Жаҳон | 15:20
1279
9 дақиқада ўқилади

Сиднейда йирик отишма, Ҳамас амалдорини ўлдирган Исроил, Суданда ҳалок бўлган БМТ тинчликпарварлари ва Чилида янги президент – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сиднейда отишма

14 декабр, якшанба куни Австралиянинг Сидней шаҳридаги Бонди пляжида отишма юз берди. Гувоҳларнинг айтишича, қора кийинган икки шахс пиёдалар кўпригида турган ҳолда пляждагиларни ўққа тутган.

Отишма яҳудийларнинг диний байрами ҳисобланган Ханукининг илк кунида рўй берди. Мамлакатда сўнгги 30 йилликдаги энг йирик қуролли зўравонлик вақтида қурбонлар сони 16 кишига етди. Қурбонларнинг ёши 10 дан 87 ёшгача. Полиция маълумотига кўра, ҳужум оқибатида жароҳатланган 40 киши ҳануз шифохонада қолмоқда.

Ҳужумда гумон қилинаётган икки нафар шахс эса ота ва ўғил бўлган. 50 ёшли ота воқеа жойида ўлдирилган. Унинг 24 ёшли ўғли эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Маҳаллий ОАВлар уларни мос равишда Сажид Акрам ва Навед Акрам деб таништирди.

Ички ишлар вазири Тони Беркнинг айтишича, ота 1998 йилда Австралияга талабалик визаси билан келган, ўғли эса Австралияда туғилган фуқаро ҳисобланади. Полиция қуроллар тафсилотини ошкор қилмади.

Ҳужум вақтида қуролланган шахсни йиқитиб, қуролсизлантирган тасодифий гувоҳ — 43 ёшли Аҳмед ал Аҳмеднинг видеотасвири тармоқларда кенг тарқалди. У одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамон сифатида эътироф этилмоқда.

У икки марта ўқ еб, жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Душанба куни тушдан кейинга қадар ушбу эркак учун очилган хайрия саҳифасида 233 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағ тўпланди.

Австралия расмийлари ва Ғарб ОАВлари бу ҳужумни антисемитизм ҳаракати дея баҳоламоқда.

Чилида янги президент сайланди

Чилида бўлиб ўтган президентлик сайловида ўта ўнг қанот сиёсатчиси Хосе Антонио Каст мамлакатнинг навбатдаги президенти этиб сайланди. Сайлов кампанияси асосан хавфсизлик, иммиграция ва жиноятчилик мавзулари билан кечди.

Каст президентликка учинчи бор номзодини қўйган ҳолда овозларнинг 58 фоизидан ортиғини олган. У ҳукмрон чап қанот коалициянинг номзоди, Коммунистик партия аъзоси Жеаннетте Жарани мағлуб этди.

Каст АҚШ президенти Доналд Трампга мухлис бўлиб, у билан яқин иттифоқчи бўлиши мумкин. Унинг сиёсати АҚШ президентиники билан ҳамоҳанг: чегарадаги назорати суст ҳудудда девор қуриш, асосан Венесуэладан келган ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилишга ваъда берган.

BBC нашрининг ёзишича, бу — Чили тарихида овоз бериш мажбурий ва рўйхатдан ўтиш автоматик бўлган биринчи президентлик сайлови бўлди.

Кўпчилик таҳлилчилар Кастнинг ғалабаси — Чилининг ўта ўнг қанот ўтмишга, диктатурага қайтиш белгиси бўлишидан хавотирда. Бироқ айримлар Каст ваъда қилган ишларнинг барчасини амалга ошира олишига шубҳа билан қарайди.

Хосе Антонио Каст 2026 йил 11 март куни расман лавозимига киришади.

Ҳамас етакчиларидан бири ўлдирилди

Шанба куни Ҳамаснинг юқори мартабали қўмондони Раэд Саид ва у билан бирга ҳалок бўлган яна уч нафар ҳамроҳи дафн қилинди. Ғазо шаҳри марказидаги ушбу маросим — сулҳ келишуви кучга кирганидан буён Ҳамас ўз мавжудлигини намойиш этган энг йирик тадбир бўлди.

Ҳамас бош музокарачиси Халил ал-Ҳайя Саиднинг ўлдирилганини тасдиқлади ва бу ҳужумлар сулҳни хавф остида қолдираётганини айтди.

"Биз воситачиларни, айниқса асосий кафолат берувчи сифатида – АҚШ маъмурияти ва президент Доналд Трампни Исроилни сулҳга риоя қилишга мажбур этиш устида ишлашга чақирамиз», деди ал-Ҳайя.

Ҳамаснинг қуролли қаноти эса якшанба куни кечқурун бу лавозимга янги шахс тайинланганини ва ҳаракат «ўз йўли»дан қайтмаслигини таъкидлади.

Исроил 2024 йилда Ҳамас раҳбари Яҳё Синварни ўлдирганидан буён ҳаракат умумий етакчини расман эълон қилмаган. Шундан бери гуруҳ беш кишидан иборат юқори раҳбарият кенгаши томонидан бошқарилаётгани айтилади.

Томонлар кейинги босқичлар бўйича ҳали келишувга эришгани йўқ.

Келишувга кўра, тинчликни сақлашда ёрдам бериш учун БМТ ваколати остидаги Халқаро барқарорлаштириш кучлари жойлаштирилиши кўзда тутилган. Ҳамас музокарачиси ал-Ҳайянинг айтишича, бу кучлар фақат Ғазо чегаралари билан чекланиб, ҳудуд ичига киритилмаслиги керак.

Суданда БМТ аскарлари ҳалок бўлди

Шанба куни Суданда БМТ базасига қилинган дрон ҳужуми оқибатида олти нафар тинчликпарвар аскарлар ҳалок бўлди, яна саккиз нафари яраланди. БМТ бош котиби Антониу Гутерришга кўра, тинчликпарвар аскарлар Бангладеш фуқаролари бўлган.

Дрон зарбаси Жанубий Кордофан штати, Кадугли шаҳрида жойлашган БМТнинг Муваққат хавфсизлик кучлари логистика лагерига берилган. Гутерриш ушбу «асоссиз» ҳужумни кескин қоралаб, бундай ҳаракатлар «халқаро ҳуқуқ доирасида уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкинлигини» айтди.

Бангладешнинг муваққат раҳбари Муҳаммад Юнус баёнотида ҳужумдан «чуқур қайғуда» эканини билдириб, БМТни бангладешлик ҳарбий ходимларга зудлик билан фавқулодда ёрдам кўрсатишга чақирди.

Шунингдек, Бангладеш армияси ҳудуддаги «вазият ҳануз беқарор экани ва террорчилар билан тўқнашувлар давом этаётганини» маълум қилди.

Судан ҳукумати ва ҳарбийлари ҳужум учун ҳарбийлашган «Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари»ни (РСФ) айблади. Ушбу гуруҳ эса айбловларни «асоссиз ва ёлғон» дея рад этди.

Судан 2023 йил апрелидан буён ҳарбийлар ва РСФ гуруҳлари ўртасидаги фуқаролар уруши оқибатида вайрон бўлиб келмоқда. Ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди, айрим ҳудудлар очарчилик ёқасига келиб қолди. Урушни тўхтатишга қаратилган уринишлар ҳозирча самара бермаяпти.

Украинадаги уруш

Украина президенти Володимир Зеленский якшанба куни Германияда АҚШ президентининг музокарачилари билан учрашди.

У учрашув олдидан, агар тинчлик битими тузилса ва АҚШ кучли хавфсизлик кафолатларини берса, Украина ҳозирча НАТОга аъзо бўлиш ниятидан воз кечишга тайёрлигини айтди. Бироқ Зеленский ҳозир ўз назоратида бўлган ҳудудлардан воз кечишни истамаслигини ҳам қайта таъкидлади.

Зеленский офиси маълумотига кўра, учрашув беш соатдан ортиқ бўлган ва душанба куни ҳам давом эттирилади.

«Менинг фикримча, энг муҳими — режа имкон қадар адолатли бўлиши керак. Аввало Украина учун, чунки бу урушни Россия бошлаган», — деди Зеленский учрашувлар олдидан.

Шунингдек, у Украина таклиф қилган вариант бўйича америкалик вакиллардан ҳали жавоб олмаганини айтди. Зеленский — Украина ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатишга ҳам тайёр эканини ҳам билдирди.

«Адолатли ва ишлайдиган вариант шуки: биз қаерда турган бўлсак, ўша ерда қоламиз», — деди Зеленский.

Сурияда АҚШ ҳарбийларига ҳужумда ёрдам берганлар ушланди

Сурия Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, АҚШ ва Сурия ҳарбийларига қарши уюштирилган отишмага алоқадорликда гумон қилинаётган беш нафар шахс ҳибсга олинган ва сўроқ учун топширилган.

13 декабрда, Палмирадаги ўша ҳужумда АҚШ армиясининг икки нафар аскари ва таржимон ҳалок бўлганди. Ҳужумчи америкалик ва суриялик кучлар карвонини нишонга олган, кейинчалик ўзи ҳам отиб ўлдирилган. Сурия Ички ишлар вазирлиги уни «Сурия хавфсизлик кучлари аъзоси бўлган ва «ИШИД»га хайрихоҳлик бўлишда гумон қилинган шахс» сифатида таърифлади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Сурия ташқи ишлар вазири Асад ал-Шайбоний билан ҳужум масаласини муҳокама қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса ушбу ҳужумни содир қилганлар кескин жазоланишини ваъда қилди.

Сўнгги ойларда АҚШ етакчилигидаги коалиция Сурияда «ИШИД» гумонланувчиларига қарши ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги амалиётларни амалга ошириб келмоқда. Бу операцияларда кўпинча Сурия хавфсизлик кучлари ҳам иштирок этган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид