада изоҳ бермаган.
Манбаларга кўра, Трамп ракеталарни бутунлай рўйхатдан ўчирмаган — зарурат туғилса, уларни тезда Украинага етказиш режаси ишлаб чиқилган.
Пентагон ракета захиралари борасида хавотир билдирмаган бўлса-да, АҚШ мудофаа расмийлари ҳали ҳам Украина бу ракеталардан қандай ўқ узиши ва бошқариши масаласида аниқ қарорга келмаган.
Tomahawkʼлар одатда кема ёки сувости кемаларидан учирилади, лекин Украина денгиз флоти деярли йўқ қилинган. Шу боис уларни ер устидан учиришга тўғри келади. АҚШ денгиз пиёдалари ва армияси томонидан ишлаб чиқилган ерга ўрнатиладиган учиргичлар мавжуд — уларни Украинага бериш вариант сифатида кўриб чиқилмоқда.
Европалик амалдорларнинг фикрича, агар АҚШ учиргичларни бермаса ҳам, Украина ўзи техник ечим топа олади. Бир расмий мисол келтирди: «украиналик муҳандислар Британия берган Storm Shadow ракеталарини эскирган совет самолётларига мослаштиришга муваффақ бўлган эди — шундай йўл бу сафар ҳам топилади».
Танзаниядаги норозиликлар чоғида 700 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
Танзанияда уч кун давом этган сайлов норозиликлари вақтида тахминан 700 киши ҳалок бўлган, бу ҳақда мамлакатдаги асосий мухолиф партия Чадема маълум қилди.
Намойишлар сайлов куни — муҳим номзодлар президентлик бюллетенидан чиқариб ташлангани ортидан мухолифат овозини бўғишга қарши норозилик сифатида бошланди.
«Ҳозирча ўлимлар сони Дарус-Саламда 350 атрофида, Мванзада эса 200 дан ошиқ. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги рақамларни қўшсак, умумий ҳисоб 700 атрофида», — деди Чадема мухолиф партияси матбуот котиби Жон Китока AFPʼга берган интервюсида.
Унинг айтишича, бу рақам янада юқори бўлиши мумкин, чунки чоршанбадан бошлаб тунги комендантлик соати жорий этилган ва ўлдиришлар айнан шу пайтда содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Мамлакатдаги хавфсизлик манбаси ҳам AFP'га «500 дан ортиқ, эҳтимол 700–800 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин», деган. Amnesty International эса камида 100 киши ўлдирилгани ҳақида маълумот олганини билдирди.
Китоканинг сўзларига кўра, партия фаоллари ушбу маълумотларни касалхоналар ва шифокор пунктларига бориб, «жасадларни санаш» йўли билан тўплаган. У ҳукуматни «намойишчиларни ўлдиришни тўхтатишга» чақирди ва эркин, адолатли сайловларга замин яратиш учун ўтиш даври ҳукумати тузилишини талаб қилди:
«Полиция зўравонлигини тўхтатинг. Халқ иродасига — адолатли сайловларга ҳурмат билан ёндашинг», деди у.
Танзанияликлар чоршанба куни ўтган сайловда президент Самиа Сулуҳу Ҳассаннинг мамлакат устидан назоратини кучайтиришини кутаётган эди. Сайловдан олдин мухолиф фаолларга нисбатан репрессия кучайди, асосий рақиблар эса мусобақадан четлаштирилди.
Суданда даҳшатли қирғин
2025 йил октябр ойи охирида Суданда ҳукумат армиясига қарши турган «Тезкор ҳаракат кучлари» ҳарбийлашган гуруҳи Ал-Фашир шаҳрини эгаллаб олди. Бир неча кун ўтгач, ҳуқуқ ҳимоячилари Ал-Фаширнинг асосий шифохонаси ҳисобланган Саудия касалхонасида бир неча юз киши ўлдирилгани ҳақида хабар берди.
«Судан шифокорлар тармоғи» нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари касалхонада бўлганларнинг барчасини, жумладан, беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилган одамларни «совуққонлик билан ўлдирган».
Бундан ташқари, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари олти нафар тиббиёт ходимини – тўрт нафар шифокор, фармацевт ва ҳамширани ўғирлашда айбланган. «Судан шифокорлар тармоғи» уларни озод қилиш учун 150 минг доллардан ортиқ товон пули талаб этилаётганини маълум қилди. Ташкилот қурбонлар сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмас – аммо шаҳар эгаллангач, ўз тиббиёт муассасалари «қассобхоналарга айлангани»ни таъкидлади.
