Жамият | 09:44 / 03.08.2019
16513
9 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчиларнинг рулда ухлаб қолиши бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Назорат ҳақида масъуллар нима дейди?

Фото: Shutterstock

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 1,35 миллион киши йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлади.

Эътиборли жиҳати, ЙТҲларнинг аксар қисми ўрта ва кам даромадли давлатлар ҳиссасига тўғри келади. 

Ҳеч ким бахтсиз ҳодисаларга йўлиқмасликдан кафолатланмаган

Ривожланган давлатлардан бири – АҚШ мисолида фактларни таҳлил қиладиган бўлсак, бу ерда ҳам аҳвол ҳавас қиларли даражада эмаслигини кўриш мумкин:

- Ҳар йили АҚШда 40 мингта йўл транспорт ҳодисаси содир бўлади;

- Ҳар куни ўртача 90 нафар америкалик ЙТҲ оқибатида вафот этади;

- ЙТҲ туфайли йилига ўртача 2 миллион ҳайдовчи жароҳат олади (тахминан 220 миллион нафардан кўпроқ одамда ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд);

- 16-20 ёшли ҳайдовчилар сони билан қўшиб ҳисоблаганда йилига қарийб 8 минг одам ЙТҲ қурбони бўлади;

- Бир йиллик транспорт билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар АҚШга ўртача 871 миллиард долларга тушади.

Ноўрин уйқунинг товони қиммат бўлади

Транспорт билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг сабаблари турлича. Баъзан ҳайдовчи тезликни оширгани ёки телефондан фойдалангани туфайли, баъзан турли ташқи таъсирлар туфайли. Бу «баъзанлар»ни кўп давом эттириш мумкин. Лекин яна битта сабабни эсдан чиқармаслик зарур: ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ёки уйқусираши, ҳорғинлиги

АҚШда ўтказилган сўровномада иштирок этган ҳайдовчиларнинг тахминан ярми рулда ўтирганда эснаш одати борлигини тан олган. 20 фоизи ўтган йили транспортни бошқараётиб бир марта бўлса-да, уйқусираганини, 40 фоиз ҳайдовчи эса бу ҳолат ўз фаолияти давомида ҳеч бўлмаса 1 марта содир бўлганини тан олган.

Рулда уйқусираш хавфли спиртли ичимлик истеъмол қилиб машина бошқариш билан тенг бўлади. Масалан, 20 соат уйқусиз автомобиль ҳайдаётган одам қонида 0,8 фоиз алкоголь мавжуд бўлиши даражасида диққатни йўқотади. Ёки кучли чарчоқ ичидаги инсон бахтсиз ҳодисага учраш эҳтимоли 3 баравар кўп бўлади, деб ёзади NSC нашри.

Шунингдек, ҳар йили 100 минг ЙТҲ уйқусираш туфайли содир бўлади. Оқибатда, 71 минг одам жароҳатланиши, 1 минг 550 киши ўлими қайд этилади. Гарчи, бу барча ҳайдовчиларнинг муаммоси бўлса-да, уйқусираш билан боғлиқ ҳолатлар, асосан, 25 ёшдан катта ҳайдовчилар билан содир бўлади.

7 соатдан кам ухлаш, уйқу пайтида доимий йўлда бўлиш, мураккаб жадвал асосида ҳаракатланиш, турли уйқусизлик касалликларига чалиниш, тунги пайт ишлаш натижасида:

- Доимий эснаш;

- Охирги босиб ўтилган масофани эслай олмаслик;

- Йўл белгиларини ўтказиб юбориш;

- Тезликни меъёрда сақлай олмаслик каби ҳолатлар кўпчиликнинг ЙТҲдан азият чекишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда содир бўлган ЙТҲлар рақамларда

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2018 йил биринчи ярим йиллигида 3181та ЙТҲ содир этилган бўлиб, оқибатда 871 киши ҳаётдан кўз юмган, 2 368 киши жароҳатланган.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида эса 2406та ЙТҲ содир бўлган, ушбу ҳодисаларда 777 киши вафот этган, 1 787 нафар киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

777 нафар инсон ўлимига сабаб бўлган ЙТҲларнинг асосий сабабчиси сифатида эса ҳайдовчиларнинг ўзи (87 фоиз ҳолатда улар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши туфайли) қайд этилган.

Чарчоқ ва бетоб ҳолда машина бошқариш тақиқланади

ЙТҲлар содир бўлиши омилларига чарчоқ ва ҳорғинлик туфайли ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Масалан, шу кунларда Тошкент вилоятида ҳайдовчи ухлаб қолгани туфайли содир бўлган ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва йўловчилар воқеа жойида вафот этди.

Аслида, 2015 йил 24 декабрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 12-бандига кўра, ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида транспорт воситасини бошқариши тақиқланади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида транспорт воситаси бошқарилиши «Йўл ҳаракати қоидалари»ни бузиш ҳисобланади ва бунинг оқибатида ЙТҲ содир бўлганда тегишли тартибда суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилиб, натижалари бўйича ҳайдовчи маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

1 сентябрдан – 12 соатлик мажбурий дам олиш вақти белгиланган

Гарчи жавобгарлик белгиланган бўлса-да, кўпроқ пул топиш учун дам олмасдан узоқ масофага узлуксиз қатновчи ҳайдовчиларни кўпчилик кузатган бўлса керак. Бу каби муаммоларнинг босқичма-босқич олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 22 майда «Йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида айрим муҳим нарсаларни белгилаб берди.

