Ўзбекистон | 16:29 / 18.08.2021
13647
3 дақиқада ўқилади

Халқаро фан олимпиадалари совриндорлари ва уларнинг ўқитувчилари тақдирланди

Нуфузли фан олимпиадаларида совриндор бўлган ўқувчилар 49 млн сўмдан 122,5 млн сўмгача, уларнинг ўқитувчилари 36,8 млн сўмдан 110 млн сўмгача миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланди.

Шу йилнинг июль-август ойларида ўтказилган халқаро фан олимпиадаларида ўзбекистонлик ўқувчилар жами 10та (3та олтин, 2та кумуш ва 5та бронза) медал қўлга киритганди.

Кеча, 17 август куни Тошкент шаҳрида олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда иштирок этган бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ўзбек спортчилари Токиода ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этгани ҳамда шу каби ютуқлар нуфузли фан олимпиадаларида ҳам давом этгани ҳақида гапирди.

“Бугунги қаҳрамонларимиз математика, биология, физика ва кимё фанлари бўйича дунёнинг энг нуфузли олимпиадаларида жами 10та медал жамғаришди. 2020 йилда эса биз 6та медал олгандик. Хурсанд бўладиганимиз – бизда натижалар ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан ошиб боряпти”, – деди у.

Маросимда математика (IMO), физика (IphO), кимё (IChO), биология (IBO), информатика (IOI) фанлари бўйича халқаро нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланди.

1-ўрин (олтин медал) учун – ўқувчига 122.5 млн сўм, ўқитувчисига – 110,25 млн сўм;

2-ўрин (кумуш медал) учун – ўқувчига 73.5 млн сўм, ўқитувчисига – 61,25 млн сўм;

3-ўрин (бронза медал) учун – ўқувчига 49 млн сўм, ўқитувчисига – 36,75 млн сўмлик сертификатлар топширилди.

Нуфузли халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, июль-август ойларида ўтказилган халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон номидан қатнашган қуйидаги ўқувчилар совриндор бўлган:

Японияда ўтказилган 53-Халқаро кимё олимпиадасида:

Собиржон Аманов — Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси, олтин медал;

Фирдавс Собиров — Бухоро шаҳри 35-мактаб ўқувчиси, бронза медал;

Дурдона Мухторхўжаева — Ибн Сино мактаби ўқувчиси, бронза медал;

Икромиддин Боймаҳаммадов — Ибн Сино мактаби ўқувчиси, бронза медал.

Россия Федерациясида ўтказилган 62-Халқаро математика олимпиадасида:

Диёрбек Толипов — Бухоро вилояти Ғиждувон тумани

5-ихтисослашган математика мактаби ўқувчиси, кумуш медал;

Олимжон Олимов — Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси бронза медалга сазовор бўлди.

Маълумот учун, юртимиз ўқувчилари мазкур олимпиадада сўнгги бор 2017 йилда кумуш медални қўлга киритган.

Португалияда бўлиб ўтган 32-Халқаро биология олимпиадасида:

Хумоюн Норбеков — Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицей ўқувчиси, олтин медал;

Азиза Абдувалиева — Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси, олтин медал;

Ёрқинбек Турдибоев — Навоий вилояти Навоий шаҳри

11-ихтисослашган кимё-биология мактаби ўқувчиси, кумуш медал олди.

Халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар 2019 йилда қабул қилинган президент қарорига асосан тақдирлаб келинмоқда.

Мавзуга оид