Ижтимоий тармоқларда «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари қуролсиз кишиларни ўлдираётгани акс этган видеоёзувлар тарқалган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг айтишича, Судандаги тиббиёт муассасаларига 185 та ҳужум қайд этилган. Натижада 2023 йилда бошланган фуқаролик уруши даврида 1204 киши ҳалок бўлган ва яна 416 киши жароҳатланган.
Туркиядаги ёнғин иши бўйича суд якунланди
Туркиянинг Болу вилоятида Grand Kartal меҳмонхонасида 78 кишининг ўлимига сабаб бўлган ёнғин бўйича суд жараёни якунланди. 32 айбланувчидан 11 нафари, жумладан, меҳмонхона эгаси Холит Эргюл умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Суд ҳайъати хулосасига кўра, асосий айбланувчилар — ҳалок бўлган 34 нафар бола учун 34 та умрбод қамоқ жазосига, шунингдек, фожианинг бошқа қурбонлари учун 44 та муддатга озодликдан маҳрум этилди. Уларга нисбатан ҳеч қандай енгиллик қўлланмади.
Бундан ташқари, Болу шаҳри мэри ўринбосари ва маҳаллий ўт ўчириш хизмати бошлиғи ўринбосари ҳам оғир жазо олди.
Асосий айбловлар қаторида қасддан одам ўлдириш, шу жумладан, болани ёки ўзини ҳимоя қилиш қобилиятига эга бўлмаган шахсни ўлдириш, шунингдек, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан оғир шикаст етказиш каби моддалар келтирилган.
Судланувчиларнинг адвокатлари ҳукмдан норози бўлиб, ўз мижозларини оқлашни талаб этишини маълум қилди.
Grand Kartal меҳмонхонасидаги ёнғин шу йил 21 январга ўтар кечаси ресторан қисмида содир бўлди. Ўт ўчирувчилар чақирувдан 40-45 дақиқа ўтиб етиб келган, бироқ бино конструкцияси ёғоч бўлгани учун ёнғин жуда тез тарқалган. Оқибатда 78 киши ҳалок бўлди, яна 133 киши яраланган эди.
Космосдаги рақобат
Хитойнинг «Shenjou-21» космик кемаси ва экипажи 31 октябр куни Long-March-2F ракетаси ёрдамида учирилди. Бу 2022 йилда қуриб битказилган Хитойнинг доимий яшовчи космик станциясига юборилган еттинчи миссия ҳисобланади.
Хитойнинг «Shenjou-21» дастури доирасидаги миссиялар одатда уч кишилик экипажларни ўз ичига олади, улар олти ой давомида космосда бўлади. Хитойда тажрибали астронавтлар тобора ёшлар билан алмаштирилмоқда. Хусусан, охирги кемада биринчи марта учаётган 32 ва 39 ёшли астронавтлар бор.
«Shenjou-21» экипажига, шунингдек, тўртта қора сичқон ҳамроҳлик қилмоқда. Хитой космик станциясига юборилган биринчи майда сутэмизувчилар – Ер орбитасида кўпайиш жараёнини ўрганиш бўйича тажрибалар учун ишлатилади.
Хитойнинг тезкор ютуқлари Вашингтонни ташвишга солган. АҚШ ҳозир Ойга астронавт юбориш бўйича Хитойдан олдин етиб боришга уринмоқда. Ҳар икки давлат ҳам фазовий тадқиқотларда ўз иттифоқларини шакллантирмоқда:
- АҚШ Ой тадқиқотлари бўйича Артемис битимларини илгари сурмоқда;
- Хитой ва Россия эса Халқаро Ой тадқиқот станцияси ташаббусига раҳбарлик қилмоқда.
Мавзуга оид
14:06
Европалик сиёсатчиларни ҳақорат қилган Путин, Исроил-Миср газ келишуви ва АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджети – кун дайжести
14:48 / 17.12.2025
Венесуэла танкерларига жорий қилинган блокада, Покистон олдидаги «синов» ва АҚШга фуқаролари кириши тақиқланган 35 давлат – кун дайжести
13:53 / 16.12.2025
Россия сувости кемасини йўқ қилган Украина, Марокашдаги сув тошқинлари ва Нетаняҳудан норози Трамп – кун дайжести
15:20 / 15.12.2025