Унга кўра, 2019 йил 1 сентябрдан вилоятлараро, шаҳарлараро, халқаро ва туристик йўналишлар бўйича автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия битимларида лицензиатнинг автобусларни ҳайдовчининг толиққанлигини назорат қилиш қурилмалари билан таъминлаш мажбуриятини назарда тутиш, шунингдек, сменалар ўртасидаги дам олиш 12 соатдан камни ташкил этган автобуслар ҳайдовчиларининг сафарга чиқишига йўл қўйилмаслиги бўйича вазифа юклатилган.

Йўл варақасини олмасдан йўлга чиқиш қатъиян тақиқланади

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, иш тартиби бўйича йўловчи ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларнинг ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда тегишли лицензия карточкасига ҳамда йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилгани тўғрисида белгилар қўйилган йўл варақасига эга бўлиши керак.

Юқоридаги йўл варақасининг назорати Транспорт вазирлиги ҳудудий бошқармаларининг Автомобилда ташувлар хавфсизлиги юзасидан назорат қилиш бўлимлари инспекторлари томонидан текширилади. Шунингдек, йўловчиларнинг ҳам машина ҳолатининг яхшилигини кўрсатувчи техник, ҳайдовчи аҳволини тасдиқловчи тиббий маълумотнома – йўл варақасини талаб қилишга ҳаққи бор. Бу ҳужжат тўлиқ хавфсизлик гарови бўлмаса-да, кўнгил хотиржам йўлга чиқиш имконини беради.

«Ҳар куни тиббий кўрикдан ўтамиз»

Ушбу мавзу юзасидан бевосита ҳайдовчиларнинг ўзи билан мулоқот қилиш мақсадида Тошкент автовокзали ёнидаги транспорт тураргоҳида бир гуруҳ ҳайдовчиларнинг фикрлари ўрганилди. Уларга  «Сизнингча, айнан қайси ҳолат ҳайдовчини рулда уйқусирашга мажбур қилади?», «Аслида, нормал ҳолатда одам неча соат автомобилда йўл боса олади?» каби саволлар билан мурожаат қилинди.

«Бир мартада чарчамасдан узоғи билан 5 соат ёки ундан сал кўпроқ вақт транспортни бошқариш мумкин. Лицензияли такси бўлганимиз учун бу каби муаммолар бизда йўқ. Чунки ҳар куни эрталаб ташкилотимизда йўлга чиқишдан олдин машинани техник кўрикдан, ҳайдовчиларни эса тиббий кўрикдан ўтказишади. Бунинг учун алоҳида тиббий пункт фаолият юритади. Дўстлик туманидан Тошкент шаҳрига йўлланмани олиб, кунига фақат 1 рейс такси қиламан. Постларда, албатта, йўлланмани сўрашади», дейди «Жаҳонгир-Камол трансавто» қўшма корхонаси ҳайдовчиси Бердимурод Эшмуродов.

Унинг айтишича, йўловчиларнинг огоҳлигини ҳам етарли даражада деб бўлмайди. Масалан, тиббий ва техник кўрик йўлланмасини сўраш мумкинлиги ҳақида кўпчилик одамнинг хабари йўқ.

Айрим ҳайдовчилар ўртача 8 соат чарчамасдан машина ҳайдаш мумкин деган жавобни берди. Лекин улар ўзлари тан олишича, агар йўловчи топилиб қоладиган бўлса, яна 5-6 соатлик масофага дам олмасдан йўлга чиқишлари мумкин. Фақат оралиқ муддат – транспорт тўхташ жойидаги 2 ёки ундан кўпроқ соатли навбат кутиш жараёнида мизғиб олиш имкони мавжуд.

«6 соатгача уйқусирамасдан йўл босиш мумкин. Ундан уёғига ҳар қанақа тетик одам ҳам транспортни бошқаришга қийналади. Шунинг учун ҳам ЙТҲлар содир бўлиши кўпаймоқда», дейди Москва-Петербург-Тошкент йўналиши ҳайдовчиси Сирож Омонов.

Бундан ташқари, айрим ҳайдовчиларнинг фикрича, одам қанча ёш бўлса, шунча тетик ҳайдаши имкони бор. Масалан, соғлом ва бақувват организм 10 соат, ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақт рулни бошқариши мумкин.

Қайд этиш жоизки, доимий тиббий кўрикдан ўтиб, йўлланма билан рулга ўтирадиган ҳайдовчилар қаторида лицензиясизлари ҳам учрайди. Уларнинг тиббий ҳолатига эътибор бериш ва ҳатто йўлланмани сўраш ҳам йўловчининг ўзига ҳам боғлиқ бўлиб қолади. Чунки огоҳлик билан уйқу ғафлатида содир бўлиши мумкин бўлган ЙТҲлардан қанчасининг олдини олиши мумкин.

Демак, йўловчилар, ҳайдовчиларнинг тиббий ҳолатига қараб, хизматидан фойдаланишдан тортинманг. Эътиборлилигингиз сизни 777талик рўйхатга киришдан асрайди.

Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид